Баҳор нафаси (1)
Навруз-- эронликларнинг қадимий байрами
Оламу одамнинг ёшариш байрами ҳисобланган наврузи оламнинг илдизларини қадимги Эроннинг асотирлари ва тарихидан қидириш лозим. Эронда бу шонли байрам йилнинг биринчи фасли ҳисобланган баҳорнинг илк кунида нишонланади.
Эрон халқининг қадимий аждодлари наврузни жаҳон ва коинотнинг яратилиш куни деб билишган. Шу сабабли Абурайҳон Беруний наврузни оламнинг қайта туғилиши деб атаган эди. Қадимий Эрон афсоналарида Наврўзнинг пайдо бўлиши шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жамшид одамларга яхшилик қилиш мақсадида уларга касб ўргатади, темирни эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб, кийим тўқитади, ҳаммом, уй, саройлар бунёд қилдиради, табиблик сирларини очади, кема ясатади, боғ барпо қилдиради. Ниҳоят, ишлари мева берган кунда ўзига тахт ясатиб, унга кўтарилади ва бу муваффақиятларини байрам қилади.
Ориёийларнинг йили икки фаслга: иссиқ ва совуқ фаслларга бӯлинарди. Улар баҳор ва ёзни иссиқ, куз ва қишни эса совуқ фасли деб аташарди. Совуқ фасл “Авесто”да “Зима”, иссиқ фасл эса “Ҳама” деб аталган.
Айрим тарихий ривоятларга кўра, Аҳамонийлар асосчиси бўлмиш Куруш-2 Наврўзни эрамиздан аввалги 538 йили миллий байрам деб эълон қилади.
У бу кунда аскарларнинг руҳини кўтариш , барча маконлар ва уйларни тозалаш ва поклаш , ҳамда маҳбусларни авф қилиш учун бир неча дастурларни ижро этган эди. Бу анъана кейинги подшолар даврида ҳам амалга оширилди ва аста-секинлик билан йиллик маросимга айланиб қолди.
Аҳамонийларнинг бошқа подшоси Дориюш-1 замонида Наврўз маросимлари Тахти Жамшид минтақасида ўтказиларди. Халқнинг севимли байрами нишоналарини бугунги кунда бу минтақадаги тошларга ӯйиб битилган катибаларда ҳам мушоҳада қилиш мумкин.
Аҳамонийлар даврида навруз улкан шукуҳ- шаҳомат билан нишонланиб, бу дилкаш байрам билан эронликларни табриклаш учун теварак-атрофдаги давлатлардан кӯплаб меҳмонлар келишарди. Бу нарса навруз байрамининг қанчалик аҳамиятли байрам сифатида нишонланишидан далолат беради.
Ҳатто Аҳамонийлар подшоси Дориюш-1 милоддан олдинги 416- йилда навруз муносабати билан пул бирлиги сифатида олтин танга зарб этган эди.
Муборак ислом дини вужудга келиши билан навруз анъаналарига бир қатор ӯзгаришлар киритилган бӯлсада, аммо бу кӯнгилли байрамнинг асосий ва муҳим жиҳати шундаки, ҳар бир йилнинг ибтидосида уни байрам сифатида нишонлаш ҳаётий бир одатга айланиб қолди.
Сомонийлар сулоласи ва Оли Буяҳ ҳукмронлик қилган замонларда Наврўз байрами янги шакл ва мазмун билан ҳар йили баҳор фаслининг бошида нишонланарди.
Сафавийлар даврида Наврузни нишонлаш одоблари исломий расм-русумларга қоришиб, бу байрам диний тус ола бошлади. Шиа уламолари бу кунни улуғ кунлардан бири сифатида талқин қилишди. Айрим ривоятларга кӯра Ҳазрат Одам алайҳиссалом айнан Навруз кунида яратилган. Шундай қилиб Эронда бу қутлуғ байрам халқнинг севимли байрамига айланди ва мусулмон эронликлар аждодларидан қолган бу шодиёна кунини янгича—исломий руҳда нишонлай бошладилар.
Айрим исломий ривоятларга кӯра Имом Маҳди алайҳиссалом ҳам Навруз куни зуҳур этади.
Имом Содиқ алайҳиссалом буюрмишлар: “Навруз Худо бандаларидан ибодат қилиш аҳдини олган кундир. У қуёш биринчи марта осмонга кӯтарилган, булутларни ёмғир ёғилиши учун ҳомила айлайдиган шамоллар эсган, ер юзидаги гул-чечаклар яратилган кундир.
Навруз Нуҳ(а) кемаси Жуди тоғига келиб тӯхтаган, Жаброил (а) ислом пайғамбари (с)га нозил бӯлган, Иброҳим (а) ӯз қавмининг бутларини синдирган, Аллоҳнинг расули(с) ҳазрат Али(а)ни муборак елкаларига кӯтарган, натижада ҳазрат Али Аллоҳ уйининг теппасидаги бутларни пастга отиб синдирган кундир. ”
Халқларнинг маданий мероси бӯлган Навруз байрами бугунги кунда жуда кӯп мамлакатларда кенг нишонланади. Шӯролар ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари учун Наврузни байрам қилишни тақиқлаб қӯйганди. Аммо одамлар қишлоқларда уни ҳар хил ном билан ӯтказишарди. Михаил Горбачев замонига келиб бу халқларга аждодий байрамларини шодиёна билан нишонлаш ижозати берилди.
2009 йилнинг 30 март куни Канада Федерал Парламенти ҳар йили гӯзал баҳор фаслининг биринчи кунини эронликлар ва бошқа қавмларнинг Миллий байрами (Nowruz Day) деб номлади.
2010 йилнинг 24 феврал куни эса БМТ махсус резолюция қабул қилиб, Навруз байрамини Халқаро Навруз байрами ва Тинчлик маданияти куни сифатида расман тан олди. Шундай қилиб, Навруз халқаро байрамга айланди.