Тожикистон ва Толибон бир-бирига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошламоқда
Россиядаги манбаларга кўра Толибон ва Тожикистон ўртасидаги зиддият кескинлашганидан кейин, ҳар икки томоннинг ҳарбий кучлари чегара яқинида саф тортган.
Россия ҳукумати Тожикистон ва Толибон ўртасидаги зиддиятларнинг кучайишидан хавотир билдириб, ҳар икки томонни масъулиятли ҳаракат қилишга чақирди.
Тожикистон Афғонистон билан 1350 километрлик чегарасида ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қилмаган, айниқса Толибон режими даврида. Йигирма йил олдин ҳам, Толибон Афғонистоннинг Панжшер водийсидан ташқари ҳудудларини бошқарганда, Тожикистон билан жуда ёмон муносабатларга эга эди. Ушбу мамлакат афғон миллий қаҳрамони Аҳмад Шоҳ Масъуд бошчилигидаги Шимолий коалицияга ҳомийлик қилиб, толибларга қарши чиқди.
Энди ҳам, аввалгидек, Тожикистон ҳукумати Афғонистон орқали экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг кириб келишидан хавотир билдириб, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун Толибондан инклюзив ҳукумат тузишни талаб қилмоқда.
Сиёсий масалалар бўйича афғонистонлик эксперт Фарейдун Баракзайнинг айтишича, Толибон ўтмишдан сабоқ олиши, уни йўқ қилишга олиб келган сиёсатдан воз кечиши, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик учун ҳаракат қилиши лозим.
Толибон эса Тожикистон ҳукуматини Афғонистон ички ишларига аралашишда айблаб, Душанбе ҳукуматига таҳдид қилмоқда. Ҳаракат расмийлари Тожикистон Панжшердаги гуруҳларни қўллаб-қувватлаш орқали, уларни ўтган йигирма йил ичида бўлгани каби яна Толибонга қарши қўйиши мумкинлигидан хавотирда.
Шунинг учун, толиблар Тожикистонни ўзларининг Афғонистондаги фаолиятларига энг катта ва муҳим таҳдид деб билишади. Шу сабабли, Душанбе ҳукуматига қаттиқ жавоб бериб, Тожикистондан ўтмишдаги йўқотишларнинг ўчини олишга ҳаракат қилмоқдалар. Аммо, Душанбе ҳукуматининг Тожикистон ҳукуматига мухолиф кучларнинг Афғонистонда фаоллашиши борасидаги хавотирларини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Бу борада афғонистонлик сиёсий эксперт Фарангис Нажибуллоҳнинг фикрича, Тожикистон ҳукумати 1997 йилда Душанбе ҳукумати ва мухолифатдаги исломчилар ўртасида тузилган шартномани рад этган Ансоруллоҳ гуруҳи каби мухолиф гуруҳларнинг кучайишидан хавотирда. Ҳозирда ушбу гуруҳ тожик ҳукумати учун потенсиял хавф ҳисобланади.
Қолаверса, Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги фуқаролар уруши пайтида Афғонистонга қочиб кетган ва ҳозирда ушбу мамлакат шимолида яшовчи тожиклардан хавотирга тушганга ўхшайди, уларнинг сони тақрибан 5 миллионга яқин.
Ҳар ҳолда, Россия ҳукумати Толибон ва Тожикистон ҳукумати ўртасидаги зиддиятларнинг кескинлашувида ғалаба қозонаётганга ўхшайди. Чунки Москва катта оға сифатида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш орқали минтақада, айниқса, собиқ совет республикалари орасида ўз хавфсизлик доирасини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.