70 яшар ўзбек Африка томини забт этди
(last modified Mon, 02 Jul 2018 05:31:05 GMT )
июл 02, 2018 10:31 Asia/Tashkent
  • 70 яшар ўзбек Африка томини забт этди

Ўзбекистонлик Тоиржон Алимов ва Даврон Нурбаев 6-14 июнь кунлари Танзаниянинг шимоли-шарқида жойлашган Килиманжаро тоғларига кўтарилишга муваффақ бўлишди.

Айни пайтда 70 ёшни қаршилаган Тоиржон ака Калининград давлат техника университетида таҳсил олган. 20 йил балиқчилик хўжалигида самарали меҳнат қилган. Талабалик кезларидаги орзуси 50 йил ўтиб уни Африка томон етаклади.

«Эрнест Ҳемингуэйнинг «Килиманжаро қорлари» деган асарини ўқиганимда илк бор хаёлимга келганди: Африкада қорли тоғлар бор экан, бориб кўриб келиш керак. Лекин тоғга чиқишга 3 йилча олдин қатъий қарор қилдим ва тайёргарликни бошладим», - дейди Тоиржон ака суҳбат давомида.

У баландлиги қарийб 6 минг метр бўлган Килиманжаро чўққисини забт этиш учун нафақат жисмонан, балки руҳан тайёр бўлиш муҳим омил эканини таъкидлаб ўтди.

8 кун давом этган чўққига кўтарилиш экскурсияси махсус кийим-бош ва асбоб-ускуналар ёрдамида амалга оширилган.

«Кучли хоҳиш ва ҳаракат билан ҳар қандай мақсадни амалга оширса бўлар экан. Бу натижа билан чекланиб қолмоқчи эмасман, кейинги манзил Тибетдаги Кайлас тоғлари», дея бу чўққи билан кифояланмаслигини айтиб ўтди суҳбатдош.