Кабудвол шаршараси
(last modified Mon, 16 Aug 2021 11:48:05 GMT )
август 16, 2021 16:48 Asia/Tashkent
  • Кабудвол шаршараси

Ер куррасининг табиий ажойиботларидан бири бу шаршаралардир. Улар баландликдан ҳайқириб тушаётган сув томчиларини ям-яшил табиат қўйнида тараннум этади ва борлиқ улуғворлигини кўз-кўз қилади

 Бу ажиб хилқатни Эроннинг шимолий минтақаларида кўп учратиш мумкин ва шулардан бири Кабудвол шаршараси бўлиб, қадимий ва ҳамиша навқирон Гулистон вилоятида жойлашган.

Кабудвол Шаршараси - Эрондаги ягона яшил ўсимликларга бурканган шаршара. Шаршарада юқоридан ёмғир мисол ёғаётган сув томчиларини тошларга кўрпа каби ястанган яшил ўсимликлар билан тўқнашиб ажиб жилоланишига гувоҳ бўлиш мумкин. Aгар сиз ушбу гўзал шаршара ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Кабудвол шаршараси Эрон шимолида Гулистон вилоятидаги Aлиобод Катул шаҳридан жануби-шарқда 5 км ва Aлбўрз тоғ тизмасидаги Ҳиркон ўрмонлари ўртасида, Хорун тоғ этагида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 1780 метр баландликка эга.  Шаршаранинг манбаи бўлмиш булоқ сув тушган жойдан тахминан 30 метр баландликда жойлашган. Унинг баландлиги 12 метр, сув ҳавзасининг чуқурлиги 2 метр. Ушбу шаршаранинг  зилол ва тиниқ суви, ўрмондан ўтиб, таърифлаб бўлмайдиган манзарани яратган. Кабудвол шаршараси ўсимликлар билан қоплангани, сув сифати, маҳаллий ўсимлик ва ҳайвонларнинг ўзига хос хусусияти туфайли 2015 йилда миллий ёдгорликлар рўйхатида табиий мерос сифатида рўйхатга олинган.

Кабудвол шаршараси

 Кабудвол шаршарасида ҳар томондан пастга оқиб тушадиган сув ичимлик суви сифатида ишлатилиши мумкин бўлган тоза, шаффоф ва тиниқ сувдир. Баландликдан оқиб тушаётган сув тезда шаршаранинг тош қатламида жойлашган тошларда ястанган ўсимликлар устига оқади. Ушбу саҳна одамларнинг фаолияти натижасида  йўқ қилинмаган, табиатнинг қўл теккизилмаган ва ишлов берилмаган бир бўлагини кўрсатади ва табиатнинг яшовчан, пок ва тикланувчи эканлигини кўрсатиб одамларга ўзининг улкан энергиясини улашади . Ҳаво нам ва ёқимли бўлиб, шаршара ва сойни ўраб турган теракларнинг буйига тўйинган. Бу ерда кўзга кўринувчи барча нарса  яшил ва жонли бўлиб, тошлар орасидан оқаётган сув товуши кўнгилда ажиб ҳисларни уйғотади.

Кабудвол шаршараси

 Гўзал ўсимликлар Кабудвол дарёси бўйида жойлашган  тошлар ва улкан дарахтларни  қоплаган. Ўсимликлар баъзи жойларда оч сариқ рангга, баъзи жойларда тўқ яшил рангга эга бўлиб, уларнинг комбинацияси сизнинг кўзингиз олдида жозибали ва кўзни қамаштирувчи уйғунликни яратади. Майда ўсимликлар ва сув ўтлари ҳам тошларда пайдо бўлиб,  соф табиат қўйнида бўлиш ҳиссини янада ранг-баранг қилади.

Бутун ҳудуд инсон қалбида тетиклантирувчи туйғуни яратади. Бу каби ўтириб ҳаёлларга берилиш ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлган табиатдан лаззат олиш мумкин бўлган ҳудуд жуда камдан кам ҳолларда учрайди.

Ушбу шаршаранинг ўзига хос гўзаллигидан ташқари яна иккита омил унинг аҳамиятини оширади. Биринчиси, қадимийлиги сабабли. Тадқиқотларга кўра, кўп миллион йиллик палеоген қолдиқлари ушбу шаршара ёнида жойлашган бўлиб, тахминан 25-50 миллион йил олдин шаклланган ва бу шаршара пайдо бўлган вақтни кўрсатади .

Кабудвол шаршараси

Иккинчидан, бу Кабудвол шаршараси устидаги ягона булоқ билан боғлиқ бўлиб бу ердаги барча шаршараларни сув билан таъминлайди. Булоқ  ернинг қалбидан  қайнаб чиқади   ва шаршарага сув сатҳидан доимий ёки мавсумий дарё каби бошқа сув манбаи қўшилмайди.  Шу сабабли, Кабудволни Эроннинг энг соф  ва энг маззали ичимлик сувига эга шаршараси деб айтиш мумкин. 
  Ўсимликларнинг хилма-хиллиги ва зичлиги бу ҳудудни ўсимликларнинг беқиёс яшаш муҳитларидан бирига айлантирган.

Ёзнинг узоқ ва иссиқ кунларида тиниқ ва совуқ суви бўлган Кабудвол шаршараси бутун вужудингизга яшариш ва янгиланиш тароватини бахш этади. Aгар сиз Кабудвол дарёси бўйлаб юрсангиз, унда бир қатор кичик шаршаралар  дарё бўйида  кичик ҳавзаларни ташкил этганликларини, унинг ёнида ўтириш учун яхши жой ва ҳатто чўмилиш учун қулай муҳит шаклланганини кўришингиз мумкин.

Кабудвол шаршараси

Кабудвол шаршараси йил бўйи ёқимли ва кўнгилочар бўлишига қарамай, ушбу минтақага саёҳат қилиш ва Aлиабоднинг об-ҳавоси ва ёқимли табиатидан баҳраманд бўлиш учун энг яхши вақт баҳордир. Баҳорда сиз Кабудвол шаршарасини тинимсиз ва серсув ҳолатида кўрасиз. Бу фаслда Кабудвол шаршарасининг улуғворлиги ва кучи ҳақиқатан ҳам ажойибдир . Aгар сиз Гулистон жаннати қаердалигини билмоқчи бўлсангиз, албатта баҳорда Кабудвал шаршарасига ташриф буюринг.