Ўзбекистонда Хитой ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилди (видео)
(last modified Fri, 08 Nov 2019 12:00:24 GMT )
ноябр 08, 2019 17:00 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда Хитой ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилди (видео)

Навоий вилоятидаги “Қулқудуқ” ҳаво-ер ҳарбий полигонида Хитойда ишлаб чиқарилган FD-2000 русумли ҳаво ҳужумига қарши зенит-ракета мажмуалари муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, синов “Мусаффо осмон” тактик-ўқув машғулоти давомида ўтказилган ва Ўзбекистон ҳаво сарҳадлари ишончли қўлларда эканини яққол исботланган.

Таъкидланишича, жанговар шай ҳолатга келтирилган зенит-ракета мажмуалари ишга туширилган. Дастлаб, ҳарбий авиация орқали яқин масофадаги нишон ҳавога қўйиб юборилган. Ҳаводаги жисм ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларга таянган ҳолда ракета жанговар ҳолатда отилган. Нишон қисқа вақт ичида бехато уриб туширилган.

Шундан сўнг, узоқ масофадаги нишонларни уриб туширишга мўлжалланган зенит-ракета мажмуаси ўз “иш”ини бошлаган. Ҳавога шартли душман – учувчисиз учиш аппарати учирилган.

Шахсий таркиб бошқарув ва қўмондонлик пунктида узоқ масофадаги нишоннинг оралиқ масофаси, ҳаракати ва тезлигини аниқлаб, кузатувга олган. Сўнгра юқори қўмондонликнинг “Нишон йўқ қилинсин!” буйруғига биноан ҳаво-ер ракетаси жанговар отиш ҳолатида нишон томонга йўналиш олган.

“Саноқли сонияларда шартли душман учиш аппарати буткул зарарсизлантирилди. Қўйилган жанговар вазифа аъло даражада бажарилди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз,  FD-2000 (бошқа номи HQ-9) - Хитойда ишлаб чиқариладиган зенит ракета мажмуаси бўлиб, у катта майдонлар ҳаво ҳужумида ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.