Ўзбек уламоси Маъмуржон домла «диний адоват қўзғаш айби» билан ҳибсга олинди
(last modified Mon, 22 Jun 2020 12:25:50 GMT )
июн 22, 2020 17:25 Asia/Tashkent
  • Ўзбек уламоси Маъмуржон домла «диний адоват қўзғаш айби» билан ҳибсга олинди

мом-ноиб сифатида қилган маърузалар ва дарслари билан ўзбекзабон интернетда машҳур бўлган Қозоғистоннинг Сайрам туманидан Маъмуржон Хайтметов 17 июнь куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) томонидан ҳибсга олинди.

Би-би-си манбасининг айтишича, Хайтметовга бундан 6 йил олдин насронийлар дини ҳақида қилган маърузаси бўйича, «диний адоват қўзғаш» айби қўйилмоқда.

Бизга маълум бўлишича, интернетда оммалашиб кетган Маъмуржон домла ўтган чоршанба куни Сайрамдаги МХҚ идорасига чақиртирилган.

Машинаси билан идорага кетаётган вақтда, уни йўлда ниқобли МХҚ ходимлари тўхтатиб, омманинг кўз олдида ушлаб олиб кетган.

Домлани қўлга олиш жараёни ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва суратларда акс этган.

Хайтметовга 2014 йилда насронийлар дини тўғрисида қилган маърузаси бўйича жиноий иш очилган.

 

44 ёшли Маъмуржон домла Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 174-моддаси 2-банди билан тергов қилинмоқда.

Ушбу модда ижтимоий, миллий, уруғга оид, ирқий, табақавий ёки диний адоват қўзғаш жинояти ҳақида.

2014 йилда Сайрам туманидаги «Жалол ота» масжидида ўтган дарси бўйича Маъмуржон Хайтметовга «ўз хизмат мансабидан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг миллий шаънини таҳқирлаб, диний адоват қўзғаш» айби қўйилмоқда.

Ушбу модда бўйича айбланган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Хайтметовни яқиндан танийдиганлардан бирининг Би-би-сига айтишича, унга қўйилаётган айбловларда асос йўқ.

"Диний адоват қўзғади, деб ҳеч ким ариза ёзмаган. 6 йил олдинги маъруза учун энди иш очилишини КНБ (Миллий хавфсизлик қўмитаси)даги кимлардир «катта идеологик даъватчини ушладик» деб шов-шув қилиш, юлдузча олиш ёки тепага кўтарилиш учун қилган ташаббуси деб ўйлаяпмиз", дейди у.

Би-би-си манбасининг айтишича, Маъмуржон домла ҳибсга олиниши арафасида Манкент қишлоғи ва атрофдаги қишлоқларда яшаган яна 3-4 ёш йигит қўлга олинган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тасвирга туширилган уларни қўлга олиш жараёни акс этган видео ҳам ижтимоий тармоқларга сиздирилган.

«Бу ёшларга диний адоват қўзғашдан ташқари, терроризм билан боғлиқ видео материаллар тарқатган деган айб ҳам қўйган. Бизнинг тушунишимизча ушбу болаларни Маъмуржон домланинг видеоларидан таъсирланган, деган маъно билан боғлашмоқчи, шекилли», дейди Би-би-си манбаси.

Маъмуржон домлани яқиндан таниган ва дарсларида иштирок этган бошқа мусулмонлар ҳам гувоҳ сифатида сўроққа чақирилмоқда.

Яқинлари Маъмуржон Хайтметовни ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари Хайтметовни яқинларидан тергов вақтида идора атрофида тўпламасликни сўраган.

 

«Домла ҳозир Сайрамдаги қамоқхонада сақланмоқда. Тергов учун КНБ идорасига олиб келиняпти. Адвокати кўришиб турибди. Турмуш ўртоғи ва ота-онасига ҳам кўрсатишибди», дейди унинг яқинларидан бири.

Би-би-си манбасининг айтишича, Маъмуржон Хайтметовнинг соғлиғида жиддий муаммолар бор.

«Қандли диабет сабаб доим инсулин олиб юрарди. Охирги вақтлар юраги ҳам безовта қилаётганди. Олдин Тошкентда буйрагини жарроҳлик амалиёти қилдирган», дейди у.

Домла маърузаларни диний идора тасдиғидан ўтказиб қилган

1976 йилда туғилган ва Маъмуржон домла номи билан машҳур бўлиб кетган «Жалол ота» масжиди собиқ имом-ноиби Хайтметов Мадина Ислом Университетида таҳсил олган.

Унинг маърузалари ижтимоий тармоқларда 100 минглаб марта кўрилган.

Маърузаларни ўрни келганда бироз мутойиба билан олиб борган Хайтметовни таниганлар уни яхши сифатлар билан эсламоқда.

"Маъмуржон домланинг ҳибсга олингани хабари бизни маҳзун этди.

У киши жомиада ўқиб юрган пайтидаёқ (биздан 3-4 йил кейин келиб, университетни яхши баҳоларга тамомлаб кетган) ўзининг ҳусни хулқи, доимий табассуми билан дўстлари қалбини эгаллаб улгурган эди", дейди Шайх Сайфуллоҳ Носир.

Маъмуржон Хайтметов 2015 йилнинг охири ва 2016 йилнинг бошларида имом-ноибликдан кетган ва маъруза қилишни тўхтатган.

«Расман соғлиғи туфайли ишдан бўшатишингизни сўрайман, деб ариза ёздириб олишган. Аммо аслида КНБ (Миллий Хавфсизлик қўмитаси) талаби билан домлачиликдан кетган. Кейин тўй ёки шунга ўхшаш маъракаларда чиқиш қилиб қолса ҳам КНБга чақириб, нимага гапиряпсиз, деб назорат остида турарди», дейди Би-би-си манбаси.

Унинг айтишича, Маъмуржон Хайтметов ўз маърузаларини ўша вақти Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси томонидан тасдиқлатиб олган бўлган.

«Дарслар ўтилган вақти Диний идоранинг вилоят, туман бош имомларига хат ёзилган. Ўтиладиган маърузаларнинг тақриблари берилган. Қайси китоблардан ўтилиши берилган. Вилоят ва туман бош имомлари томонидан улар тасдиқланган, кейин дарс сифатида ўтилган», дейди у.

 

Маъмуржон Хайтметовнинг ҳибсга олиниши видеоси тарқалиши ортидан ўзбек тилли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уни дарҳол озод қилишга чақиришмоқда.

«Ҳамма мусулмонлар диққатига. Маъмуржон домлага озодлик талаб ҚИЛАМИЗ! Домлани ҳеч қандай айби йўқ! Айби Имонли мусулмонлигида», дейди Тўлқин Астанов.

«Маъмуржон домла қўлга олинибди, деган хабарлар тарқаляпти.... агар шу гаплар рост бўлса, Аллоҳ таоло ўзининг даъватчисини синовидан осон ўтказиб олсин... ҳамда қиёматда юзини ёруғ қилсин», деб ёзди Адҳам Атажанов.

Би-би-си ҳозирча Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармасидан бу борада изоҳ ололмади.

Ёрлиқ