ЖЧ-2018. Хорватия Нигерия устидан ишончли ғалабага эришди
Жаҳон чемпионатининг 1-туридан ўрин олган яна бир ўйин якунига етди.
Хорватия терма жамоаси Калининградда Нигерияга қарши баҳс олиб бориб, ишончли ғалабани қўлга киритди.
Таркибдаги футболчиларнинг маҳорати борасида устунликка эга бўлган европаликлар бутун учрашув давомида барқарор ўйин намойиш қилишди. Ўйиннинг 32-дақиқасида ҳисоб очилди. Модрич ўнг қанотдан етказган узатмани Манжукич бош билан дарвоза томон буришга ҳаракат қилди. Тўп эса нигериялик ҳимоячи Этебонинг оёғидан тўрга бориб тушди.
Баҳснинг 70-дақиқасида африкаликлар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бурчак тўпи ўйинга киритилган пайтда Эконг икки қўли билан Марио Манжукични қўли билан ушлаб йиқитди. Белгиланган 11 метрли жарима зарбасини Лука Модрич аниқ амалга ошириб, ҳисобни 2:0 кўринишга келтирди.
Бу баҳсда хорватлар йирик ҳисобда ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Матео Ковачич яккама-якка вазиятда Нигерия посбонини доғда қолдира олмади.
Мазкур ғалабадан кейин Хорватия терма жамоаси "D" гуруҳида пешқадам бўлиб олди.
ЖЧ-2018. "D" гуруҳи, 1-тур
Хорватия – Нигерия 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 32, автогол Этебо, 2:0 – 71, пенальти Модрич.
Хорватия – Субашич, Врсалько, Ловрен, Вида, Стринич, Ракитич, Модрич, Перишич, Крамарич (Брозович, 60), Ребич (Ковачич, 78), Манджукич (Пьяца, 86).
Нигерия – Узохо, Шеху, Трост-Эконг, Балогун, Идову, Ндиди, Этебо, Ивоби (Муса, 62), Оби Микел (Нванкво, 88), Мозес, Игало (Ихеаначо, 73).
Огоҳлантиришлар: Ракитич (30), Трост-Эконг (70), Брозович (89).