Фоҳишахона мижозларини ҳайдаган аёл калтаклаб ўлдирилди
(last modified Tue, 30 Jan 2018 17:59:42 GMT )
Январ 30, 2018 22:59 Asia/Tashkent
  • Суратда Т. Олтинова
    Суратда Т. Олтинова

Турғуной Олтинова 30 январь куни олган жароҳатидан оламдан ўтди.

Наманганда фоҳишахонага келганларни ҳайдагани учун калтакланган аёл бир ҳафта ўтиб касалхонада жон берди.

Гувоҳларнинг айтишича, 23 январь куни Наманган шаҳар 4-кичик ноҳия, 40-уйда яшовчи 52 ёшли Турғуной Олтинова ушбу уйда қонунга зид равишда ташкил этилган фоҳишахонага келган мижозларни ҳайдаб, милицияга шикоят қилмоқчи бўлган пайти калтакланган.

Номаълум шахслар тарафидан калтакланганидан сўнг, оғир аҳволда Наманган шаҳар касалхонасига ётқизилган Турғуной Олтинова 30 январь куни олган жароҳатидан оламдан ўтди.

Айни пайтда марҳуманинг қўшнилари шу пайтгача милиция фоҳишаларга қарши чора кўрмаганини айтиб, бунга норозилик билдиришди:

- Бу домда ёш болали оилалар бор. Шунга қарамай домни фоҳишахонага айлантириб қўйишган. Ярим яланғоч кийинган қизлар, уларни кетидан шубҳали эркаклар кириб кетади. Ҳар куни шундай. Турғуной опа ҳар доим бу ерда ёш болалилар бор, деб улар билан урушар эди. Охири уни тинчитишди. Нега милиция жим? Мана шу бизни ҳайрон қолдиради, - дейди марҳуманинг яна бир қўшниси.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Носир Зокир ўзи яшайдиган Наманган шаҳрида сўнгги йилларда “фоҳишахонага айлантирилган” квартиралар кўпайгани, фоҳишахона ташкил этган ёки қайдсиз турган одамлар эса маҳалла ва бошқа назорат идоралари учун қўшимча мўмай даромад манбаига айланиб қолганини айтади:

- 6-микрорайонда бир аёл фоҳишаларни қўйиш учун олтита подъезднинг биринчи қаватини сотиб олган. Етти йилдан бери (фоҳиша) қўйиб келган. Ичида Италияни қимматбаҳо мебеллари, биллур қандиллари бор. Ҳалигиларни қўйиб, миллион-миллион пул топган. Ўшани наҳотки ҳар бир одамни уйига ҳар куни текширишга кириб турадиган маҳалла ёки участка нозирлари билмайдими? Демак, ўша участкавойи ҳам маҳалласи ҳам шулардан улуш олади, индамайди, - дейди Носир Зокир.