Россиядаги меҳнат муҳожирлари 2,6 миллиард доллар пул жўнатган
Россия Марказий Банки 2017 йил январь-сентябрига оид рақамларни эълон қилган.
Жорий йилнинг уч чораги кўрсаткичлари орасида Россиядан ташқарига юборилган маблағлар ҳам бор.
Россия Марказий Банкига кўра, дастлабки 9 ой мобайнида Россиядан Ўзбекистонга жами 2 миллиард 636 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ юборилган.
Агар 2016 йилнинг 9 ойи рақамларига солиштирганда, ўзбекистонликларнинг ватанига пул жўнатмалари 2017 йилда 31 фоиз кўпайган.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 3 миллион 109341 Ўзбекистон фуқароси Россияда миграция рўйхатига олинган, 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик миграция рўйхатидан чиққан.
Бунга яна шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, ўзбекистонликлар ўз яқинларига юбораётган ҳамма пуллар ҳам банк статистикасидан ўтмайди: кимдир таниши орқали пулини бериб юборади, кимдир ўзи билан бирга олиб кетади, яна кимдир Россиядаги пулдорга пул беради, бу пулдорнинг Ўзбекистондаги яқинлари пулни эгасига етқазади.
Бу йил Ўзбекистон фуқароларининг Россияда ишлаши учун шароит олдинги йиллардагига нисбатан яхшиланди: марҳум президент Каримов ҳукмронлиги йилларида мигрантлар "дангаса" деб таърифланган, уларнинг муаммо ва қийинчиликларига давлат қизиқмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларининг Россияда қонуний ишлаб пул топишини Россия раҳбарияти билан муҳокама қилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларнинг Россиядаги бандлиги билан шуғуллана бошлади.