Фандуқлу ўрмони
(last modified Mon, 04 Oct 2021 02:11:17 GMT )
октябр 04, 2021 07:11 Asia/Tashkent
  • Фандуқлу ўрмони

Агар сиз Эрон  улкан ҳудудининг исталган бурчагига саёҳат қилсангиз,  кўплаб ажойиб диққатга сазовор жойларга дуч келасиз. Эроннинг энг диққатга сазовор жойларидан бири мамлакат шимоли -ғарбидаги гўзал Ардабил вилояти бўлиб, унинг ҳар бир қисми кичик жаннатга ӯхшайди

 Ардабил - Эрон тоғларининг келинчаги Сабалоннинг ватани ҳисобланади. Шунингдек, чексиз лолақизғалдоқ ва мойчечак текисликлари диёри, иссиқ булоқлар ва чашмалар, изғирин совуқ ва қор билан қопланган эртакона сўқмоқлар , Сафавийлар тарихи ва озарбайжон санъати ва мусиқаси билан машҳур.  Бу гўзалликлар орасида, совуқ ва қорли Ардабил диёрининг қалбида Фандуқлу ўрмони деб аталувчи ўзгача ва ажойиб диққатга сазовор макон мавжуд. Ушбу маскан кўплаб сайёҳларни ўзининг ажойиб манзарасидан завқлантириш учун ўз бағрига чорлайди. Ушбу эгзотик ҳудуд ҳақида кўпроқ билиш учун бугунги дастуримизда бизга ҳамроҳлик қилинг.

Фандуқлу ўрмони Ардабил шаҳридан 30 км ва Намин шаҳридан 10 км жанубда жойлашган. Ўрмон-даштнинг ўзига хос диққатга сазовор жойлари туфайли у экотуризм соҳасида жуда юқори салоҳиятга эга. Ҳайрон довонини кесиб ўтиб, Наминга етмасдан, сизни Фандуқ ўрмонига олиб борадиган йўл бор. Ранг-баранг гуллар, чиройли дарахтлар, фундуқ ёнғоғи дарахтлари, иссиқ булоқлар ва ёввойи ҳайвонлардан иборат текислик. Ўрмон тахминан 25 квадрат километр майдонда тарқалган, шундан чорак қисми ўрмонли, қолган қисми яйлов. Ўрмоннинг катталиги нисбатан кичик бўлса-да, лекин бу ҳудудни Фандуқлу ўрмони деб аташади. Фандуқлу ўрмонининг баландлиги денгиз сатҳидан 1500 метр, максимал баландлиги эса 1850 метрга етади.

Фандуқлу ўрмони

Фандуқлу ўрмони - Ардабил вилоятининг қуруқ ва совуқ ҳавоси билан Гелоннинг иссиқ ва нам ҳавоси тўқнашган ҳудудда жойлашган. Шунинг учун бу ерда йилнинг кўп кунлари туманли, ҳатто ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам қуйи баландликлардаги булутлар оқимини кўришингиз мумкин. Ҳавонинг бироз булутли бўлиши биланоқ, Ҳайрон давони ва Фандуқлу ўрмонида ёмғир ёға бошлайди. Худди шу ёмғирлар ўсимликлар ва дарахтларнинг иложи борича кўпайишига ва ўсишига олиб келган.

Фандуқлу ўрмони

Ушбу минтақада фундуқ ёнғоғи  бошқа турдаги дарахтларга қараганда кўпроқ ўсади. Шунинг учун бу минтақа Фандуқлу деб номланади. Албатта, бу ўрмонда бошқа турдаги мевали дарахтлар ҳам кўп. Ёввойи олма, яшил помидор,  резаворлар, малина ва қулупнай каби мевали дарахтлар. Ёзда Фандуқлуга борадиган одамлар ёввойи олма ва фундуқ дарахтларидан мева теришади. Бироқ, атрофдаги қишлоқларнинг аҳолиси бу меваларни бошқалардан кўра эрта териб олиб, йўллар бўйлаб ўз боғларининг маҳсулотлари билан бирга сотадилар. Булардан ташқари, бу ўрмонларда шохли, олха, эман ва бедмушк каби бошқа дарахт турлари ҳам тарқалган. Дарахт турларининг хилма-хиллиги туфайли, унинг куз фасли турли рангдаги дилкаш манзарага айланади. Фандуқлуда  айиқ, юмронқозиқ, каклик, бургут ва турли хил сайроқи қушларни ҳамкӯплаб учратиш мумкин.

Фандуқлу ўрмони  одам қўли етмаган табиат мўъжизаларидан бири бўлиб, шифобахш ўсимликларнинг табиий заҳираси ҳисобланади. Баҳорда , сайёҳлар Ардабил ва Намин шаҳридан Фандуқлу ўрмони томон ҳаракат қилишади. Фандуқлу ўрмонининг белгисидан ўтишгач, бироз нарида, паст тепаликдан кўтарилишлари билан, улар бирдан ҳайратланарли манзарага дуч келишади. Саёҳатчиларнинг кўзлари олдида мойчечак гуллари билан тўла чексиз оқ текислик пайдо бўлади, худди ер қор билан қопланганга ўхшайди. Фандуқлу сафарида сиз хоҳлаганча мойчечак тўплашингиз ва ундан чой ёки анъанавий тиббиёт усулида даволаниш учун фойдаланишингиз мумкин. Мойчечакнинг қуритилган барглари, кғунчалари ёки  гулларидан тайёрланган дамламалар кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Бу хушбўй ва гўзал гулнинг хусусиятлари таскин беришдан тортиб, шишни камайтиришгача ёрдам беради. Баъзи одамлар бу гулни юз ниқобларида ишлатиб, унинг теридаги доғларни кеткизувчи ва намлантирувчи хусусиятларга эга эканлигини айтишади.

Фандуқлу ўрмони

Албатта, ҳар бир ўсимликнинг даволаш усуллари ва истеъмолини ишончли манбалардан ўрганиш ва кейин ундан фойдаланиш тавсия этилади. Фандақлу ўрмонида мойчечакдан ташқари, наъматак, хос, помчол, гулдис, бинафша ва говзабон каби бошқа ўсимликлар ва гуллар ўсади.

Ҳар йили баҳор охирида ва чиройли мойчечак гуллари гуллаши билан, бир неча юз гектар майдонли яйловларда кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар иштирокида  мойчечак гуллари фестивали ўтказилади. Ушбу фестивалда  минтақанинг устоз рассомлари ва ҳунармандлари қимматбаҳо меросни гилам, муснад, жожим ва хилма-хил бӯёқлар ишлаб чиқариш орқали оммага намойиш қиладилар.

Фандуқлу ўрмонидаги мойчечаклар дашти

"Маша суйи" (Али Даши) номи билан машҳур бўлган булоқ Фандуқлудан 8 км узоқликда, Гелон вилоятида жойлашган. Масофанинг узоқлиги ва алпинизмни талаб қилгани учун,  фақатгина алпинизм мақсадида келганларгина Маша суйига бора олишади, холос ва кўпчилик саёҳатчилар бундай булоқ борлигидан бехабар. Бу булоқ дарё бўйида ва ўрмонлар орасидаги водий тубида жойлашган. Сув нисбатан илиқ ва жуда иссиқ эмас. Чашманинг ўзи кичик ҳовузга эга ва сув тошнинг юрагидан ҳовузга оқади. Ҳовуз тўлган заҳоти тошиб кетиши учун тор сув йўли ажратилган, агар ҳаво бироз совуқ бўлса, булоқнинг иссиқ суви буғланади. Ер ости чуқурлигида вулқон тошлари бўйлаб илиқ сув ўтиши сабабли, бу сувни ичиш зарарли бўлиши мумкин, лекин унга қўл солиш зарарли эмас.

Али Доший иссиқ сув чашмаси

Агар сиз Фандуқлуни зиёрат қилиш учун энг яхши вақтни билмоқчи бўлсангиз, биз сизга баҳорнинг ўрталари ва ёзнинг бошини тавсия қиламиз. Бу қисқа вақт ичида мойчечак гуллари очилган, ҳамма жой яшил рангда ва ҳарорат саёҳат ва дам олиш учун ажойиб. Август ойидан бошлаб қуёш қиздиради ва ёғингарчилик камайиши билан ранглар зоналари аста-секин яшилдан сариқ рангга айланади. Сентябрдан кучли шамол бошланади, куз ёмғирли ва доимий равишда туманли бўлади. Шуни унутмангки, йилнинг исталган вақтида, бу ерга саёҳат қилмоқчи бўлганингизда, ҳатто ёзда ҳам озгина иссиқ кийим ўзингиз билан олганингиз маъқул, чунки Ҳайрон довони ва Фандуқлу ӯрмони ҳар доим атрофдаги ҳудудларга нисбатан совуқроқ бўлади.