Эрон табиатининг жозибали манзаралари (75)
Чобаҳор сув вулқонлари
Эрон жануби-шарқида жойлашган улкан Систон ва Балучистон вилоятининг энг жанубий нуқтасида, барча фаслларида баҳорнинг латофати бўлган шаҳар бор. Кўплаб юк кемалари ва балиқчилар қайиқлари билан ўралган порт шаҳар. Чобаҳор - Эронда очиқ сувга чиқадиган ва Ҳинд океани билан бевосита боғланган ягона порт. Ушбу шаҳар Уммон денгизи соҳилида жойлашган.
Чобаҳор ўзининг тижорий аҳамиятидан ташқари, юзлаб тарихий ва табиий диққатга сазовор жойлари билан саёҳатни севувчилар учун жуда жозибали жой саналади. Чобаҳорнинг гўзал қояли, маржон ва қумли соҳиллари ажойиб комбинацияни кўрсатади. Бу гўзал ва ажиб соҳиллар ажойиб диққатга сазовор жойларга тўла. Аммо баҳор ва ёз охирида, бу гўзал порт шаҳарнинг бетакрор соҳиллари бўйлаб сув вулқони ёки сакровчи мавжлар деб номланувчи ҳодиса рўй беради. Агар сиз ҳам денгиз саёҳати ёки ноёб соҳил ажойиботларига сафар қилишни севсангиз, ушбу ажойиб ҳодиса ҳақида кўпроқ билиш учун бугунги дастуримизга қўшилинг.
Агар сиз Чобаҳорга саёҳат қилсангиз, бу портда иккита асосий соҳил борлигини билиб оласиз. Катта денгиз соҳили ва кичик денгиз соҳили - кўпинча маҳаллий аҳоли ва сайёҳларни жалб қиладиган соҳиллар ҳисобланади. Кичик денгиз соҳили, Чобаҳор кўрфази ичида жойлашган, маҳаллий балиқчилик қайиқлари турар жойидир ва катта пляжга қараганда анча тинчроқ ва саёзроқ. Катта денгиз соҳили эса, Уммон денгизининг исёнкор тўлқинларини кўрсатадиган жой. Бу соҳил, минг йиллар давомида бўронли тўлқинлар томонидан шаклланган баланд қояларининг ғалати шакли ва тасвири туфайли жуда ажойиб кўринишга эга. Маржонлар, яшил мохлар ва қора қояларнинг жозибали комбинацияси катта денгиз соҳилини минтақадаги энг гўзал пляжлардан бирига айлантирган. Тўлқинлар қояларга қараб ҳаракат қилганда, бирданига катта зарба пайдо бўлади ва узун тўлқин шаклланади. Бу соҳилда тўлқинларнинг ҳаракати ва қояларнинг мустаҳкамлиги таҳсинга сазовор. Бу пляж ҳар фаслда гўзал, лекин Катта денгиз соҳилидаги энг гўзал ҳодисалардан бирини ёзда ва муссон мавсумида кўриш мумкин.
Ҳинд океани яқинида жойлашганлиги сабабли, Чобаҳор ҳар доим Ҳиндистон ярим оролидан эса бошлаган мавсумий шамоллар таъсирида бўлади. Маҳаллий аҳоли буни Муссон деб аташади. Муссон арабча мавсум сўзидан келиб чиққан ва мавсумий деган маънони англатади. Муссон худди денгиз шамолига ўхшайди, лекин баъзида у кескин тезлашади ва фақат йилнинг маълум вақтларида эса бошлайди. Муссон ҳам денгизни ҳаракатлантириб, тўлқин ҳосил қилади. Чобаҳорда муссон шамоллари баҳор охирида бошланади ва ёз охиригача давом этади. Агар сиз ёз ўрталарида катта денгиз соҳилига борсангиз, кўрасиз, тўлқинлар ҳаракатланиб, қирғоққа урилганда, бирдан ернинг тубидан ва қояларнинг ёриқлари орасидан сув отилиб чиқади. Ушбу сув сакрашларининг баландлиги баъзан 20 метрдан ошади. Сув вулқонлари ёки мавж ўйинлари деб номланган жозибали ҳодиса.
Сув вулқонларидан чиқадиган сувнинг кучи йил ойлари, шамол, тўлқинларнинг тезлиги кўра учдан тўрт метргача, баъзан эса йигирма метр баландликгача етади. Йилнинг биринчи ярмида қояли қирғоқларга урилувчи тўлқинларнинг жуда кучли эканлиги туфайли қоялардаги ёриқларни тўлдирган қум ювилиб кетади. Қоялардаги ёриқлар бўшаб қолгач, тошга тез урилган сув тешикдан юқори босим остида улоқтирилиб, тўлқин ҳосил қилади. Бу бўшлиқлар йиллар давомидаги тош эрозияси маҳсулидир.
Сёрфинг - бу минтақада болалар ва катталар учун энг машҳур машғулотлардан бири. Сувнинг тўлқинлар билан ўйнаши ва бирданига отилиб чиққан сув вулқонларининг шовқини бу ҳудудда бўлишни жуда ҳаяжонли қилади. Агар сиз қуёш ботишида бу гўзал пляжга етиб борсангиз, сиз катта денгиз соҳилида сайр қилиб, мохларни, қояларни, суёрфингчиларни ва денгиз тўлқинларининг рақсини томоша қилиб, ушбу соҳил атрофидаги ресторанларга ташриф буюришингиз мумкин.
Бу ресторанларда турли хил мазали балиқлар ва маҳаллий таомлар тайёрланади, бу эса сизни маҳаллий таомлар хазинаси билан таништиради. Бу соҳилдаги панжара балиқ кабобларининг ҳиди ўтаётган ҳар бир кишини думоғини қитиғлайди. Бу минтақанинг маҳаллий таомлари кўпинча аччиқ таъмга эга. Дунёнинг ҳеч бир жойида бу ўлка таомларининг ўзига хос таъмини топа олмайсиз.
Муссоннинг таъсири туфайли Эроннинг кўп жойларида бир неча ойлик жазирама мавсумида, Чобаҳорда одамлар энг юмшоқ об-ҳавони бошдан кечиришади. Яхши об-ҳаво, баъзида ёмғир ҳам ёғади. Чобаҳор портидаги муссон мавсумида ёғингарчилик рекордлари бир соатдан камроқ вақт ичида 200 мм га етади. Бу Эронда, айниқса иссиқ мавсумда ноёб ҳодиса. Ушбу гўзал ҳудудга саёҳат қилиш ҳар фаслда завқлантиради, лекин агар сиз сув вулқонларининг ажойиб ҳодисасини кўришни истасангиз, ёзда бу ерга ташриф буюрган маъқул.