Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
(last modified Sat, 19 Nov 2022 10:51:55 GMT )
ноябр 19, 2022 15:51 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 13- 20 ноябргача кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • Шавкат Мирзиёевнинг қизи янги лавозимга тайинланди

 

  • ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳамкорлик бўйича 2026 йилгача мўлжалланган давлат дастурини имзолашди

 

  • Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо

 

  • Ўзбекистон ТИВ раҳбари ЕХҲТ бош котиби билан мулоқот қилди

 

  • Ўзбекистон: Афғонистон бўйича халқаро музокаралар гуруҳи тузиш керак

 

  • Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Европа комиссияси Вице-президентининг учрашуви бўлиб ўтди

***

Саъида Мирзиёева

 

Шавкат Мирзиёев фармойиши билан унинг қизи- Саида Мирзиёева Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири лавозимига тайинланди.

Мазкур шўъба янгидан тузилган бўлиб, Президент Шавкат Ммрзиёев Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари тизими таркибига киради.

Саида Мирзиёева ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилади.

Саида Мирзиёева Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиси, Тошкент давлат юридик университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистри, иқтисодиёт фанлари номзоди.

***

ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ҳамкорлик бўйича 2026 йилгача мўлжалланган давлат дастури имзоланди.

Бу дастур Ўзбекистонда тинчлик ва барқарор тараққиёт ғояларини илгари суриш йўлида ҳамкорлик қилишни назарда тутади

Ҳужжатга асосан, ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳукумати бир қатор келишувларга эришди. Хусусан, ЮНЕСКОнинг 2022–2029 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли стратегиясини амалга оширишда ҳамкорлик қилинади.

Бундан ташқари  ЮНЕСКО 2022–2026 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати биринчи донор бўлиши мумкин бўлган 2022–2026 йиллар давлат дастури Ҳаракат режаси биргаликда амалга оширилади.

Шу билан бирга, ЮНЕСКО Ўзбекистон учун бир қанча имтиёзларни ҳам тақдим этади. Дастур 2026 йил 31 декабргача амал қилади.

****

Шавкат Мирзиёев ва  Одиль Рено-Бассо

 

Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгаши биринчи ялпи мажлиси ҳамда ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Самарқанд конференциясида иштирок этиш учун мамлакатга келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашди.

Учрашувда ЕТТБ билан ҳамкорлик жорий ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Мирзиёев  охирги олти йилда Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли молиявий институти билан алоқалари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этди. 

Шавкат Мирзиёев ва Одиль Рено-Бассо учрашувида,  давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хўжалик соҳаларида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш, «яшил» тараққиёт, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Одиль Рено-Бассо мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолади ҳамда сермаҳсул шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Келгуси йилда Самарқанд шаҳрида банк бошқарувчилари навбатдаги йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

****

Владимир Норов мамлакатга бир қатор йирик халқаро тадбирларда иштирок этиш учун ташриф буюрган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳелга Шмид билан учрашди.

Норов ва Ҳелга Шмид учрашувида, Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик кенг кўламли масалалари кўриб чиқилди.   2021-2022 йилларда Ўзбекистонда ЕХҲТ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 2021 йил апрель ойида қабул қилинган амалий чора-тадбирлар режасини (йўл харитаси) амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Ташкилот фаолияти барча уч йўналиши бўйича турли йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ЕХҲТ делегациясини Ўзбекистон минтақавий сиёсати, Марказий Осиёни хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт минтақасига айлантириш, жаҳон иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашуви ҳақида батафсил маълумот берди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфсизлик хавф-хатарларига жавоб чораларини кучайтириш, табиий ресурслардан фойдаланиш, Орол денгизи экологик ҳалокатини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябр куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Ҳелга Шмид билан учрашганди. 

***

 

Image Caption

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувлар навбатдаги йиғилишида қатнашди.

Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувлар навбатдаги йиғилишида  Афғонистон инқирозини ҳал этиш, мамлакатга тез фурсатда инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатлар кўриб чиқилди.

Қатнашувчилар, Афғонистондаги мавжуд вазият, халқаро ҳамжамият мамлакат янги ҳукуматига нисбатан мужассамлашган позициясини ишлаб чиқиш, Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, ушбу давлатда турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида кўмак кўрсатиш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида қўшма баёнот қабул қилиниб, унда иштирокчилар Ўзбекистон томонининг БМТ шафелигида халқаро музокаралар гуруҳи тузиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади.

****

Кеча Ўзбекистон президенти мамлакатга ташриф буюрган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси Вице-президенти Жозеп Боррелни қабул қилди.

Мирзиёев ва Боррел учрашувида. пандемиядан кейинги даврда жадал иқтисодий тикланиш ва минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз,  17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда «Барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза» мавзуидаги ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференциясининг сермаҳсул якунлари юксак баҳоланди. Давлат раҳбари Европа дипломатияси раҳбарига ушбу муҳим тадбирларни қўллаб-қувватлагани ва уларда шахсан иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.

Жозеп Боррель, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини олқишлади ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари бу борада катта муваффақиятларга эришганини таъкидлади. Евроиттифоқ бундан буён ҳам минтақа давлатлари билан сиёсат, савдо, инвестиция, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳи, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.

Бундан ташқари, минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинар экан, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув сўнггида Самарқанддаги конференция якунлари бўйича қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда имзолашга келишиб олинди.