Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
(last modified Sun, 24 Apr 2022 07:37:41 GMT )
апрел 24, 2022 12:37 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
    Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 17-24 апрель кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • Сирдарёда Сурияга кетмоқчи бўлганлар ДХХ томонидан қўлга олинди

 

  • Толибон гуруҳининг Ўзбекистон ҳарбий объектларига ҳужум қилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

 

  • 3 ичида Ўзбекистонга 1, 47 миллиард доллар пул ўтказмалари амалга оширилган

 

  • АҚШ Ўзбекистон қамоқхоналарида вазият бўйича янги ҳисоботини маълум қилди

 

  • Украинанинг Буча ҳудудида 11 нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган

 

***

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси ва вилоят Ички ишлар Бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирда Сурияга кетмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди.

Операция жараёнида Суриядаги «Катибатуль Тавҳид ва Жиҳод» халқаро террористик ташкилоти аъзолари томонидан очилган «виртуал гуруҳ»га аъзо бўлиб, ундаги ақидапарастлик материалларни бошқаларга тарқатиб келган 7 нафар шахслар ушланди деб хабар қилган Замин.уз.

Ўзбекистоннинг ушбу фуқаролари, Суриядаги жангарилар раҳнамоларининг онлайн дарсларида иштирок этиб келишган ва маълум муддат ичида улардан 2 нафари (2001 йилда туғилган M.O. ва 2002 йилда туғилган M.M.) радикал ғоялар таъсирига тушиб, Сурияга чиқиб кетишга тайёргарлик кўришган. Яшаш жойларида ўтказилган тинтув жараёнида, қўлга олинганлардан жиноятга алоқадор ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган.Тўпланган ашёвий далиллар асосида, Ўзбекистон Республикаси ДХХ Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси тергов бўлими томонидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***

Ўзбекистон ва Толибон

 

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги ҳарбий объектлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисида хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди деб ёзди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бундан олдин айрим Telegram-каналларда шунга ўхшаш хабарлар тарқалган эди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор де ёзган Асадов Телеграмм каналида.

Шунингдек Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, мамлакат ҳарбийлари Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегарасини тўлиқ назорат қилиб, барқарор вазият таъминланётганини билдирди.

Фуқаролардан бу каби ёлғон хабарларга ишонмаслик ва расмий манбаларга таянишлари сўралган.

***

Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон республикасига келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 1,47 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг телеграм каналида хабар қилинди. Амалга оширилган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга ошган.

Ўтган йили бу кўрсаткич 1,42 миллиард долларга етган. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотига кўра, бугунги кунда тижорат банкларида Золотая Корона, Western Union, Contact, MoneyGram, Migom, Unistream, RIA Money Transfer, Азия-Экспресс, Intel Express ва UPT каби халқаро пул ўтказмалари тизимлари ишлаб турибди. 

***

Ўзбекистон қамоқхоналари

 

АҚШ Давлат департаментининг Инсон ҳуқуқлари масаласида 2021 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистондаги қамоқхоналарда озиқ-овқат танқислиги, одамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, жисмоний зўравонлик, санитария шароитлари ва тиббий ёрдам кўрсатилмагани баъзи ҳолларда оғир ва ҳаёт учун хавфли деб маълум қилди.

2020 йилга нисбатан 2021 йилда Ўзбекистон қамоқхона маҳкумларининг сиғими тахминан 40 фоизга ошган деб хабар қилган Қалампир.уз. 

“Ҳукумат органлари эркаклар, аёллар ёки вояга етмаганларни судгача қамоққа олиш вақтида ёки судланганидан кейин бирга ушлаб тургани ва шарт-шароитлар жинсга қараб фарқланишини кўрсатувчи хабарлар йўқ. Ичимлик суви ва сифатли озиқ-овқат, душ ёки бошқа санитария иншоотларидан фойдаланиш имконияти ёмон эди. Маҳбуслар кўпинча зарур нарсалар билан таъминланиш учун оила аъзоларининг ташриф буюришига умид қилишган. Камералар кўпинча тор бўлиб, эски биноларда иситиш, совутиш ва ёритиш тизими қониқарли эмас эди. Айрим қамоқхоналарда тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти чекланган”, дейилади баёнотда. 

Маҳкумлар, Human Rights Watch ва бошқа ташкилотларнинг хабар беришича, калтакланган ва қийноққа солинган, жумладан, қамоқхонада оғир руҳий ҳолатда ушлаб турилган. 

Ташкилот Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб, маҳкумлар меҳнатдан бўш пайтда очиқ ҳавода машқ қилиш ҳуқуқига эга экани, шунингдек, қамоқхона қоидаларига мувофиқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатларда ихтиёрий равишда тиббий кўрикдан ўтиши белгиланганига эътибор қаратган. 

“Ушбу қоидаларнинг бажарилиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот оммага очиқланмаган”, дейилади ҳужжатда. 

Шунингдек, ташкилот баёнотида ОИВ/ОИТС касалликларига чалинган беморлар ҳақида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмаслиги танқид остига олинган.  

“Гарчи ОИВ/ОИТС билан касалланиш ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд бўлмаса-да, халқаро экспертларнинг таъкидлашича, ОИВ/ОИТС билан касалланиш даражаси оддий фуқароларга нисбатан маҳкумларда юқори бўлиши мумкин. Расмийлар 280 та ҳолатда сил касаллиги, 617 та ҳолатда COVID-19 га чалиниш, шунингдек, 13 802 маҳкумнинг COVID-19 га қарши эмлангани ҳақида хабар берган. Даволаш амалиётларига ёмон риоя қилиш ва бошқа тиббий хизматлар ҳукуматнинг инфекция даражасини пасайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига путур етказган”, дейилади АҚШ Ташқи идораси ҳисоботида. 

***

Украинадаги ўзбекистонликлар

 

Украинадаги ўзбекистонликлар тузган Telegram-гуруҳ ва каналларда тарқалган видеода 9 нафар ўзбекистонлик видеога олаётган одамга ўз исми-шарифини, қаердан эканини маълум қилган.

Ўзбекистонликларнинг ҳаммаси Сурхондарё вилоятидан. Украинадаги ўзбеклар тузган каналда шу видеодан кейин йигитлардан дарак бўлмагани айтилмоқда. Маълум бўлишича, уларнинг яна 2 нафар шериги бўлган. Видео Киев яқинидаги Бучада жойлашган база қоровули томонидан ёзиб олинган деб хабар қилган Кун сайти..

Йигитлар ўзларини Амирқулов Улуғбек Нуриддинович, Мажидов Фирдавс Ҳусанович, Асқаров Валишер Алишерович, Сафаров Сиратулло Сайфуллоевич, Маҳмаражабов Камолиддин Усмонович, Ботиров Муроджон Усмонович, Ҳамраев Наврўз Ҳасанович, Сафаров Ҳумайни Абдураҳмонович, Абдуманноев Ҳамидулло Абдураҳмонович деб таништирган. Улар орасида 2004 ва 2001 йил туғилган ёшлар ҳам бор.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда видеодаги йигитларни топиш учун гуруҳлар ташкил этилган. Уларда йўқолганларнинг яқинлари билган маълумотларини улашиб туришибди. Маълум бўлишича, йигитлар уруш бошлангунга қадар Киевда бўлган. Россия қўшинлари Украинага киргач, 11 нафар ўзбекистонлик Бучадан чиқишга имкон тополмаган. Отишма бошланганда Бузовая қишлоғига жўнаб кетишган. 24-28 февралда шу қишлоқда яшашган. 28 февралда Житомир йўлига чиқиб Лвовга кетишаётган бўлган.

«Улардан 2 киши машина тўхтатиб кетган, 9 нафари қолган. Отишма бошланиши билан йўлнинг ўрмон томонига беркинишган. Кейин яна Лвовга етиб олиш учун такси чақиришади, аммо такси етиб бормаган. Эшитишимча, танклар ўқ ота бошлаганда, ўша қишлоқдаги одамлар уларга бошпана берган. Бироз вақт ўтгач, улар яна Лвовга етиб олиш учун такси чақиришади. Шу орада телефон қуввати ҳам тугайди. Улар ёнимизга келишлари керак эди, бироқ алоқа узилиб қолди», дейди воқеадан бохабар гуруҳ аъзоларидан бири.