Ошуродеҳ ороли
(last modified 2021-10-05T20:18:02+00:00 )
октябр 06, 2021 01:18 Asia/Tashkent
  • Ошуродеҳ ороли

Катта-кичик машҳур ороллари бўлган Эрон жанубининг Форс кўрфази ва очиқ сувларидан фарқли ўлароқ, мамлакат шимоли яни Каспий денгизида, Ислом Жумҳуриятининг фақатгина  Ошуродеҳ номли  ороли мавжуд.

 Гўзал кўринишга эга ёғоч кўприк орқали қуруқликка боғланган орол. Ошуродеҳ, Каспий денгизидаги ягона Эрон ороли бўлиб, ҳозирда Гулистон вилоятидаги доимий аҳоли яшамайдиган ҳудуд ҳисобланади. Ошуродеҳ - Каспий денгизидаги Эроннинг энг катта ва ягона ороли,  Туркман порти ҳудудининг Миёнколе ярим ороли марказида жойлашган.

 Туркман порти - Эроннинг шимолий портларидан бири ва Гулистон вилоятида жойлашган Каспий денгизининг шарқий соҳилидаги энг машҳур портлардан ҳисобланади. Туркман портининг соҳили Гургон шаҳрига энг яқин қирғоқдир.Ўтган асрларда, орол ўзининг асосий қуруқлик қисми - Миёнколе ярим оролидан, одамлар фаолияти натижасида, канал қазиш йўли билан ажратилган. Каспий денгизи сув сатҳининг кўтарилиши туфайли "Хазини" табиий канали орқали Ошуродеҳ ороли Миёнколе ярим оролидан ажралиб туради.  Шундай қилиб, Ошуродеҳ ороли шимолдан Каспий денгизига, шарқдан "Чапақ ўғлу бўғози" деб номланган тор бўғозга, ғарбдан Хазини табиий каналига ва  Миёнколе  ярим оролига, жанубдан эса Гургон кўрфазига чегараланади. Ошуродеҳ баландлиги денгиз сатҳидан минус 26 метр баландликда жойлашган ва иқлими мўътадил.

Ошуродеҳ сўзи туркман тилида "Ошур ороли" деган маънони англатади. Бу икки қисмдан иборат бўлиб, Ошир (Ошур) ва Одо , орол деган маънони англатади. Туркманлар  бу оролни "Мол Ошир" деб ҳам аташади. Чунки қадим замонларда баъзи чўпонлар чорва молларини Туркман портининг қирғоғидан боқиш учун оролга олиб келишган ва бу сўзда "мол" "чорва", "ошир" эса "етказиб бериш" деган маънони билдиради.

Аксарият тарихий манбаларда, Ошуродеҳ учта оролдан ташкил топган Ошуродеҳ архипелаги сифатида тилга олинган. Денгиз сатҳи кўтарилгач, пастки қисмидаги иккала кичик орол ҳам сувга чўккан ва  фақат битта орол қолган. Ошуродеҳнинг асосий ҳудуди бир неча йил олдин 1200 гектарни ташкил қилган. Унда мактаб, дўкон, кинотеатр, қаҳвахона ва масжид каби қулайликлар бор эди ва оролда 1000 дан ортиқ одам яшаб, чорвачилик, ҳунармандчилик ва балиқчилик билан шуғулланган. Бироқ, 1993 йилда сув сатҳининг кўтарилиши ва тошқинлар атиги 400 гектар майдонни қолдириб, орол аҳолисини қочишга мажбур қилди. Ҳозирги вақтда Ошуродеҳда фақат балиқчилар ва овчилар қолган, бошқа одамлар эса қуруқликдаги шаҳарларда  яшайди.

Ошуродеҳ ороли

Ошуродеҳ ороли бир неча жиҳатдан муҳим. 1975 йилда орол дунёдаги биосфера қўриқхоналаридан бири ва биохилма-хилликнинг халқаро қўриқланадиган ҳудудларидан бири деб эълон қилиниб, халқаро рўйхатга олинди. Орол, шунингдек, Ромсар конвенцияси бўйича дунёдаги энг муҳим сув-ботқоқликларидан биридир. У 59 та халқаро табиий захиралардан бири сифатида рўйхатга олинган ва Эроннинг энг муҳим ёввойи табиат қўриқхоналаридан бири сифатида танилган. Ошуродеҳнинг яна бир диққатга сазовор томони шундаки, Эрон икрасининг қарийб 40 фоизи орол яқинида олинади. Ошуродеҳ икраси  жуда машҳур ва дунёдаги энг яхши икралардан бири ҳисобланади. Бу ерда икра билан бир қаторда, оқ балиқ, сазан, қайла, мош, филето, мерсин ва озон каби бошқа балиқ турлари ҳам мавжуд.

Кўчиб юрувчи қушларни кузатиш Ошуродеҳ оролидаги энг машҳур машғулотлардан биридир. Орол ёввойи табиатнинг энг катта қўриқхоналаридан бири бўлиб, ҳар йили куз охирида кўплаб қушлар бу ерга кўчиб ўтишади. Фламинго, куку, каспий қирғовуллари, эгретлар, корморантлар каби турли хил қушлар оммавий парвозининг мисли кўрилмаган манзараларини томоша қилиш хотирада абадий сақланувчи тасвирларни хосил қилади. Ошуродеҳ оролидаги бошқа ҳайвонлар орасида чўчқалар ва ёввойи отлар бор, улар денгизнинг шўр сувларини ичишга қодир ва умри қисқа. Ошуродеҳ, шунингдек, ўтган асрнинг бошларида Мозандарон йўлбарсининг яшаш маскани бўлган.

Афсуски, бу йўлбарслар ов ва экологик муаммолари туфайли йўқ бўлиб кетишди. Орол ўсимликлари асосан малина буталари,  тиконли буталар ва нордон анор дарахтларидан иборат.

Ошуродеҳ ороли

Ошуродеҳ - сокин ва хилват орол. Оролнинг сукунатида юриш ва денгиз тўлқинларининг овозини тинглаш - бу ҳудудда қилишингиз мумкин бўлган энг ёқимли машғулотлардан бири. Ошуродеҳ оролида бажаришингиз мумкин бўлган бошқа машғулотлар оролнинг қумтепалари ва балиқларини кўриш, балиқ овлаш, қуёшнинг ботиши ва табиат манзараларини суратга муҳрлаш, чўмилиш, малина ва нордон анор йиғиш ва орол бўйлаб қайиқда сузишдан иборат. Туркман отларини миниш - яна бир қизиқарли тажриба бўлади.  Сиз ҳеч қачон унутмайдиган қизиқарли тажриба. Ошуродеҳга қилган саёҳатингизда, Туркман порти соҳилида  анъанавий либослари билан ташриф буюрувчиларга ушбу халқнинг бой маданиятини кўрсатувчи туркман эркаклар ва аёллар билан учрашишингиз мумкин.

Ошуродеҳ ороли

Ошуродеҳнинг иқлими мўътадил ва нам. Оролда йилнинг иккинчи ярмида кучли ёмғир ва совуқ об-ҳаво юз беради, айниқса кузнинг охиридан қишнинг охиригача. Шунинг учун йилнинг шу вақтида Ошуродеҳга бормаслик тавсия этилади. Бироқ, агар сиз Ошуродеҳда кўчиб юрувчи қушларни кўришни истасангиз, қишда бу оролга боришингиз керак. Бундай ҳолда, сафар олдидан об -ҳавони текшириб, тегишли кийим ва жиҳозларни олиб келинг.

Ошуродеҳ ороли

Қишда минимал ҳарорат - етти даража, ёздаги максимал эса - 37 даража. Ошуродеҳдаги баҳор сизни ёқимли ва салқин иқлим билан кутиб олади. Йилнинг бу вақтида дарахтлар ва ўсимликлар бутун оролни қоплайди ва ёмғир ёғиши оролнинг гўзаллигини оширади. Шунинг учун, кўп сайёҳлар нуқтаи назаридан Ошуродеҳга ташриф буюриш учун энг яхши вақт баҳорнинг бошидан ёзнинг бошигача ва кузнинг ибтидосидир. Бу даврда об-ҳаво салқин ва ёқимли бўлгани учун, табиатнинг гўзаллигидан тўлиқ баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Ёрлиқ