Қуръоний башоратлар (2)
Қуръони карим нозил бӯлишининг сабабларидан бири аҳли башарни жаҳл, ширк ва куфр зулумотидан нур ва ёруғликка олиб чиқишдир. Самовий китобимиз Расули Акрам (с)га қарата буюрилади:
“...Бу китобни сенга одамларни Роббиларининг изни ила зулматлардан нурга, азиз ва мақталган зотнинг йўлига чиқаришинг учун нозил қилдик”. (1)
Қуръони карим таълимотида инсон камолотнинг юксак даражасига эришиб, дунёни ӯзига тасхир қилиши, шу билан бирга энг тубан нуқтагача пастлашиб кета оладиган махлуқ сифатида тасвирланган.
Қуръон инсонни Худонинг ердаги халифаси дея атаган. “Анъом” муборак сурасининг 165-ояти каримасида буюрилади:
وَهُوَ الَّذِي جَعَلَكُمْ خَلَائِفَ الْأَرْضِ وَرَفَعَ بَعْضَكُمْ فَوْقَ بَعْضٍ دَرَجَاتٍ لِّيَبْلُوَكُمْ فِي مَا آتَاكُمْ ۗ إِنَّ رَبَّكَ سَرِيعُ الْعِقَابِ وَإِنَّهُ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ ﴿١٦٥﴾
У сизларни ер юзида халифалар қилган ва Ўзи берган нарсаларда сизни синаш учун баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган зотдир. Албатта, Роббинг иқоби тез зотдир. Ва, албатта, у мағфират қилувчи ва раҳмлидир», деб айт. (165)
Шу асосда инсон Худонинг жуда кӯп махлуқларидан афзал бӯлиб, ӯзига хос каромат ва шарофат соҳибидир. Муҳими, одамизод фарзанди ӯзининг ӯзлигини англаши, бу эҳтиромни ҳис қилиши, меҳнат қилиб, заминни ободонлаштириши, ӯз иродаси билан саодат йӯлини танлаб, унда қадам босиши лозим.
Аллоҳ таъоло “Зуммар” муборак сурасининг 17-18-ояти карималарида ӯз ихтиёрлари билан ҳидоят ва иймон йӯлини танлаган одамларга қуйидагича башорат беради:
Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор. Бас, бир бандаларимга хушхабар бер. (17) Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир. (Ушбу жумладан билинадики, одамлар икки тоифа–Аллоҳга ёки тоғутга ибодат этадиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам, албатта, тоғутга, яъни, Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман, деганлар ёлғон гапирадилар. Улар, ҳеч бўлмаса, ҳавои нафсига ёки ўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатига бўйсунадилар–ибодат қиладилар.) (18)
Бу ояти карималарда Аллоҳ таъоло ибтидо бандаларга башорат бериб, уларни муъминлар деб атайди. Улар Ҳақ ва ҳақиқатнинг ташнасидирлар.
Қуръони карим ҳақ сӯзни эшитганда бармоқлари билан қулоқларини беркитиб, чопонларини бошларига тортадиган бехабар жоҳилларни мазаммат қилади. Мисол учун Нуҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳга қилган шикоятида буюрилади:
Ва алабатта қачонки мен уларни сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар ва (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар. (7)
“Зуммар” муборак сурасининг 19-ояти каримасида бу олам эркинлик, ихтиёрлилик ва имтиҳон оламидир, бунда ҳар ким ӯз ихтиёри билан ҳидоят ёки залолат йӯлини танлайди, деган ҳақиқатни баён қилади. Шунингдек, Аллоҳнинг Расулига қарата буюрилади:
Ёки ҳақида азоб сўзи ҳақ бўлган кимсани— дўзахдаги кимсани сен қутқара олурмисан?! (19)
Ақл-тафаккур яхши-ёмонни ажратиш учун инсонга берилган энг арзирли восита ҳисобланади. Ҳақиқатга ташна инсонлар уни учратган пайти таассуб ва якравликни бир четга суриб, ақл-тафаккур мезонида ӯлчаб, ҳақиқатнинг булоғидан қониб-қониб ичишади.
Ҳазрат Али (а) иймон, куфр, ширк ва инсон бадани аъзоларининг вазифалари ҳақида гапириб, қулоқ ҳақида шундай деганлар: “ Қулоққа Аллоҳ зикрини тинглаш, Қуръон оятлари тиловатини эшитиш ҳамда Худонинг ғазабини келтирадиган нарсаларни эшитмаслик вожибдир”.