июн 30, 2018 09:59 Asia/Tashkent
  • Даҳшат! Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти:  44000 ӯзбекистонлик ВИЧ вирусини юқтирган

Ўзбекистон Сенати раиси: "Чет элдан СПИД ва силни юқтириб қайтди"

Ўзбекистон Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошевнинг ҳисоботида айтилишича, 2018 йилнинг дастлабки 3 ойи мобайнида хорижий мамлакатлардан қайтган Ўзбекистон фуқаролари бир неча хил хасталикларни юқтириб қайтганлари аниқланган.

"... жорий йилнинг биринчи чорагида тиббий кўрикдан ўтказилганларнинг 162 нафарида ОИТС, 105 нафарида сил, 48 нафарида тери-таносил касалликлари ва 6.284 нафарида бошқа хасталиклар аниқланди", деб айтган жаноб Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида.

Сенат раиси чет элда бўлиб қайтган ҳаммани ҳам тиббий кўрикдан ўтказиш имконияти бўлмаганини эътироф этди.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтирганларнинг сони 44000 кишини ташкил этади.

Агар Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги маълумотларига таянилса, ҳар йили ВИЧ вирусини юқтирган ўзбекистонликларнинг сони 4000 ни ташкил этмоқда.

Расмийлар бундан олдин ҳам хориждан ВИЧ вирусини юқтириб келиш ҳоллари кўп эканини таъкидлаганлар.

2018 йил бошидан буён Ўзбекистонда 12200 инсон вирусли гепатитга, 5120 киши силга чалинган.

Оналар ва болалар ўлими кўрсаткчилари ҳам камаймаётганидан хавотир билдирган Сенат раиси.

"Жорий йилда оналар ўлими камаймагани, аксинча, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах, Хоразм, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида кўпайгани ачинарли ҳолдир. Гўдаклар ўлимининг Қашқадарёда 31 тага, Сурхондарёда 52тага кескин кўпайгани эса ғоят ташвишлидир", деган Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев.

Ялпи мажлисда қатор янги қонунлар қабул қилинди.

Ёрлиқ