Шавкат Мирзиёев Хотира ва Қадрлаш кунида нутқ сўзлади (фотожамланма)
Тошкент ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлат раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан алоҳида саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
"Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда Ўзбекистондан 1 ярим миллиондан ортиқ одам қатнашган. Бутун халқимиз тинимсиз меҳнат қилиб, жанг майдонларига ҳарбий техника ва қурол-яроғ, кийим-кечак, озиқ-овқат етказиб турган. Уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллионга яқин инсонга бошпана бериб, ўз ризқини баҳам кўрган.
Халқимизнинг фашизм устидан ғалаба қозонишга қўшган улкан ҳиссаси, бағрикенглиги ва меҳрибонлиги ҳеч қачон унутилмайди деди Мирзиёев
Байрам тадбирида мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган уруш ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
- Минг-минглаб жасур ота-боболаримиз дунёдаги кўплаб халқлар қаторида бу мудҳиш урушда чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу сўнмас жасорат, мана, 74 йилдирки, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Кексаларга, мўътабар фахрийларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши экани таъкидланди.
- Бугунги озод ва эркин ҳаёт учун, фарзандларимизнинг бахти ва камоли учун биз уларнинг олдида чексиз қарздормиз. Бу азиз инсонларни асраб-авайлаш, уларнинг соғ-саломат ва мазмунли умр кечиришлари учун барча шароитларни яратиб бериш – ҳаммамизнинг муқаддас инсоний бурчимиздир, - деди президент.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли, фольклор жамоалар, эстрада хонандалари ижросида куй-қўшиқлар янгради.