Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни (7)
"Эроннинг минтақавий иқтисодиётдаги ўрни" дастурида бугун сиз билан капитал бозори ва унинг минтақа иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни ҳақида гаплашамиз.
Молиялаштириш иқтисодий ўсиш ва ривожланишнинг биринчи ва энг муҳим компонентидир. Молиялаштириш иқтисодий фаолиятни яратишда муҳим омил ҳисобланади. Бу иқтисодий фаолият миллий даражада қанчалик катта ва муҳимроқ бўлса, керакли молиявий ресурслар ёки капитал билан таъминлаш шунчалик муҳимдир. Бу ресурсларни жалб қилишда кўпроқ муваффақиятга эга бўлган давлатлар, ҳозирда жаҳон иқтисодиётининг салмоқли улушига эга. Капитал бозори ёки фонд биржаси - бу микро ва макро капитал тўпланадиган жой. Ҳар бир мамлакат иқтисодиётини тартибга солувчи қонун ва қоидаларга кўра, иқтисодий фаолликни яхшилаш учун саноат ва ишлаб чиқариш фабрикалар вакиллари ушбу молиявий марказлардан фойдаланишлари мумкин. Ушбу бозор ликвидликни таъминлаш ва уни ишлаб чиқариш секторига тақсимлашда муҳим рол ўйнайди, жамғармаларни жалб қилади ва инвестициялар учун зарур ликвидликни таъминлайди. Шунингдек, инвестиция хавфини камайтириш, инвестицияларнинг шаффофлигини таъминлаш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга ёрдам беради.
Иқтисодиётнинг асосий тармоқларига ўрта ва узоқ муддатли инвестициялар учун зарур бўлган капитални таъминлайдиган молиявий бозорлар қаторига капитал бозори ёки фонд биржаси ҳам киради. Капитал бозори фалсафаси - капитални тўплаш ва компаниялар ва уларнинг лойиҳаларининг молиявий эҳтиёжларини изчил, қонуний, узлуксиз ва шаффоф бозор тизими кўринишида таъминлашдан иборат. Ушбу бозорни шакллантиришнинг муҳим асоси шерикликнинг асосий ва оддий концепцияси, шунингдек, потенциал фойда ва зарарни шериклар ўртасида тақсимлашдир. Агар мамлакат молиявий сиёсатида капитал бозоридан фойдаланмаса, у ўсиш ва фаровонликка ёрдам берувчи муҳим иқтисодий салоҳиятнинг бир қисмини эътиборсиз қолдирган саналади.

Қимматли қоғозлар бозорига кирадиган жисмоний шахслар улушни сотиб олиш йўли билан ўз капиталининг ҳажмига мутаносиб равишда, корхонага эгаликка шерик бўлишади. Жануби-Ғарбий Осиёда Теҳрон фонд биржаси, Абу-Даби, Умон, Баҳрайн, Боку, Истанбул, Тадвал (Саудия Арабистони) каби бир қанча капитал бозорлари бор. Бу бозорларнинг қиймати миллиардлаб долларни ташкил этиб, товарлар, қимматли қоғозлар, энергия каби турли соҳаларда фаол. Бу ҳажмдаги капитал инфратузилмани барпо этиш, йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларига сармоя киритиш ва минтақа иқтисодиётининг диверсификация қилиш учун ишлатилиши мумкин.
Теҳроннинг шимоли-ғарбий минтақасида инфратузилмаси тахминан 35 минг квадрат метр бўлган 18 қаватли бино бор. Бу бино Эрон капитал бозорининг уриб турувчи юрагини, яъни биржа ва қимматли қоғозлар ташкилотини ўз бағрига олган. Теҳрон фонд биржаси, Эрон кенг қамровли биржаси, Эрон товар ва хом-ашё биржаси ва энергетика биржаси - Эроннинг тўртта йирик ва муҳим биржалари бўлиб, улар биржа ва қимматли қоғозлар ташкилоти назорати остида фаолият олиб боради. Теҳрон фонд биржаси компанияси - 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, Эрон капитал бозорининг устунларидан бири ҳисобланади. Эрон фонд бозорининг ижобий жиҳатларидан бири бу минтақадаги бошқа мамлакатларга қараганда микро ресурсларни жалб қилиш учун кўплаб сармоявий фондларнинг мавжудлигидир. Шунингдек, минтақа биржалари билан таққослаганда, Теҳрон фонд биржасининг афзаллиги шундаки, у Форс кўрфази мамлакатлари биржаларидан фарқли ўлароқ, фақат банклар ёки нефтга асосланмаган. Эрон фонд биржасида турли соҳалар мавжуд. Эрон фонд биржасида 40 дан ортиқ саноат тармоқлари жойлашган. Эрон фонд бозорида нефт-кимё ва нефтни қайта ишлаш саноати, банклар, кон металлургия саноати каби турли хил иқтисодий соҳаларнинг 300 дан ортиқ компаниялари фаол. Эрон фонд биржасида рўйхатга олинган компаниялар сони минтақадаги бошқа давлатларга қараганда юқори кўрсаткични кўрсатади.
Бу устунликнинг сабаби - хусусийлаштириш ва акцияларни улашиш сиёсати ва Эрон иқтисодий тузилмасида турли соҳаларнинг мавжуд эканлигидир. Конституциянинг 44-моддасига кўра умумий сиёсатни амалга ошириш ва иқтисодиётни капитал бозори орқали хусусийлаштириш мақсадида, сўнгги ўн йил ичида акциялари биржага чиқарилган компанияларнинг аксарияти давлат мулки бўлган. Бу компаниялар ўз соҳасидаги йирик саноат мажмуалари ҳисобланади. Масалан, Ижтимоий таъминот инвестиция компанияси (Шаста) нинг 180 дан ортиқ филиаллари бор. Бу компаниялар бошқарув пакетининг 82 фоиз улуши фонд биржасида жойлаштирилган.
Эрон иқтисодиётининг жуда муҳим жиҳати шундаки, у эндоген ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиёти циклларини ҳаракатлантирувчи кўплаб ички омиллар ва ишлаб чиқариш манбалари мавжуд. Эрон - иқлим ва биологик хилма-хиллиги жуда юқори, табиий ва минерал ресурсларга бой, ёш, ижодий ва юқори маълумотли ишчи кучига эга. Яқинда Американинг CНН канали ўз ҳисоботида мутахассисларидан бирининг фикрига таяниб, Эрон иқтисодиётининг имкониятлари ҳақида шундай деди:
"Туркия ишчи кучи, Саудия нефт захиралари, Россиянинг табиий газ захиралари ва Австралиянинг минерал захираларининг потенциал харидорлари, буларнинг барчасини бир коктейл кўринишида фақат Эронда топишлари мумкин".
Эрон иқтисодиёти, айниқса АҚШ ва Европа давлатларининг қаттиқ санкциялари туфайли юзага келган кўплаб муаммоларга қарамай, айниқса сўнгги йилларда, мақбул рекорд кўрсатишга муваффақ бўлди.

Мамлакатларнинг молия бозорлари халқаро савдога қизиқувчи инсонлар диққатидаги мавзулардан биридир. Бу одамлар гуруҳи учун рентабеллик ва инвестицияларнинг жозибадорлиги мамлакатлар иқтисодиётида иштирок этишнинг муҳим мезонларидан бири саналади. Эрон капитал бозори сезиларли ўсиши билан нафақат эронлик инвесторларни, балки минтақавий ва халқаро инвесторларни ҳам қизиқтиради. Эрон марказий депозитарийси маълумотларига кўра, ҳозирда 40 дан ортиқ мамлакатларнинг жисмоний ва юридик акциядорлари Теҳрон фонд биржасида рўйхатга олинган. Эрон капитал бозорига кирган биринчи Эронлик бўлмаган акциядор Германия эди. Ҳозирги кунда Эрон фонд бозорида эронлик бўлмаган акциядорларнинг аксарияти минтақа давлатларидан, хусусан Афғонистон, Туркия, БАА ва Ироқдан. Эрон фонд биржаси қоидаларига кўра, эронлик бўлмаган инвестор эронлик инвестордан фарқ қилмайди. Стратегик инвестициялар киритиш мақсадида Эрон компанияларига кирган чет эллик инвесторлар ҳам чет эл инвестициялари тўғрисидаги қонун ҳимоясидан фойдаланишлари мумкин.
Хорижий сармоядор кириши ва сармоя киритишни осонлаштириш ҳамда Эрон капитал бозорини халқаро миқёсга олиб чиқиш режасини тузиш, мамлакат капитал бозорининг халқаро фонд бозорларига кириши бўйича Биржа ташкилотининг мақсадларидан биридир. Эрон фонд биржасини назорат қилиш ташкилоти Германия, Гонконг, Уммон ва Греция каби баъзи мамлакатларнинг биржа назорат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатган ва Халқаро қимматли қоғозлар комиссиялари ташкилоти (ИСCО) аъзоси. ИСCО аъзолари 105 дан ортиқ ижро этувчи соҳаларда жаҳон капитал бозорининг 95 фоизини тартибга солади ва назорат қилади. Ушбу халқаро ташкилот 38та принципга эга бўлиб, учта мақсадга асосланади: инвесторларни ҳимоя қилиш, бозорларнинг адолатли ва ошкора ишлашини таъминлаш ва тизимли таваккалчиликни камайтиришдан иборат.
Эрон капитал бозори мутахассислари узоқ вақт давомида мамлакатнинг эркин зоналарида халқаро фонд биржасини тузиш режасини кўриб чиқишмоқда. Лойиҳанинг мақсади бошқа мамлакатларнинг биржалари билан ўзаро икки томонлама ҳамкорлик ва потенциал бозорларда эронлик инвесторларнинг фаолроқ иштирок этишини таъминлашдир. Бу бозорда эронлик ва эронлик бўлмаган сармоядорлар эркин зоналарнинг афзалликларидан фойдаланадилар, компанияларга эса кўпроқ бизнес имкониятлари тақдим этилади.
Валюта кириш ва чиқиш эркинлиги, хусусий банк ташкил этиш, хорижий банкларнинг филиалларини ташкил этиш ва чет элликларнинг мамлакат иқтисодий фаолиятида эркин иштирок этиши эркин зоналардаги халқаро фонд биржасининг афзалликларидан бири бўлади. Бу имтиёзлар, эркин зоналарнинг солиқ имтиёзлари билан бир қаторда, инвесторларнинг эркин зоналарда жойлашган биржаларга сармоя киритишини осонлаштириши ва кўпроқ даромад олиб келиши мумкин.