Бразилияда тўғон ўпирилиши қурбонлари сони 40 кишига етди (видео)
Бразилияда тўғон ўпирилиши қурбонлари сони 40 кишига етди.
Воқеа 25 январда Минас-Жерайс штатида юз берган. Маҳаллий ўт ўчириш хизмати маълумотларига кўра, 250 дан кўпроқ киши бедарак йўқолган. Ҳукумат қурбонлар сони ошиши мумкинлигини айтган. Ўнлаб одамлар яқин атрофдаги ҳудудлар сув остида қолиши оқибатида ҳосил бўлган қопқонда қолган.
Тўғон металлургия саноати чиқиндилари бўлган сувни ушлаб турган. Иншоот Бразилиянинг Vale тоғ-кон компаниясига тегишли ҳисобланади. Тўғон ўпирилгандан кейин ҳукумат компаниянинг ҳисобрақамларидаги 1,3 млрд долларни музлатиб қўйган, бу пуллар жабрланувчиларга ёрдамга йўналтирилади.
Фожиа муносабати билан мамлакатда 3 кунлик мотам эълон қилинган.
2015 йилда ҳам ушбу штатда худди шундай воқеа оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, 45 киши бедарак йўқолган. Иншоот Vale таркибига кирувчи компанияга тегишли бўлган.