Таиландда телебошловчи жонли эфир вақтида ҳужумга учради (видео)
Таиландлик телебошловчи Тананя Пипитваничакарн жонли эфирни олиб бораётганда ҳужумга учради
Номаълум аёл студияга бостириб кириб, телебошловчига отвёртка билан таҳдид қилган. Воқеа видеоси Daily Mail нашри томонидан эълон қилинди.
Пипитваничакарн телелотерея натижаларини эълон қилмоқчи бўлганда аёл унинг ёнига келиб, бўйнига отвёртка тираган. Телебошловчининг ҳамкасблари вазиятга тезликда аралашиб, босқинчи аёлни четга олишга муваффақ бўлишган. Журналистга жиддий зиён етмаган, у фақатгина кичик жароҳат олган.
Ҳужум қилган аёл полиция томонидан ҳибсга олинган. Таъкидланишича, Прапан исмли 35 ёшли бу аёл полиция бўлимига олиб кетилаётганда ҳам ўзини тажовузкор тутган.
Аёл ҳибсга олинган, унга қарши иш қўзғатилган. У айбини тан олувчи кўрсатмалар берган.
Жиноятчининг айтишича, у ҳужум ёрдамида ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини ўз оиласига қаратмоқчи бўлган: унинг онаси марихуана сақлаш бўйича ноқонуний ҳибсга олинган ва у онасининг айбсизлигини исботламоқчи бўлган.