Навруз Эрон қавмлари орасида (1)
(last modified Mon, 22 Mar 2021 18:31:18 GMT )
март 22, 2021 23:31 Asia/Tashkent
  • Навруз Эрон қавмлари орасида (1)

Азизлар, бугунги дастуримизда Наврузнинг Эрондаги мавқеи ҳақида суҳбатлашамиз.

Наврузнинг тарихи  Эроннинг Модлар ва Аҳамонийлардан олдинги тарихига бориб тақалади.

Баъзи олимларнинг фикрига кўра милоддан 3000 йил аввал Эрон ва Ғарбий Осиё  минтақасида иккита байрам - кузнинг бошида Яратилиш байрами ва баҳорнинг бошида ўтказиладиган  Қайта туғилиш  байрами  амал қилган. Эрон халқи Наврўзни табиатнинг қайта тирилиши  деб билади.

Наврўзда эронликларнинг гўзал анъаналаридан бири бу яшаш манзилини тоза-озода қилиб, тартибга келтиришдир. Хонатакони - қадимий Эрондан қолган ўнлаб бошқа яхши урф-одатлар сингари, ёдга олинган ва Исломнинг тозалик ва покликка урғу бериш мавзуси билан уйғунлашиб, Эрон маданиятининг гўзал анъанасига айланган. Маҳаллий аҳолининг фикрича Навруз кириб келганида хонадон тоза-озода бӯлиши керак. Ана шунда бу гӯзал байрам  уйларга соғлик ва барака келтиради.

Эронликлар Навруз арафасида нафақат уйларини тозалашади, балки ӯзлари ҳам янги либослар кийишади.  Табиатнинг янгиланиши ва дарахтларнинг яшил либосга бурканишини мушоҳада қилган эронликлар янги либослар кийиб, баҳорнинг келишини тинч-тотувлик, шодлик ва хотиржамлик келтирувчи айём деб билишади.

"Ҳафтсин" дастурхонини тузатиш - бу Эроннинг Наврўз тантанасидаги асосий урф-одатларидан бири бўлиб,  бу дастурхон одатда  оила аъзоларини ӯз атрофига жамлайди. Тиниқлик ва поклик рамзи бўлган сув, кӯзгу ва Қуръондан ташқари,   "Син" ҳарфи билан бошланадиган ва   ҳар бири Эрон маданияти қисмининг ўзига хос рамзи бўлган етти таом дастурхонга қӯйилади.  

Эроннинг Ҳафтсин  дастурхони

Аксари эронликлар махсус кӯкартирилган майсани ҳафтсин  дастурхонига қӯйишади. Бу майса янги йилнинг ӯн учинчи кунигача дастурхонда туради. Ӯн учинчи куни, яъни “Сездаҳ бадар” куни майсани кӯтариб дала-даштга чиқишадида, уни оқар сувга оқизишади ёхуд далага қӯйиб қайтишади.

Ҳафтсин дастурхонининг майсаси

Эронликларнинг Ҳафтсин дастурхонидаги тансиқ таомлардан бири саману (сумалак)дир.  Буғдой ширасидан  тайёрланган маззали таом. Эрон маданиятида буғдой Худонинг марҳамати ва раҳм-шафқатининг аломатларидан бири бўлиб, янги йил келганда, у турли хил шаклларда Ҳафтсин дастурхонида кўзни қувонтиради. Исфанд  ойининг сўнгги кунларида, ҳамма жойда баҳор қадамлари сезилиб турганда, эронликлар янги йилда барака ва бахт рамзи сифатида  буғдойдан тайёрланган самануни Ҳафтсин дастурхонига қӯядилар.

Саману -- сумалак

Себ – олма. Ҳафтсин дастурхонига қӯйиладиган егуликлардан яна бири олма мевасидир. Олма  соғлиқ ва соғлом ҳаётнинг рамзи ҳисобланади. Эронликлар Ҳафтсин дастурхонига янги йилда оила аъзоларига соғлик-саломатлик тилаган ҳолда олма қӯйишади. Шунингдек, улар олмани жаннатнинг меваларидан бири ва Аллоҳнинг ӯз бандаларига ҳадяси  деб билишади. Янги йилда  Худонинг марҳаматига ва жаннатий  ризқ-насибага эга бӯлиш ниятида Ҳафтсин дастурхонига олма қӯйилади.

Жийда эронликларнинг Ҳафтсин дастурхонидаги меваларидан биридир.

Жийда эронликлар орасида икки хил маънода тушунилади.  Айрим одамлар уни севги ва муҳаббат рамзи деб билиб, оила аъзолари орасида меҳр, муҳаббат, самимият ва ҳамфикрлиликни мустаҳкамлаш мақсадида уни Ҳафтсин дастурхонига қӯйишган.

Аммо аксарият кишиларнинг ишонишича, жийда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш ҳамда ақл-идрок ва доноликнинг рамзидир. Уни Ҳафтсин дастурхонига қӯйиш янги йилда барча қарорларнинг мантиқий ва ақл тарозисида тортилган ҳолатда бӯлишига сабаб бӯлади,  дея ишонилади.

Санжид – жийда

Сир – саримсоқ. Ҳафтсин дастурхонидаги синлардан яна бири саримсоқдир. Саримсоқ қаноат ва “Кӯзи тӯқлик” нинг рамзидир. Фалончининг кӯзи тӯқ, деган иборани кӯп эшитгансиз.    Биз эронликлар учун саримсоқ бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилмасликни ва кӯрпасига қараб оёқ узатишни англатади.

Сумоқ – зираворлардан бири. Ҳафтсин дастурхонига қӯйиладиган синлардан яна бири сумоқдир.  Қуёш чиқиши  рангида бӯлган бу неъмат сабр-тоқатнинг рамзи бўлиб, тонгнинг намоён бўлиши  ва ҳаётнинг қайта жонланишини  англатади. Сумоқнинг Ҳафтсин дастурхонига қӯйилиши янги йилни қувонч,  сабр-тоқат ва қийинчиликларга бардош берган ҳолда давом эттириш орзусидир.

Сумоқ

Сирка – сирка. Эронликларнинг Ҳафтсин дастурхонига қӯйиладиган сӯнгги син бу – сирка.

Сирка --  абадий барҳаётлик, шунингдек, қийинчиликларга бардош бериш, ризо ва таслим рамзи . Илгари сирка сеҳр ва жодуни йўқ қилиш учун ишлатилган. Сирканинг Ҳафтсин дастурхонига қӯйилиши   янги йил муаммоларини бартараф этади,  дея ишонилган.

Эронликларнинг  Ҳафсин  дастурхонида бошқа нарсалар ҳам бор, масалан, янги йил бошида Худога ишонч ва мурожаат қилишнинг белгиси бўлган Қуръон китоби ёки тижорат, савдо-сотиқнинг рамзи бўлган танга, шунингдек, фаровонлик ,  унумдорлик ва омон қолиш белгиси -- тухум. Ушбу рамзларнинг барчаси қандайдир тарзда эронликлар учун яхши кунлар бошланишини ваъда қилади.

1400 йилги  Наврўз айёми билан Сиз азизларни яна бир марта табриклаб, кейинги суҳбатимизда   Наврўзни нишонлашда эронликларнинг бошқа урф-одатларини кўриб чиқиш умидида хайрлашамиз. Кейинги дастургача Худо ёру мададкорингиз бӯлсин.