Ҳарбий ҳамкорлик шартномасининг имзоланиши --Теҳрон ва Москва ҳамкорликларида муҳим босқич
Эрон Ислом жумҳурияти армияси Денгиз кучларининг қӯмондони адмирал Ҳусейн Хонзодий Эрон ва Россия ӯртасида ҳарбий ҳамкорлик тӯғрисидаги шартнома имзоланганини айтди.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига сафар қилган Эрон Ислом жумҳурияти армияси Денгиз кучларининг қӯмондони кеча ИРНА ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда Россия сафари таассуротларини шарҳлаб, деди: Эрон Қуролли кучларининг вакили сифатида Эрон Қуролли кучлари Бош штаби ва Россия Мудофаа вазирлиги ӯртасида ҳамкорлик шартномасига имзо чекдим.
Адмирал Хонзодий бу шартномадан мақсад Эрон ва Россия ӯртасида ҳарбий ҳамкорлик ларни кенгайтириш эканлигини таъкидлаб, деди: Мамлакатларимиз ӯртасида бу шаклдаги шартнома биринчи маротаба имзоланган бӯлиб, унинг имзоланиши Теҳрон ва Москва ҳамкорликларида муҳим босқич ҳисобланади.
Минтақавий муносабатлар бӯйича таҳлилчи Алиризо Нурий минтақа хавфсизлиги масаласида Эрон ва Россия ӯртасида муштарак нуқтаи назарлар мавжудлигини таъкидлаб, илова қилди: Минтақада хавфсизликни таъминлаш учун бу ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга.
Эрон ва Россия ӯртасидаги ҳамкорликлар бундан олдин ҳам Суриядаги террорчиларга қарши курашда ӯзининг стратегик аҳамиятини исботлаб берганди. Эндиликда икки мамлакат ӯртасидаги фаол ҳамкорлик Ғарбий Осиё минтақасидаги хавфсизлик муҳитига тинчлик-осойишталик бахш айлаши мумкин.
Тажрибадан маълумки, Американинг минтақадаги ҳарбий иштироки, Ироқ ва Афғонистонга босқинчилик юришлари, Сурия ва Ироқдаги қилмишлари минтақани нотинч қилган асосий сабаб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам минтақавий стратегик ҳамкорликларни мустаҳкамлаш зарурий ҳолдир.
Ӯтган 40 йил давомида Эрон ислом жумҳурияти санкцияларга қарамай мудофаа масаласида жуда улкан ютуқларни қӯлга киритди.
Эрон ва Россия муносабатларидаги муҳим масала бу икки мамлакатнинг дунё ва минтақа муаммоларига нисбатан муштарак нуқтаи назарга эгалигидир.
Россия масалалари бӯйича таҳлилчи Абдурасул Девсолорнинг фикрича: минтақада рақобатларнинг авж олиши, Америка ҳамда айрим Европа қудратларининг муаммолар келтириб чиқаришга қаратилган сиёсатлари Эрон ва Россия ҳарбий муносабатларининг аҳамиятини янада кучайтиради.
Эрон ва Россия ӯртасидаги муносабатларнинг муҳим томони Каспий денгизига бориб тақалади. Шу сабабли адмирал Ҳусейн Хонзодийнинг Россия Денгиз кучлари бош штабининг қӯмондони адмирал Николай Евменов билан мулоқотида Каспий денгизи ҳавзасидаги хавфсизликни сақлашнинг муҳимлиги таъкидланди. Эрон ва Россиянинг денгиз кучлари минтақа ва минтақадан ташқари ҳудудларда жуда қудратли бӯлиб, бу икки қудрат ӯртасидаги ҳамкорлик минтақада тинчлик-осойишталикни таъминлаши мумкин.
Россия федерал ҳарбий-технологик ҳамкорликлар марказининг бошлиғи Дмитрий Шугаевнинг фикрича, тобора ривожланиб бораётган бу икки мамлакат ҳамкорлиги 2020- йилдан кейин янада авж олиши мумкин.
Эрон Ислом жумҳурияти армияси Денгиз кучларининг қӯмондони адмирал Ҳусейн Хонзодий таъкидлаганидек, Эрон ва Россия ҳарбий ҳамкорликлари дунё сув йӯлларининг осойишталигини кафолатлайди ва бу ҳамкорликлар стратегик даражада илдам ривожланмоқда.