Навоий вилоятида шартли коронавирусга қарши махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди(фотожамланма)
(last modified Wed, 12 Feb 2020 06:47:14 GMT )
феврал 12, 2020 11:47 Asia/Tashkent
  • Навоий вилоятида шартли коронавирусга қарши махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди(фотожамланма)

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, «Навоий» халқаро аэропортида «Янги турдаги коронавирус инфекциясини вилоят ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олишга қаратиган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

Махсус-тактик ўқув машқининг мақсади янги турдаги коронавирус касаллиги эпидемияси ва эпизоотиясига қарши профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, вилоят доимий тайёргаликдаги хизматлари шахсий таркибининг янги турдаги коронавирус касаллиги ўчоғини бартараф этиш бўйича кўникмаларини такомиллаштириш, касаллик ўчоғини бартараф этишга жалб этиладиган куч ва воситаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда хизматларнинг тегишли ҳамкорликда ҳаракат қилиш режаларига аниқликлар киритиш этиб белгиланди.

Махсус-тактик ўқув машқи саф кўриги, хорижий давлатдан учиб келган йўловчи ташиш самолётида санитария-карантин пункти ходими томонидан коронавируснинг янги турига гумон қилинган шартли беморни аниқлаш, касалликка гумон қилинган беморни тиббий назоратдан ўтказиш, тана ҳарорати юқори бўлган, ўзини ёмон ҳис қилаётган йўловчи ва касалликка гумон қилинган йўловчи билан мулоқотда бўлган йўловчиларни махсус транспортларда тиббиёт бирлашмасига жўнатиш, ҳаво кемаси ва санитар-карантин пунктини дезинфекция ишловидан ўтказиш ҳамда касаллик тарқалишини олдини олиш ва бартараф этиш босқичларида ўтказилди.

Ўқув машқидан сўнг ўқув машқи иштирокчилари томонидан эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.

Ўтказилган махсус-тактик ўқув машқига вилоятдаги доимий тайёргалик хизматларидан 203 нафар шахсий таркиб ва 16 та махсус техника жалб қилинди.

 

 

 

Ёрлиқ