Қоракўллик халқаро олимпиада чемпиони, ёш математик учун қурилаётган уй битди (фотожамланма)
(last modified Thu, 07 Feb 2019 11:20:47 GMT )
феврал 07, 2019 16:20 Asia/Tashkent
  • Қоракўллик халқаро олимпиада чемпиони, ёш математик учун қурилаётган уй битди (фотожамланма)

Қоракўллик халқаро олимпиада чемпиони, ёш математик учун қурилаётган уй битди

 “Халқаро олимпиадалар ғолиби бўлган бухоролик ўқувчи оилавий қийинчилик туфайли ўқишини давом эттира олмаяпти” сарлавҳаси остида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида истиқомат қилаётган 9-синф ўқувчиси, математика бўйича халқаро олимпиадаларнинг кўп карра ғолиби Дониёр Исмоилов ўта ғариб шароитда яшаётгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Онаси Лобар Раҳимова жигар циррозига мубтало бўлгани, отаси эса ёлланма ишчи бўлиб ишлаётгани, шундай иқтидор эгаси бугун оилавий қийинчилик туфайли вақтини тўлиқ илм олишга сарфлай олмаётгани ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Ушбу хабардан сўнг Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ушбу иқтидорли ўқувчини шахсан қабул қилиб, кейинчалик ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида 2018 йилнинг 31 декабрига қадар оилага вилоят ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриб берилиши, вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ноутбук, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан шахсий кутубхона яратиб берилиши белгиланганини эълон қилган эди.

Вилоят ҳокимининг топшириғи билан эски уйлари ўрнида янгидан барпо этилаётган, барча шароитларга эга уй тўлиқ битган. Қурилиш бригадаси ишчилари ишлашмоқда. Айни пайтда ички пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Бизнинг оиламизга мана шундай шароитлар яратиб берган вилоят раҳбарларидан мамнунмиз, — деди Дониёрнинг онаси Л.Раҳимова. — Ўғлимга компьютер беришди. Уй битса, кўчиб ўтсак китобларни ҳам келтириб беришар экан. Ҳозир ўғлим ўқишини давом эттирмоқда. Бу орада Озарбойжонда ўтган олимпиадада ҳам муваффақиятли иштирок этиб келди”.