Туркманистонга ёпирилган кучли шамол оқибатида алоқа тармоқлари ишламай қолди (фотожамланма)
«Хроники Туркменистана» агентлигининг хабарига кўра, 27 апрель куни Туркманистон ҳудудига ёпирилган кучли шамол сабаб Лебоп вилоятида алоқа тармоқлари ишламай қолди. Мобил телефонларга қўнғироқ қилиш имконияти йўқолган, стационар автоматларга қўнғироқ вақтида инглиз тилида жавоб қайтарилмоқда.
Полиция томонидан Мари ва Лебоп вилоятларини боғловчи йўл ёпиб қўйилган. Қум бўрони вақтида вилоятдан ташқарида бўлган Лебоп аҳолиси, уларнинг қариндошлари ҳам вилоятга кира олмай қолган. Фуқаролар йўллар очилишини вилоятлар маъмурияти чегараси яқинида — Байрамали шаҳрида кутиб ўтирибди.
Табиий офат оқибатида «Туркмантелеком»нинг маҳаллий бўлинмасига қарашли мачта ва қурилмаларга жиддий зарар етган. Фақатгина бир дона захира генератори ишламоқда, бироқ унинг қувватли мобил алоқани тўлиқ таъминлашга етмайди.
Шаҳар аҳолисининг сўзларига кўра, Туркманободда мобил сигнал пайдо бўлаётган бир неча нуқта бўлиб, у ерда полиция навбатчилиги йўлга қўйилган, улар одамларни қувиб юбормоқда.
«Тurkmen.news»нинг ёзишича, Туркманистон телевидениесининг асосий янгиликлар дастури — «Ватан»нинг 29 апрель кунги эфири вақтида Лебоп вилоятидаги табиий офат оқибатида юзага келган оғир вазият ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Кучли шамол вилоятнинг бир қатор аҳоли пунктларига зарар етган, юзлаб одам бошпанасиз қолган. Туркманобод (қисман), Керки ва Фаробда (тўлиқ) икки кундан буён электр энергияси, газ ва ичимлик суви ўчган.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрелга ўтар кечаси Туркманистон ҳудудидан Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари кириб келган кучли шамол жиддий зарар етказган эди. Бунинг оқибатида ҳудудларда электр ва газ таъминотида узилиш юзага келган. (хусусан, Бухоро шаҳрининг айрим мавзеларида ҳали ҳам электр таъминоти қайта тикланмагани айтилмоқда), биргина Бухоро вилоятида салкам 30 киши тан жароҳати олиб, бир киши вафот этган.
Шунингдек, Қоракўлда электр таянч устунларини тиклаш ишлари бошланиб, 70 га яқин мутахассис жалб қилингани хабар қилинди.