Миллиардер Алишер Усмонов: Биз ўзбеклар, сабр-тоқатли халқмиз, лекин қўрқоқ эмасмиз
(last modified Thu, 04 Oct 2018 05:45:05 GMT )
октябр 04, 2018 10:45 Asia/Tashkent
  • Миллиардер Алишер Усмонов: Биз ўзбеклар, сабр-тоқатли халқмиз, лекин қўрқоқ эмасмиз

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик бизнесмен яқинда ўзининг 65 йиллик юбилейини нишонлади. Усмонов бир йўла икки президент: Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёевдан мукофотларни қабул қилди

Антон Курилкин. Миллиардер Алишер Усмонов Тошкентга инвестиция киритиш режалари, ишлари ҳолати, спортга бўлган иштиёқи ҳамда оиласи ҳақида "Россия-1" телеканалига гапириб берди. Sputnik Ўзбекистон асосий фикрларни эътиборингизга тақдим этади.

Спорт ва биринчи миллион

Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бири ўзининг спортга оид ўтмишини фахр билан эсга олади. Аввалига ишлари у хоҳлагандек бўлмаганди. Усмоновни Тошкентдаги футбол сексиясига кўзойнаги туфайли қабул қилишмайди, баскетбол жамоасида ҳам ишлари юришмайди, шундан сўнг у қиличбозлик билан шуғуллана бошлайди.

Спортнинг бу йўналишида бўлажак бизнесмен катта муваффақиятлар қозонади - у республика чемпионатида ғолибликни қўлга киритади ва СССР термаси сафига қабул қилинади.

Алишер Усмонов спортга ставка қилиш билан ҳам қизиқади, аммо фақат дўстлари билан гаров боғлайди. Унинг сўзларига кўра, спорт мавсумларининг бирида у миллион доллар ютиб олишга муваффақ бўлган.

Усмонов ўз меҳнати билан топган биринчи миллион долларни ҳам яхши эслайди. У бу капитални полиэтилен пакетлар ишлаб чиқаришида топишга муваффақ бўлган эди. Аммо бизнесмен бу пуллардан тез орада маҳрум бўлади - дўсти уларни казинода ютқазиб қўяди.

"Бу ҳалол ва тоза бизнес эди, мен у билан фахрланаман", - дея хотирлайли миллиардер.

Ҳозир Алишер Бурханович офисга бормайди, баъзида кун бўйи ишлайди - Усмоновнинг таъбири билан айтганда, ақлий фаолият унинг ҳар куни ишда бўлишини талаб этмайди.

Санкциялар ва ғарбдаги бизнес

Усмоновнинг фикрича, санкциялардан ҳеч қандай наф ёки самара бўлмайди - аммо америка ҳукумати томонидан қабул қилинган нодўстона чораларга қарамай, АҚШлик ҳамкорлар билан мулоқот сақланиб қолган.

Шу билан бирга, "мегофон" активлари ҳақидаги янгиликлар фонида ғарб бозорларидан тўлиқ кетиши ҳақидаги миш-мишлар ва ҳатто "Арсенал" клубидаги улушини сотиши ҳақидаги хабарларни Усмонов рад этди.

"Бунга аҳамият бериш керак эмас. Мен фаталист эмасман, лекин мен кимгадир боғлиқ бўлишни ёқтирмайман. Мен фақат ўз президентим ва ўз рафиқамга боғлиқ бўлишим мумкин... Биз, ўзбеклар, сабр-тоқатли халқмиз, лекин қўрқоқ эмасмиз", - деб алоҳида таъкидлаган миллиардер.

Мен – интернет савдогариман

Алишер Усмонов ўзини интернет қироли, деб ҳам ҳисобламайди.

"Мен интернет қироли эмасман... Билл Гейтс, Стив Жобс, Цукерберг, Гришин, Дуров – мана шулар интернет қиролларидир, россиялик ўйинчилар ҳақида гапирадиган бўлсак - улар князьдирлар. Мен эса - интернет савдогариман. Ҳозир эса унинг мухлисига айланганман", - деб тан олади USM Holdings асосчиси.

Усмоновнинг фикрича, интернет сунъий онг билан ҳамкорликда инсоният мавжудлигининг янги шарт-шароитларини яратади, шу боис, глобал тармоқни тартибга солиш айни вақтда энг керакли ва муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

"Ҳукумат қиличини яланглаши керак эмас, лекин шу билан бир вақтнинг ўзида интернет-мулоқот субъектлари ўз масъулиятини оширмоқлари зарур... Мен цензура эмас, қонун тарафдориман", - дея ўз фикри билан ўртоқлашади бизнесмен.

Унинг сўзларига кўра, БМТ доирасида ҳамкорликдаги интернетни глобал бошқариш механизмларини ишлаб чиқиш даркор.Усмоновнинг айтишича, унинг ўзи интернетда бир кунда 2-3 соат ўтказиши мумкин. Илгарилари миллиардер учун қизиқ туюлган телеграмм-каналлар бугунга келиб ўз аҳамиятини йўқотган. Усмоновнинг фикрича, улар маълумот манбаидан инструментга айланган.

Жонажон жойлар ва Ўзбекистонга ғамхўрлик

Бизнесмен билан телеинтервью Россия ва Ўзбекистондаги бир нечта жойларда суратга олинган. Тошкентда Усмонов ўзи ўқиган мактабда, иш жойларининг бирида бўлган ва ҳатто ўсмирлигида шуғулланган спорт секцияларидан бирига ҳам борган ва у ердаги ёшларга бир нечта усулларни кўрсатган.

Усмонов 10 йил давомида "Арсенал" акционери бўлгани туфайли, у бу мавзуни шу қадар синчковлик билан ўрганганки, ҳозирда ўз тажрибасини Россия клубларига ёрдам учун қўлламоқда. Бундан ташқари, миллиардер ўзининг биринчи севимли жамоаси бўлган "Пахтакор" ҳақида ҳам унутиб қўйгани йўқ. Айни вақтда бизнесмен ўзбек клуби билан ишлаш бўйича бир нечта таклифларни олган, аммо активларни харид қилиш борасида аниқ жавоб беришга шошилмаяпти.

Лекин, шундай бўлса-да, Усмонов "Пахтакор"га ёрдам бериб келмоқда - у стадион қурилиши учун 20 миллион доллар киритган.

Булардан ташқари, бизнесмен Ўзбекистон ислом меросини қайта тиклаш лойиҳасига маблағ киритган. У яна инвестициялар киритиши мумкинлигини ҳам инкор этгани йўқ.

Алишер Усмонов ўзбек бизнесини қўллаб-қувватлаш ва мамлакатлар ўртасида кооперацияни ривожлантиришни режалаштирмоқда.

 

Ёрлиқ