Шошилинч! Варақа тарқатганликда айбланган Умида Узоқова қамоқдан чиқарилди
ЎзА томонидан "эктремист" тамғаси урилган Умида Узоқова 30 ноябр куни Шайхонтоҳур туман маҳамаси томонидан уй қамоғига ўтказилди.
Адвокат унга нисбатан "Ҳизбут таҳрир" варақаларини тарқатиш айби қўйилмаётганини билдирди. Яқинлари Умидани даҳшатли қийноқларга тутилганини айтишганди.
16 ноябрда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ушлаб кетилган ва яқинларига нима сабабдан ушлангани айтилмаган 7 кишидан яна иккитаси 35 яшар Оятулла Усмонов ҳамда 23 ёшли Насрулло Аъзамов 1 декабр куни қамоқдан озод қилинди.
Олдинроқ Умида Узоқованинг турмуш ўртоғи Нодир ҳибсдан озод қилинганди.
Терроризмга қарши курашиши бошқармаси томонидан қўлга олинган 7 кишидан 3 киши ҳамон ҳибсда сақланмоқда.
Давлат томонидан тайинланган адвокат Рустам Раҳматуллаевнинг Би-би-сига айтишича, Умида Узоқованинг вояга етмаган болалари борлиги ва бир оиладан 3 кишининг ҳибс олиниши сабаб унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси сифатида кўрилди.
Давлат томонидан тайинланган адвокатнинг таъкидлашича, Умида Узоқовага нисбатан "Ҳизбут таҳир" ташкилоти варақаларини тарқатиш айби қўйилмаган.
"Варақа тарқатди деб айб қўйилмаган. ГУВД бунақа хабар ҳам чиқармаган. ЎзА да нима чиққан бўлса унга мен жавоб бермайман", дейди у.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев инсонларни қийноққа солиб олинган иқрорлик кўрсатмаларидан жиноят ишларида далил сифатида фойдаланишни тақиқлаган фармонни имзолаган.
"Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган фармон Ўзбекистон президентининг president.uz расмий веб-сайтида эълон қилинган.
Сурат Икромовнинг айтишича, фармондан сўнгги ўзгаришлар Тошкент ГУВДсидагиларнинг қўрқиб қолганидан дарак беради.
"Улар энди бизни ишдан бўшатиши мумкин деб қўрқиб кетишди. ГУВДдагилар қисқа вақтнинг ичида жавобгарликка тортилса керак. Чунки ҳибсга ушланганларнинг қийноққа учрагани ҳақида бизда ҳамма далиллар бор", дейди ҳуқуқбон.