Генерал Боқирий Ироқ шимолидаги террорчи гуруҳлар ва уларнинг ҳомийларини огоҳлантирди
Сўнгги йилларда АҚШ ва сионистик режим қўллаб-қувватлови остидаги террорчи гуруҳлар чегара ҳудудлари ва мамлакат атрофидаги муҳитни беқарорлаштириш орқали Эронга қарши максимал таҳдид босимини оширишга ҳаракат қилишди.
Гарчи бу ҳаракатлар ҳар доим ўзларининг ёмонликларига мутаносиб равишда керакли жавобни олган бўлсада, лекин якшанба куни Эрон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Муҳаммад Боқирийнинг бу борадаги сўзлари террорчи гуруҳ ва уларнинг ҳомийлари учун жиддий огоҳлантиришдир.
Бош штаб бошлиғи Ироқ шимолидаги террорчи гуруҳлар фаолиятига ишора қилиб, шундай деди: "Афсуски, биз америкаликлар туфайли Ироқ ҳукуматининг заифлиги ва Ироқ шимолига кам эътибор берилганлиги учун, Ироқ шимолида қуролланган аксил-инқилобий гуруҳлар фаолиятига гувоҳ бўляпмиз"
Генерал Боқирий таъкидлашича, Эрон Қуролли кучлари, Исломий Инқилоб соқчилари корпуси раҳбарлиги остида, бу террорчи гуруҳларнинг базаларини йўқ қилади ва охирги икки ҳафтада ўтказилган операциялар давом этади. Чунки Эрон халқи хавфсиз ва тинч чегараларга эга бўлишга қонуний ва мантиқий жиҳатдан ҳақлидир. Бу борада иккита муҳим масала бор.
Биринчидан, АҚШ ҳарбий босқинидан сўнг, Ироқ террорчи гуруҳлар полигонига айланди ва Қўшма Штатлар бу вазиятдан бир неча бор Эрон хавфсизлигига қарши фойдаланди.
Иккинчи масала - мамлакат хавфсизлиги ва чегаралар дахлсизлигини бузишга қаратилган ҳаракатларга жавоб бериш ҳуқуқидир.
Шу муносабат билан генерал Боқирий АҚШнинг Ҳарир базасини Эронга қарши фитна уяларидан бири сифатида тилга олди ва шундай деди: "Биз бу базанинг чегараларимиз яқинида бўлишига ва бу базада Эрон Ислом инқилобига қарши фитна қўзғатувчи учрашувларни ўтказишга тоқат қилмаймиз ва улар у ердан йўқ қилиниши зарур. Бу иш эндигина бошланди ва жиддий тарзда давом этади, минтақада мустаҳкам хавфсизлик ва тинчликни сақлаш учун бир қатор дипломатик ва ҳарбий тадбирларни йўлга қўйиш лозим".
Шубҳасиз, Эрон бу борада қатъий ва тезкор ҳаракат қилмоқда. АҚШ ҳукумати 2020 йил 3-январда Инқилоб қўриқчилари корпусининг Қуддус кучлари қўмондони Генерал Ҳожи Қосим Сулаймоний ва Ҳашадуш Шаъби ҳаракати қўмондони ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандиснинг Бағдод аэропорти яқинида террор қилинишидан сўнг, Исломий Инқилоб соқчилари корпуси АҚШнинг ушбу жиноятига қарши жавоб зарбаларни берди. Бу амалиётда АҚШнинг Ироқдаги энг йирик ва энг муҳим ҳарбий базаси бўлган Айн ал-Асад базаси нишонга олинди, баллистик ракеталар билан Эронга қарши террорчилик ҳаракати содир қилинадиган базанинг катта қисми йўқ қилинди.
АҚШ Ғарбий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш баҳонасида ўз ҳарбий кучларини кўпайтирди, бироқ АҚШ ҳарбийларининг сони ошгани сайин, минтақада нотинчлик кучайиб, террорчилик фаолияти ошди. Америка Ироқни ишғол этгач, Бағдод, ал-Анбар, Доҳук, Арбил, Керкук, Найнаво ва Салоҳиддин каби вилоярларда 14 та ҳарбий база ташкил қилинди, бир қатор махфий ва ўқув базалари Ироқнинг бошқа ҳудудларида ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Халқаро муносабатлар бўйича эксперт Мужтабо Шоҳсуний АҚШ ҳарбий базасининг минтақадаги беқарорликдаги ўрнини қуйидагича изоҳлайди: "Америка Қўшма Штатларининг минтақада тўғридан-тўғри ва билвосита кўплаб ҳарбий базалари бор. Бу базаларнинг ҳар бири ташкил этилаётганда, уларнинг мақсади хавфсизликни таъминлаш, деб даъво қилинган эди, лекин тарих шуни кўрсатадики, АҚШ қўшинларининг кўпроқ бўлиши Ғарбий Осиё минтақасида беқарорлик ва кескинликни оширишдан бошқа нарсага хизмат қилмайди.
Маълумки, халқаро меъёрларга кўра, Ироқ ҳукумати ҳам, Ироқ шимолий минтақаси ҳам бу борада жавобгарликка эга ва улар Ироқ шимолидан Эрон миллатига қарши қаратилган бу террорчи гуруҳларни йўқ қилиш учун ушбу жавобгарликни назарда тутган ҳолда ҳаракат қилишлари керак.