Ҳурмуз ороли
(last modified 2020-09-12T14:49:16+00:00 )
сентябр 12, 2020 19:49 Asia/Tashkent
  • Ҳурмуз ороли

Тўрт фасл мамлакати сифатида танилган гўзал Эрон замини кўплаб табиий диққатга сазовор жойларга эга. Шимолнинг серқуёш ўрмонларидан жанубий Эроннинг иссиқ чўлларигача, ғарбнинг ёқимли совуқлиги ва қуруқ иқлимга эга шарқий минтақалар тўрт мавсумни бир вақтнинг ўзида бошдан кечириши мумкин бўлган шароитларни яратган.

Ушбу ажойиб мамлакат шимолдан Каспий денгизига ва жанубдан Форс кўрфази ва Уммон денгизининг чексиз сувларига бориб туташади. Мамлакат шимолида ва жанубидаги гўзал ороллар Эрон табиатининг мӯъжизаларидан биридир. Эроннинг жанубида жойлашган ва дунёга машҳур бўлган бу ороллардан бири Ҳурмуз оролидир. Қизил рангда товланадиган ва  ҳар хил мӯъжизаларга тўла орол. Ушбу гўзал орол билан яқиндан танишиш учун бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Ҳурмуз ороли – Эрон жанубидаги Бандар Аббос шаҳридан 8 километр узоқликда, Форс кўрфазининг ўртасида жойлашган тахминан 42 квадрат километр бўлган жуда чиройли тухум шаклидаги қуруқликдир. Ҳурмуз ороли географик жойлашуви ва Ҳурмуз бўғозига яқинлиги сабабли Форс кўрфазининг калиди дея номланган. Жойлашиши ва Ҳурмуз бўғозига яқинлиги туфайли орол узоқ йиллардан бери  катта савдо ва ҳарбий аҳамиятга эгадир.

Орол сиёсий ва иқтисодий аҳамиятидан ташқари гўзал ва ажойиб табиати билан ҳам машҳур. Миллионлаб йиллар давомида эрозияланиш натижасида  шаклланган ранг-баранг тоғлар, тошлар, ажойиб туз тошлар, маржон тошлари, денгиз ғорлари ва харсанг қояли   соҳиллар,  энг чиройлиси, оролнинг қизил тупроғи, табиий ўсимлик ва ёввойи табиат ҳамда тарихий ва маданий ёдгорликларнинг мавжудлиги.

Ушбу гўзалликларга қўшимча равишда оролга ташриф буюриш учун энг яхши мавсум бўлган қишда; об-ҳавонинг юмшоқлигидан ташқари, қушлар ва тошбақаларнинг кўчиши ва делфинларни томоша қилиш ҳам саёҳатчиларга таърифлаб бўлмайдиган завқ-шавқ бағишлайди.

Ҳурмуз ороли

Ҳурмуз дунёдаги минераллар музейи ҳисобланиб, геологлар учун жуда қадрлидир. Минераллар - бу тошларни вужудга келтирадиган хом ашё бӯлиб, уларни ўрганиш орқали олимлар нафақат ўша жинснинг моҳиятини тушунибгина қолмай, балки минтақадаги барча тошларнинг   умумий таркибини ҳам билиб олишлари мумкин.

Аммо Ҳурмуз оролинининг ӯзига хос хусусияти унинг рангли тупроғидир. Оролнинг тупроғида 100 дан ортиқ рангни кузатиш мумкин. Ушбу оролда пирит деб номланган тилларанг тош ҳам мавжуд бӯлиб, бу тошни маҳаллий аҳоли “Шайтоннинг кӯзи” деб атайдилар.

Бу ерда   кенг тарқалган ранг қизил рангдир. Ушбу қизил тупроқ Ҳурмуз оролининг қирғоқларида денгиз сувини қизил рангга бӯяб, ҳайратланарли манзара ҳосил қилади. Тадқиқотлардан маълум бӯлишича,   бу бўёқларнинг барчаси таркибида темир оксиди бўлган турли хил минераллар кимёвий бирикмасининг натижасидир.

Оролдаги  қизил тупроқ юқори иқтисодий аҳамиятга эга ва яқин ӯтмишда ундан бўёқ, косметика, шиша ва керамика саноатида фойдаланилган. Бу қимматбаҳо тупроқ бошқа мамлакатларга экспорт қилинган, аммо ҳозир уни бошқа юртларга сотишнинг олди олинди.

Ҳурмузнинг қизил тупроғи  ейишга яроқли эканлигини эшитган киши ҳайратдан ёқа ушлайди, албатта.  

Маҳаллий аҳоли тилида гилак деб аталадиган бу қизил тупроқдан балиқ пишириш, нон ёпиш ҳамда зиравор сифатида сабзавотларни тузлаш, мураббо ва соусларни тайёрлаш учун фойдаланадилар. Ушбу минтақанинг машҳур ва жуда маззали овқатларидан бири Сурагҳ ҳам ушбу  махсус зираворлар билан пиширилади. Бу оролга саёҳат қилган киши   ушбу тупроқни  татиб кӯришни истамасада, уни   албатта   минтақанинг маҳаллий таомларида истеъмол қилганини билмай қолади.

Ҳурмуз ороли

Оролда машҳур Қизил соҳилдан ташқари бошқа диққатга сазовор жойлар ҳам мавжуд. Ҳурмуз оролининг энг чиройли ва сокин минтақаларидан бири   Сукунат водийсидир.

Ушбу даранинг деворларида тузнинг миқдори кӯплиги сабабли улар  акс садонинг олдини олишади ва бу гўзал даранинг сокитлигига сабаб бӯлишади. Ушбу даранинг тоғлари ва шўр жинслари тўлқинларни ӯзига тортиш  ва энергияни тарқатиш хусусиятига эга. Сукунат дарасини, шунингдек, энергия водийси ҳам деб аташади. Сукунат водийси ва унинг тузли тоғлари орасида бир неча соат қолишнинг ӯзи барча салбий ҳис-туйғуларингизни   яхши кайфиятга айлантириш учун етарлидир.

Ҳурмуз оролининг сукунат водийси

Йўлнинг ўртасида медитация ғорига етиб бориш учун йўналишни бироз ўзгартиринг. Ушбу ғор оролнинг туб аҳолиси тафаккури ва медитацияси жойи бўлган. Унга кириш учун сиз бир неча метрга кўтарилишингиз, бир неча қадам босиб ўтишингиз керак, сўнг деворлари чиройли тошлар ва туз кристаллари билан ўралган кичик залга етиб борасиз, бу ғорда кристалли тузлар мавжуд. Ёмғир сингари улардан сув томчилайди ва сув товуши қулоқларни эркалайди, энг қизиғи, бу сув қаёққа кетаётгани номаълум.

Ҳурмуздаги муроқаба (медитация) ғори

Ҳурмуз оролининг яна бир ажойиб жозибаси - бу Ҳайкаллар водийсидир. Албатта, бу водийда ҳақиқий ҳайкал кӯзга ташланмайди, ундаги ҳайкалларини кўриш учун кучли тасаввурга эга бўлиш керак.

Ҳурмуздаги Ҳайкаллар дараси

Ушбу гўзал водийнинг деворларидаги тасвирлар ҳар қандай томошабинни ҳайратланишга мажбур қиладиган табиий санъат асарлари кўргазмасидир. Бу қисқа дара жуда чиройли деталларга эга бўлганлиги сабабли уни томоша қилиш учун бир неча соат вақт кетиши мумкин. Даранинг охирида   баландлиги 40 метр бўлган гўзал жарликка етиб борасиз. Бунда Форс кўрфазининг ажойиб манзараси жилваланади. Ушбу ажойиб диққатга сазовор жойлардан ташқари, эко-ложаларда ва янги ташкил этилган хостелларда бўлиш сизга орол маҳаллий аҳолисининг   турмуш тарзи билан танишиш имкониятини беради.

 

Ёрлиқ