Тожикистоннинг Суғд вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб фойдаланишга топширилди (фотожамланма)
(last modified Mon, 28 Sep 2020 06:24:24 GMT )
сентябр 28, 2020 11:24 Asia/Tashkent
  • Тожикистоннинг Суғд вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган мактаб фойдаланишга топширилди (фотожамланма)

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Спитамен туманида Ўзбекистон томонидан беғараз қурилиб, жиҳозланган замонавий мактаб 27 сентябрь куни фойдаланишга топширилди.

Ушбу таълим масканининг очилиш маросимида Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Тожикистон таълим соҳаси мутасаддилари, ўқитувчи ва ўқувчилар, ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Таъкидланишича, мазкур умумтаълим мактаби Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида икки томонли ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» ҳамда ҳукуматнинг тегишли фармойишига биноан бунёд этилди.

630 ўринга мўлжалланган мактаб ўқув жараёнларини самарали ташкиллаштириш,  физика, кимё, астрономия, биология ва чизмачилик фанлари бўйича амалий машғулотларни  ўтказиш, ўғил болаларни металл ва ёғочга ишлов бериш, қизларни эса уй-рўзғор ишлари, пазандачилик, ҳунар ва чеварчилик санъатини ўргатиш кўзда тутилган махсус лойиҳа асосида қурилди.

Муассасада сифатли таълим олиш учун барча имкониятлар яратилган бўлиб, ёпиқ спорт зали, очиқ стадион, 224 ўринли ошхона ва замонавий кутубхона тўлиқ жиҳозланган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, ушбу мактабда ўзбек ва тожик тилларидан ташқари, инглиз тилининг ўқитилишига ҳам алоҳида аҳамият қаратилади.