Эронда 13-президентлик сайловига бағишланган махсус дастур (3)
Эронда ижрочи ва назорат органларининг сайловдаги мавқеи
Ҳар бир мамлакат конституциясида турли шаклда сайловларни назорат қилиш нормалари белгиланган.
Конституциявий қонун манбаларида сайловларни назорат қилиш, шунингдек қонунларнинг конституцияга мувофиқлигини назорат қилиш зарурлиги таъкидланиб, бу мақсадга эришиш учун иккита усул таклиф қилинган.
Биринчи усул "суд назорати" ва иккинчи усул бу "суддан ташқари назорат"дир. Эрон Ислом Жумҳуриятида судсиз назорат қилиш усули қўлланилган: Яъни, қонунчилик назорати Ҳимоячилар Кенгаши деб номланган мустақил судсиз органга юклатилган.
Эрон Ислом Жумҳурияти Конституциясининг 91-моддасида келтирилади: "Ислом аҳкомлари ва Конституциясига эҳтиром юзасидан Исломий маслаҳат кенгашининг қарорлари уларга зид бўлмаслигини назорат қилиш учун Ҳимоячилар Кенгаши деб номланган кенгаш тузилади."
Ҳимоячилар кенгашининг вазифалари сирасидан учтаси: "Қонунчиликни назорат қилиш ", "Конституцияни талқин қилиш" ва "сайловларни назорат қилиш" алоҳида аҳамиятга эга.
Конституцияда кўрсатилган принципларга мувофиқ; "99-моддага биноан, президент сайловларини назорат қилиш масъулияти Ҳимоячилар Кенгаши зиммасидадир."
Ҳуқуқий нуқтаи назардан, сайловларни назорат қилишдан мақсад - кузатувчи орган томонидан қонунларнинг аниқ ва тўғри бажарилишини ҳамда сайловларнинг қонунийлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган амаллар мажмуидир.
"Ҳимоячилар Кенгашининг президент сайловини назорат қилиши тўғрисида"ги Қонуннинг 2-моддасида бу борада шундай дейилган: "Марказий назорат ҳайъати сайловнинг барча босқичлари ва сайлов жараёнлари, шунингдек, мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳамда сайловга таъсир этиши мумкин бӯлган ижрочи органларнинг, шунингдек сайловнинг соғломлигига тааллуқли барча ҳолатлар юзасидан назорат қилади".
Шунингдек, ўша қонуннинг 7-моддасига биноан, "Ҳимоячилар Кенгаши барча босқичларда, қонун бузилишини исботловчи далил келтирган тақдирда, бутун республика ёки айрим ҳудудларда сайловни бекор қилиш ёки тўхтатиш учун қарор қабул қилади ва ӯз нуқтаи назарини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади. Ушбу вазиятда Ҳимоячилар Кенгашининг қарори қатъий ва бажарилиши мажбурийдир. Бошқа ҳеч қандай орган сайловларни бекор қилишга ёки тўхтатишга ҳақли эмас."
Президент сайлови тўғрисидаги қонуннинг 8-моддасида ҳам шундай дейилган: "Президент сайловини назорат қилиш Ҳимоячилар Кенгаши зиммасига юклатилган. "Ушбу назорат барча босқичларда ва сайлов билан боғлиқ барча масалаларда амалга оширилади."
Ушбу қонунчилик ҳужжатларига қўшимча равишда Ҳимоячилар Кенгашининг Конституция 99-моддаси шарҳида келтирилади: "Конституциянинг 99-моддасида кўрсатилган назорат кенг қамровли бӯлиб, сайлов жараёнининг барча босқичларини, шу жумладан номзодлар салоҳиятини тасдиқлаш ва рад этишни ўз ичига олади".
Ушбу вазифаларни Ҳимоячилар Кенгашига сайланган фақиҳлар ва ҳуқуқшунослар биргаликда бажарадилар.
Ҳимоячилар Кенгашининг олти йиллик муддатга сайланадиган 12 аъзоси бор. Ҳимоячилар Кенгаши аъзоларининг ярми фақиҳлар, қолган ярми ҳуқуқшунослардир. Олти нафар замона талаблари ва масалаларидан хабардор одил ва солиҳ фақиҳ Ҳимоячилар Кенгаши аъзоси бӯлиб, бу фақиҳлар Исломий Инқилоб Раҳбари томонидан танланади..
"Фиқҳ илмининг билимдони", "адолат" ва "замон талаблари ва долзарб муаммоларидан хабардорлик" ҳуқуқшуносларнинг Ҳимоячилар Кенгашига аъзо бўлиш шартлари ҳисобланади. Олтита ҳуқуқшунос эса суд ҳокимияти раҳбари томонидан мусулмон ҳуқуқшунослар орасидан танланиб, Эрон Исломий маслаҳат кенгашига тавсия қилинади, Парламентда овоз бериш йӯли билан сайланади ва Ҳимоячилар Кенгаши аъзоси бўладилар.
Сайловга оид барча масалаларни умумий, кенг ва доимий назорат қилиш Ҳимоячилар Кенгашининг 12 аъзосига оғирлик қилади, албатта. Бунинг учун қӯшимча восита ва кучлар талаб қилинади. Шу сабабли Ҳимоячилар Кенгаши сайловларни назорат қилиш ишини назорат органлари орқали амалга оширади.
«Марказий назорат ҳайъати», «Вилоят назорат ҳайъати» ва «Округ назорат ҳайъати», - Эронда сайловларни назорат қилиш учун Ҳимоячилар Кенгашининг учта муҳим воситаси ҳисобланади.
Шундай қилиб, Исломий Жумҳурият Конституцияси сайловларни назорат қилиш вазифасини Хавфсизлик Кенгашига юклайди, бу сайлов жараёнининг барча босқичларини, шу жумладан номзодлар салоҳиятини тасдиқлаш ва рад қилишни ўз ичига олади. Ушбу назорат сайлов жараёнини тўғри ва қонуний равишда ўтказиш мақсадида юридик назоратни англатади ва бу охир-оқибат сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга олиб келади.
Бироқ, баъзилар Конституциядаги Ҳимоячилар Кенгашининг назорат тамойиллари нодемократик ва фақат Эрон конституциясида мавжуд деган шубҳа уйғотиб, бу сохта даъво билан Ҳимоячилар Кенгашининг сайлов жараёнидаги назорат ролини бузиб кўрсатишга интилмоқда. Бу ҳаракатлардан мақсад одамларни сайловларда қатнашишдан умидсизлантиришдир. Ваҳоланки, демократик тузилишга эга бўлган бошқа мамлакатларда Ҳимоячилар Кенгашига ўхшаш органлар мавжуд. Бунга қарамай, Эронда ҳар қандай сайловларни ўтказиш чоғи сайловларни кузатиш ва назорат қилиш механизмлари бегона оммавий ахборот воситаларининг сюжетига айланади. Ғарб оммавий ахборот воситалари ва баъзи сиёсий ва ахборот доираларининг бу борадаги нуқтаи назари кўпинча тескари пропагандага асосланган.
Ушбу масала фақат Эронда сайловлар устидан назорат қилинади ва номзодларнинг салоҳияти тасдиқланади, бошқа мамлакатлардаги сайловларда бундай чекловлар йӯқ, деган тасаввур уйғотиш мақсадида тез-тез кӯтарилади. Аммо бошқа давлатларнинг конституцияларида қўлланиладиган қоидаларга эътибор берилса, сайлов тизимлари мавжуд бўлган мамлакатларда сайловларни назорат қилиш учун ишлаб чиқилган механизмлар сайловчиларнинг овозларини ҳимоя қилиш ва сайловларнинг соғломлигини таъминлаш талабларидан бири эканлигини англаб олиш мумкин. Бу масалада дунёнинг бошқа давлатларида хилма-хил намуналар мавжуд бӯлиб, бу ҳақда кейинги дастуримизда суҳбатлашамиз.
Эрон сайлов тизими кўрсаткичларига бир назар