Рўмолли доктор...
Охирги бир-икки ой ичида энг кўп эшитган саволларим шулар бўлди.Парадокс, аҳолимизнинг аксар қисми мусулмонлардан иборатку, нега бизда бундай саволлар юзага келаяпти?
Нима учун рўмол ўраб олдингиз, кимдир оламдан ўтдими?
Бундай рўмол ўрашингизга нима сабаб бўлди?
Рўмол ўраб олибсиз, врачсиз, энди ишингиз нима бўлади?
Карьера қилаётган эдингиз, ТВ ва бошқа тадбирлар нима бўлади энди?
Шу ва шунга ўхшаш адоғи йўқ саволлар…
Охирги бир-икки ой ичида энг кўп эшитган саволларим шулар бўлди.Парадокс, аҳолимизнинг аксар қисми мусулмонлардан иборатку, нега бизда бундай саволлар юзага келаяпти?
Чет элда эканимда эса бунинг акси, яъни номусулмонлар (атеист, христиан, еврей) «Муслимамисан, нега унда рўмолинг йўқ?» деб сўрашганда, тўғриси уялган ва нима деб жавоб беришимга бошим қотган ва ноиложликдан жилмайиб қўя қолган эдим.
Намоз вақти эса, «мусулмонлар учун намоз вақти» дея эслатишарди. Ўзимизда эса мусулмонлар бўлишимизга қарамай, намоз вақтида йўқ бўлиб қолсанг, хайрон бўлишади. Ишда эканингда эса эшигингни тақиллатиб безовта қилишади. Биз киммиз ўзи? Мусулмонмизми? Нега унда шу каби саволлар, вазиятлар юзага келаяпти?
Хуллас, шу каби саволлар мени айнан бугун «бошимдаги рўмолим» тўғрисида ёзишимга сабаб бўлди. Савол эгаларига умумий жавобимни шу мақолам орқали баён қилгим келди руҳсатингиз билан. Зора шундан сўнг, менга бериладиган шу аснодаги саволлар камайса...
Хўш нега мен бугун рўмолдаман? Оламдан ўтганлар хам бор, аммо улар тириклигида хам мени рўмолим бошимда эди. Уларни охиратга риҳлат қилгани ва мени рўмолим орасида на корреляцион, ва на бошқа боғлиқлик бор, ишонинг.Рўмолдаман, врачман, каръерам яхши кетаётган эди, энди нима бўлади? Каръерам тўхтаб қолгани йўқ, рўмолда эканимдан буён ўзим ва оилам, асосийси ибодатим учун кўпроқ вақт ажрата олаётганимдан бениҳоят мамнунман. Аллоҳга шукур, рўмол ўраганимдан бери мен учун кайсидир эшиклар ёпилган бўлса-да, ундан-да яхшилари очилди, ишонинг. Очиладиган эшикларнинг энг аълоси, Жаннат эшиги очилиши муҳимроқ мен учун!Бир неча ТВ дастурларида эксперт-психотерапевт сифатида қатнашаётган эдим, энди-чи? Ишонинг, мен учун ТВ да чиқишдан кўра, намозимни вақтида ўқишим мухимроқ. Нариги дунёга мен қатнашган кўрсатувлар билан эмас, ибодатларим билан имтихон қилинаман. Билимим юзасидан тавсияларни бўлишадиган пайтим энди келганди. Сабаби тинмай малака оширдим, ўз устимда тухтамай ишладим, мевасини ейдиган пайтим йўқ бўлиб кўринмай қолибман. Аммо мен шу ердаман, рўмол мени бошимдаку, сиздами десам, рўмол кўзингизни тўсиб қўйганми десам? Фақат мени кўришни, уқишни истаганлар топиб ўқишади
.Рўмолимнинг асл сабабларига келсак, бу хақда хеч ёзишни ўйлаб кўрмаган эканман. Сабаби мен ёзмасам хам, бунинг сабаби аниқку, деб ўйлардим. Динимизда мени рўмолимни муҳокама қилишдан бошқа қанча илмга боғлиқ муаммолар бор, шуни муҳокама қилиш туғрироқ деб ўйлардим. Энди эса ёзишга қарор қилдим.Аввало Аллоҳ барча муслималар учун фарз қилиб қўйгани учунгина рўмолдаман! Хавотир олманг, мен яхшиман, оилам тинч. Бундай дейишимга сабаб, танишларим орасида «демак хаётида нимадир юз берганки, рўмолга кирибди» дейдиганлар хам топилмоқда. Бу саволингизга жавобни кечаги «Аёл» туғрисидаги мақоламдан топасиз, яъни буддизм динидаги «пуштиранг тилащин» эмасман.Куръон оятлари ва ҳадисларда муслиманинг либоси хақида жуда кўп ва хўб маълумотлар келтирилган бўлиб, бутун тана ва бошни ёпиш фарзлиги аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Менга шу саволни бераётганлар, сиз хам мен каби ғофил, кўзи юмуқ бўлманг! Аллох биз учун тайёр тушириб қўйган маълумотларни жилла қурса ўқийлик, балки мен каби кўзингиз кеч бўлса-да очилар! Мен муслиманми ўзи, нега унда очиқ либослар кийиб, ўзимни бегона эркакларга кўз-кўз қилиб юрибман деган савол туғилиб қолса!? Шуларга қарамай, айнан мен ва нима учун бошимда рўмолим энди бор эканини сабабларини қисқа айтиб ўтаман:
1-САБАБ. Одмилик - рўмол ўраб, кенг кийим кийганим учун «фигурам»ни кўз-кўз қилмайман, яъни камчилик ва устунликларим кенг кийим ичида билинмай кетади. Ва бу билан кўнглим ҳотиржам. Одамлар мени кийимим ёки соч турмагимга қараб эмас, айнан қилаётган ишларим, билдираётган фикрларимга қараб мен тўғримда хулоса чикаришлари учун яхши имконият.
2-САБАБ. Гўзаллик – Аллоҳ берган ҳусним ва лобарлигимни бегона кўзлардан асраб, фақатгина жуфти ҳалолим учун атайман, бу билан уларни хам кўнгиллари тўқ. Уйимда пардоз, истаганимча либос кийиб, кўчага одми кийиниб чиқишим уларни хам менга бўлган ишончларини мустаҳкамлайди. Бу эса мен учун жуда муҳим!
3-САБАБ. Иймонлилик – одми либос кийиб, бошимга рўмол ўраганимдан бери, жуда кўп асл мусусмонлар орасида ҳурмат қозондим. Бу кийимим билан асл муслимлагим билиниб турганидан хурсандман. Либосим ўзгарганидан бери, йўлимдаги автоҳайдовчилар менга йўл берадиган (илгари талашишарди), бино эшигини очиб берадиган (илгари очиб берган бўлсалар, фақат ортимдан қараш учун қилишарди назаримда), айниқса уйимдаги эркакларим (ўғилларим) мен билан фаҳрланадиган бўлишди! Бу мен учун асосийси, яъни кўчадаги эмас, уйимдаги эркакларим учун севимли бўлиш!
4-САБАБ. Мажбуриятлилик – рўмолим мени гавжум жойларда муслималигимни эслатиб туриб, шовқин солмай, демонстратив эмас, камтарона равишда иш кўришимга ёрдам бермоқда. Бу мени муслималигимни эслатиб турувчи либосим эканлигидан кўнглим тўқ!Бу мақолам билан бошқа аёлларни рўмол ўрашга чақирмоқчи ёки танқид қилиш фикридан йироқман! Ўзим танлаган йўл билан бўлишмоқчиман холос.Рўмолим, сабаблар, саволлар ва унга жавобларни ўзим ва яқинларим учун яна бир бор қайд килиб этиш насиб этганидан хурсандман!
Аллоҳга беадад шукур! Шу йулда танишган, дўстлашган яқинларимдан миннатдорман! Рўмолим каръерам ва омадимга фақат ёрдам беришига ишонаман!
Ҳурмат билан,
Гавҳар Тешабоева (рўмолли докторингиз)