Тошкентдан Чимкентга автобус 80 минг сўмдан ва ҳар соатда қатнайди
Тошкент ва Чимкент шаҳарлари ўртасида автобус қатновининг тақдимот рейси амалга оширилди. 8 январдан бошлаб икки шаҳар ўртасида ҳар соатда бир автобус қатнайди. Қарорга мувофиқ автобус йўловчилари чегара постидан навбатсиз ўтказилади.
Тошкентдан Чимкентга автобусда бориш йўловчилар учун 80 минг сўм ёки 10 долларга тушади.
Умумий узунлиги 145 чақирим бўлган масофа 3 соатда босиб ўтилиши режалаштирилган. Қатновлар техник тўхтовларсиз амалга оширилади.
Автобус ва йўловчилар "Ғишт кўприк" Ўзбекистон ҳамда "Жибек Жоли" (Қозоғистон) чегара назорат-ўтказиш нуқтаси орқали ўтказилади.
Ўзбекистон Вазирлар маҳкаси томонидан 2017 йил 21 декабрда чиқарилган қарорга мувофиқ мунтазам қатновчи автобуслар ва уларнинг йўловчилари ва юклари божхона ҳамда чегара паспорт назоратидан навбатдан ташқари ўтказилади. Автобус йўловчилари алоҳида йўлакдан ўтиши режалаштирилган.
Бу чегарадан ўтишни тезлатиши ва қулайлаштириши айтилмоқда.
Қатновлар ҳар куни тонгги соат 6:00 дан кечки 20:00 гача бир соат оралиғида амалга оширилиши кутилмоқда.
Журналистлар ва Ўзбекистон Автомобил ва дарё транспорти агентлиги раҳбарияти иштирокида 5 январ куни тақдимот қатнови амалга оширилган.
8 январ кунидан мунтазам қатнов йўлга қўйилиши режалаштирилган, Аввалига бир кунда 3 қатнов амалга оширилади. Йўловчиларнинг кўплигига қараб уларнинг сони орттирилиб борилаверади ва ҳар соатда битта автобусгача етиши мумкин.
Ислом Каримов бошқарган даврларда Ўзбекистони ва Қозоғистон чегарасидан ўтиш энг муаммоли ва кўплаб шикоятларга сабаб бўлган.
Қозоғистон парламенти ушбу масалани ҳукумат даражасида кўтариб, унга чегарадан ўтишда енгилликлар йўлини топишни сўраб сўровнома юборганди.
Бироқ Қозоғистон томонининг сайъ-ҳаракатларига қарамасдан чегарадан ўтишда енгилликлар яратилмай қолиб кетган.
Янги Президент Шавкат Мирзиёев лавозимга ўтириши арафасида ташқи сиёсатда афзалликни қўшнилар билан алоқаларни яхшилашга қаратишини маълум қилган.
Натижада Қозоғистон билан чегарада қўшимча чегара постлари очилди ва бир неча пост кечаю кундуз ишлаш тартибига ўтди.
Каримов даврида ёпилган Қозоғистон орқали ўтувчи М-39 трассаси қайта очилди.
Икки давлат ўртасида тез юрар поездлар қатнови йўлга қўйилди. Парвозлар сони орттирилди.