май 09, 2020 16:14 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғига ташриф буюриб, Хотира ва қадрлаш куни тадбирларида иштирок этди (фотожамланма)

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғига ташриф буюриб, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирларида иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушида ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшган ўзбек халқининг жасоратини бор кўлами билан кўрсатиб берадиган яхлит мажмуани яратиш борасидаги ташаббусни 2019 йилда илгари сурган эди.

Шундан сўнг, илмий-ижодий жамоатчиликнинг таклифлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида бадиий-меъморий концепция ишлаб чиқилди. Давлат раҳбари бу борадаги лойиҳалар билан бир неча бор танишди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 12 гектардан зиёд жой ажратилиб, улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Ғалаба боғи ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат. Биринчисида ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокидан лавҳалар, иккинчисида фронт ортидаги республика ҳаёти акс этган.

Ўзбекистон Президенти дастлаб «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

Бу ёдгорлик қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа – мўътабар она ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳақиқат асос қилиб олинган.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган, бошқа турмуш қурмаган.

Ўтган йилги Хотира ва қадрлаш кунида давлат раҳбари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга «Матонат мадҳияси» деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади. Шу мавзуда мақолалар, шеърлар ва бадиий фильм яратилди.

Ҳозирда Ғалаба боғининг марказида ушбу муаззам обида қад ростлаб турибди.

«Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал. Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади», – дейди Шавкат Мирзиёев.

 

Ёрлиқ