Деҳлорондаги жозибали манзаралар
(last modified Mon, 15 Mar 2021 12:26:50 GMT )
март 15, 2021 17:26 Asia/Tashkent
  • Деҳлорондаги жозибали манзаралар

Эроннинг ғарбий қисмидаги Элом вилоятида жойлашган Деҳлорон шаҳри Ироқ билан энг кӯп чегарага эга бўлган ушбу вилоятдаги аҳолиси бўйича иккинчи катта шаҳар ҳисобланади. Шаҳарда 400 дан ортиқ тарихий, табиий, сайёҳлик ёдгорликлари ва миллий мерос рўйхатига киритилган 87 та ёдгорлик мавжуд.

Ушбу минтақанинг мусаффо ва чиройли табиати ҳар доим кўплаб табиат ихлосмандлари ва сайёҳларнинг таважжуҳини ӯзига жалб қилиб келган. Деҳлороннинг Кўршапалаклар ғори ва Битум чашмаси ушбу минтақадан Эроннинг миллий ёдгорликлари рўйхатига киритилган ажойиб табиат ҳодисалари қаторига киради.

Ушбу ноёб табиий диққатга сазовор жойлар ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз,   бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Одатда, булоқ номини эшитганимизда, тиниқ мовий рангли зулол сув ҳақида ўйлаймиз, аммо бу сафар биз бошқа булоқ, қора битумдан иборат булоқ ҳақида гапирмоқчимиз! Кӯрган кишини ҳайратда қолдирадиган ажабтовур булоқ!  Деҳлорон битум булоғи - минг йиллардан буён замин қаъридан қора модда ёки ӯша битумни ер юзига чиқариб, одамларни ажаблантириб келади.

Битум чашмаси Деҳлорондан 7 км шимоли-шарқдаги  Обгарм ўрмон боғининг қўриқланадиган ҳудудида жойлашган. Ушбу булоқдан битум табиий равишда олтингугурт суви билан бирга ердан қайнаб чиқади. Битум билан чиқадиган сувнинг ҳарорати   35 даражадан юқори ва шу сабабли битум силлиқ чиқиб, диаметри 9 метр ва чуқурлиги 50 сантиметр бўлган ҳовузни ҳосил қилади. Мутахассислар ушбу чашманинг ер ости сув қатламини тахминан 70 гектарни ташкил этади, дея тахмин қилишган.

Ушбу қора булоққа етиб бориш учун Деҳлорон шаҳридан Обгарм ўрмон паркига боришингиз керак. Боғдан ӯтгач, Битум чашмаси йўлини кўрсатадиган белги бор. Булоққа  300 метр қолганда автомобил йўли йўқ ва унгача пиёда юриш керак.

Булоққа яқинлашганда битумнинг кучли ҳидини сезасиз. Ёзда чанқаган парранда ва ҳайвонлар сув ичиш учун булоққа яқинлашиб,  битумга тиқилиб, нобуд бўлишганлиги сабабли,   хавфнинг олдини олиш учун булоқ атрофини сим тӯр билан ёпиб қўйишган. Бу нарса булоқни излаб топишда энг яхши белгидир.  

Деҳлорон битум булоғи

Мавжуд маълумотларга кӯра эронликлар қадим замонлардан буён битумнинг сув ӯтказмайдиган хусусиятидан огоҳ бӯлишган ва нефт ёхуд битум оқиб ётган чашмалардан уйларнинг томи ва кемаларнинг сатҳини мустаҳкамлаш учун фойдаланишган. Тарихчиларнинг фикрича, эронликлар тарихда  битумдан фойдаланган биринчи халқ ҳисобланади.

Олтинчи асрда яшаган Рим тарихчиси Прокопиюс шундай ёзади: Эронликлар модлар ёғи ва олтингугурт солинган идишга ӯт ёқиб, уни душман томонга отишарди. Тарихчининг ёзишича, бу модда сув юзида сузиб юрар ва кема унга яқинлашиши билан ёниб кетарди.

Денгиз жангларида битумдан фойдаланиш жуда қулай бӯлганлиги сабабли босқинчи инглизлар биринчи жаҳон уруши даврида Деҳлорон битум булоғининг яқинигача темир йӯли тортишган. Бу йӯлнинг қолдиқлари ҳали ҳам мавжуд.

Деҳлорон кўршапалак ғори

Деҳлорондан 5 км шимоли-шарқда Битум чашмасидан  қайтишда табиат ихлосмандлари ушбу минтақанинг яна бир табиий мӯъжизасини кузатишлари мумкин. Бу -- Яқин Шарқда ноёб бўлган Деҳлорон Кўршапалак ғори; Учинчи геологик даврга мансуб бӯлган бу ҳайратланарли ғор    бугунги кунда кўршапалакларнинг яшаш жойига айланган. У энг кӯп кӯршапалакка эга ғор ҳисобланади.

Деҳлоран кўршапалак ғорида 25000 дан зиёд кўршапалаклар яшайди.  Қуёшнинг ботиши, яъни кӯршапалакларнинг одатда катта-катта гуруҳ бӯлиб  ғордан чиқишида бу ғор табиат ихлосмандлари учун такрорланмас дилкаш манзарани касб этади.

Деҳлорон кўршапалак ғорида 6  турдаги кӯршапалаклар  мавжуд. Сичқон думли катта, сичқон думли кичик,  узун қанотли кӯршапалак,  оқ қанотли, бурни уч парракли ва от тақасига ӯхшаш кӯршапалаклар  бу ғорда аниқланган олтита кўршапалак туридир.

Деҳлорон кўршапалак ғори

Ғорга кириш учун иккита туйнук мавжуд, ғарбий туйнук баландлиги тахминан 31 метр ва кенглиги 30 метрни ташкил этади. Ӯтиш қийин бўлгани сабабли, ушбу туйнукдан ғорга кириш мумкин эмас; Баландлиги 2,5 метр ва кенглиги 2,2 метр бўлган жанубий туйнук ғорнинг ягона кириш жойидир. Ушбу ғорнинг қизиқ томони шундаки, сатҳида минглаб йиллар давомида шаклланиб келаётган улкан ва қалин кӯршапалак ӯғити массаси бӯлиб,   фермерлар ундан экин ерларини озиқлантириш мақсадида   фойдаланадилар. Ғор, шунингдек, кўршапалаклар устида тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг ҳаётини ўрганиш учун энг яхши жойлардан бири ҳисобланади. Одатда кўплаб талабалар ва тадқиқотчилар ушбу ғаройиб сут эмизувчини ўрганиш учун  ғорга келишади. Ушбу ноёб табиий ҳодисага ташриф буюриш учун энг яхши вақт - бу кӯршапалакларнинг учишини кузатиш мумкин бўлган ёз фаслидир.