Шошилинч хабар: Мирзиёев: Қийноқ қӯллаганлар жазоланади!
Президент Шавкат Мирзиёев тергов жараёнида қийноқ қўллаган шахслар, "ким бўлишидан қатъий назар, муқаррар жавобгарликка тортилишини айтган.
Бу ҳақда у 7 декабрь куни Констутициянинг 25 йиллигига бағишланган нутқида гапирган.
"Бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди.Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади", -деб айтган Президент.
Унинг сўзларига кўра, қийноққа солиш каби ноқонуний усулларни қўллашни қатъиян чеклаш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади.
"Энг муҳими, ноқонуний усуллар қўллаш тўғрисидаги биронта ҳам хабар эътиборсиз қолмаслиги шарт. Прокуратура органлари ҳар бир ҳолат бўйича чуқур текширув ўтказиб, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлайди", -деб айтган Президент.