Андижонлик она Абдували қори билан йўқолган ўғлини излаб, Президентга арз қилди
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i27281-Андижонлик_она_Абдували_қори_билан_йўқолган_ўғлини_излаб_Президентга_арз_қилди
Андижонлик 80 яшар Мамлакатхон Маткаримова президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мактуб йўллаб, 22 йил муқаддам бедарак йўқолган ўғли Рамазон Маткаримовни топишда ёрдам беришни сўради
(last modified 2018-08-22T17:53:24+00:00 )
декабр 24, 2017 11:22 Asia/Tashkent
  • Рамазон Маткаримов
    Рамазон Маткаримов

Андижонлик 80 яшар Мамлакатхон Маткаримова президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мактуб йўллаб, 22 йил муқаддам бедарак йўқолган ўғли Рамазон Маткаримовни топишда ёрдам беришни сўради

 Маткаримов 1995 йил августида андижонлик таниқли имом Абдували Мирзаев билан Тошкент аэропортида текширувдан ўтгандан кейин ғойиб бўлгани айтилади.​

Онасининг ишонч билан айтишича, Рамазон Маткаримов 1995 йил 29 августида Москвада бўладиган исломий анжуманга андижонлик таниқли имом Абдували Мирзаев билан йўл олган ва Тошкент аэропортида текширувдан ўтгандан кейин ғойиб бўлган.

Мамлакатхон Маткаримованинг иддао қилишича, Рамазон Маткаримов “маъмурий орган ходимлари” томонидан ушланган.

“Москвага учиш учун рўйхатдан ва махсус кўрикдан ўтгандан сўнг, маъмурий орган ходимлари томонидан ушланган ва шу кунгачага ўғлимдан ҳеч қандай дарак йўқ“, деб ёзади Маткаримова.

 Рамазон Маткаримовнинг акаси Адҳам Маткаримов укаси ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўғирлаб кетилганини иддао қилди.

“Ушлаб, ҳеч ким билмайдиган ерга қамашган уни. У ёлғиз ўзи эмас-ку?!” дер экан, Адҳам Маткаримов укаси Рамазон Абдували қорига ҳамроҳлик қилгани учун ушланганини иддао қилди.

1950 йилда Андижонда туғилган Абдували Мирзаев шаҳардаги Жомеъ масжиди имоми сифатида 1990- йиллар бошида аввалига Андижон шаҳри, кейинчалик Фарғона водийсида танилган имомлардан бири эди.

Яқинларига кўра, Рамазон Маткаримов 1980- йилларда “Андижон-Москва” поезд йўналишида проводник бўлиб ишлаган, Совет Иттифоқи парчалангач, тижорат билан шуғулланган.

Унинг акаси Адҳам Маткаримовнинг айтишича, Рамазон Маткаримов 90- йиллар бошидан то изсиз йўқолгунга қадар Абдували Мирзаев имомлик қилган масжидга қатнаб юрган.

“Президент жаноблари, ўғлимизни озод қилишга ва қаердалигини билишга ёрдам беринг. Қамалган жойига бориб кўриб турсак ҳам, бизга етарли,” дея мурожаатига якун ясаган муштипар она.

Озодлик Рамазон Маткаримов ва Абдували Мирзаев 8174-рақами остида Россия Федерациясининг Федерал қидирувда бўлганлар рўйхатига киритилганини аниқлади.