Эроннинг Венецияси
(last modified Sun, 19 Sep 2021 19:20:15 GMT )
сентябр 20, 2021 00:20 Asia/Tashkent
  • Эроннинг Венецияси

Сарохияҳ - Эрон жанубидаги Шузган ботқоғи яқинида жойлашган Хузистон вилоятининг қишлоқларидан бири, бу қишлоқ шундай тузилганки, унинг аҳолиси қайиқларда ҳаракатланади.

Эроннинг жануби-ғарбий ва жанубида тузилиши жиҳатидан Италиядаги Венецияга ўхшаш ва шунинг учун ҳам Эроннинг Венецияси, деб номланган ҳудуд бор. Сарохияҳ - Эрон жанубидаги Шузган ботқоғи яқинида жойлашган Хузистон вилоятининг қишлоқларидан   бири, бу қишлоқ шундай тузилганки, унинг аҳолиси қайиқларда  ҳаракатланади.

Бу қишлоқдан ташқари Хуррамобод шаҳрида Мутаҳарий (Шаҳобод) деб номланган маҳалла бор, у ҳам Эроннинг Венецияси номи билан машҳур. Бугунги дастурда биз сизни бу гўзал жой ва унинг ажойиб булоқлари билан яқиндан таништирмоқчимиз. 

Луристон вилоятининг  маркази Хуррамобод шаҳри Луристоннинг энг йирик шаҳри ва Эрондаги  аҳоли сони бўйича 23 -шаҳар, денгиз сатҳидан 1147 метр баландликда ва Загрос тоғлари даралари орасида жойлашган. Шаҳарда кўплаб тарихий ва табиий сайёҳлик жойлари бор, улар орасида Фалак Афлок қалъаси, Кив кўли, ғиштли минора, Жомеъ масжиди ва Бобо Тоҳир мақбараси мавжуд. Бундай диққатга сазовор жойларнинг мавжудлиги шаҳарни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг минтақавий бюроси томонидан Эроннинг намунали сайёҳлик шаҳри сифатида танланишига олиб келди. Хуррамобод Ўрта ер денгизи иқлимига эга, айниқса, баҳор ва қишда ёғингарчилик кўп, шунинг учун Эроннинг олтинчи ёмғирли вилоятининг   маркази  ҳисобланади.

Хуррамобод шуҳрат қозонишининг яна бир сабаби - минтақа географиясида ер ости сувлари ва кўплаб булоқларнинг мавжудлигидир. Шунинг учун бу шаҳар қайноқ булоқлар шаҳри сифатида танилган. Кив, Гулистон,  Тош гирдоб, Мутаҳҳари чашмаси ва Гирдоб каби кўплаб булоқлар  бу шаҳарнинг энг муҳим булоқлари  бўлиб, улар  шаҳарнинг чиройига чирой қӯшган.

Сайёҳлар қизиқадиган табиий ва ажойиб булоқлардан бири Эрон Венецияси номи билан машҳур бўлган Мутаҳҳари (Шаҳобод) номли маҳаллада жойлашган. Бу минтақанинг Шаҳобод деб номланиши, маҳаллий аҳолига кўра, Сафавий  подшоҳлари даврига (милодий 1501-1736) тўғри келади. Шоҳ Аббос Сафавий рақибларидан бири Мир Шаҳвердихонни тутиш учун Хуррамободга келди.  Об -ҳавоси яхши ва булоқлари гўзал бу минтақани кўргач,  ҳудудни ободонлаштириш ва ривожлантиришга буйруқ берди.

Шаҳобод маҳалласи

Маҳаллий лаҳжада Шаҳво деб аталадиган Шаҳобод чашмасининг суви шаҳар ва унинг хиёбонларидан оқиб ўтади. Бу булоқдан сувнинг чиқиш тезлиги секундига 964 литрни ташкил қилади. Булоқ сувининг илгари "Сероб Ҳусайнхони" номи билан танилган  қисми  ҳозир Хуррамобод шаҳрини ичимлик суви билан таъминлаш учун ишлатилади, қолган қисми эса  чиройли ва мусаффо анҳордан оқиб, Шоҳжу ва Гилол анҳорларига қуйилади. 

Илгари, бу ернинг аҳолиси  чашманинг жанубий қисмида жойлашган мана шу икки оқимнинг ичига қувурлар ӯрнатиб, ҳовлиларидаги  ҳовузларига сувни  етказишарди, лекин бу қувурларлардан фойдаланиш тахминан 40 йил олдин тӯхтатилган. Анҳорнинг мавжудлиги бу ҳудуднинг ҳовлиларида  анжир, нок, шафтоли ва бошқа мевали дарахтларнинг ўсишига сабаб бўлган.

Бу маҳалла хиёбонларидан сувнинг оқиб ўтиши шоирона бир муҳитни яратган. Анҳор устида қурилган темир кўприклар маҳалла аҳолисининг бошқа хиёбонларга ўтишини осонлаштиради. Бугунги кунда  Мутаҳҳари маҳалласи деб ўзгартирилган Шаҳобод маҳалласидаги кўп уйлар  эски тузилишга эга ва хиёбонлар ӯртасидан анҳор оқиб ӯтиши шароитига мос равишда қурилган.

Шаҳобод маҳалласи

Албатта, бу мусаффо анҳор Хуррамободнинг ягона гўзаллиги эмас ва Кив  кўли шаҳарнинг  яна бир диққатга сазовор  жойдир. Худди шу номдаги боғда жойлашган Кив кўлининг суви тоғ булоқлари ва кўл тубидаги булоқлардан таъминланади. Лур тилидаги Кив қуюқ ва кўк деган маънони англатади ва бу номнинг сабаби кўл тубида кўлнинг кўк рангга айланишига олиб келадиган ўсимлик турларининг мавжудлиги билан боғлиқ. Баҳор ва ёзнинг бошида Кив кўли қайиқ ва сув спорти учун ажойиб жой ҳисобланади.

Хуррамободдаги Кив кўли

 Хуррамобод  шаҳри, Шаҳобод маҳалласи ва Кив кўлига ташриф буюришнинг энг яхши вақти ёзнинг ӯрталаридир. Бу саёҳатда Эроннинг Венециясига ташриф буюришдан ташқари, бу шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларини ҳам зиёрат қилишингиз мумкин.

Ёрлиқ