Москвада Сталинни мақташди ва...лаънатлашди (ВИДЕО)
Москванинг Қизил майдонида Совет давлатининг собиқ раҳбари Иосиф Сталин вафотининг 66 йиллиги муносабати билан ўтказилган митингда юзлаб одам иштирок этди. Тадбир 5 март куни Коммунистик партия томонидан уюштирилди.Сталин жасади Кремль девори остидаги қабристонга кўмилган.
Намойиш пайтида “Декоммунизация” ҳаракатининг фаоллари ҳам қатнашиб, улар Сталинга лаънатлар айтдилар.
“Дўзахда ён, одамлар қотили, аёллар ва болалар қотили”, деган сўзлар билан Сталин қабрига гул ташлаган фаоллар Евгений Сучков ва Ольга Савченко полиция томонидан қўлга олинди ва қисқа муддатдан сўнг қўйиб юборилди.
-Мен қабрга “Қотил”, деган сўзни айтиб гул ташлаганимда "Уни қўлга олинглар", деб буйруқ беришди,- деди Ольга Савченко журналистларга.
Айни пайтда Қизил майдонга келган қатор қариялар президент Владимир Путинни Сталинни мадҳ этишни тақиқлашга чақиришди.
Сталин 1953 йилнинг 5 мартида 74 ёшида вафот этган. Унинг ҳукумронлиги даврида Совет Иттифоқи республикаларида, жумладан, Ўзбекистонда миллионлаб одамлар сохта айбловлар билан судланиб, қатл қилинган ва қамоқларга ташланган.