Наврўз –  абадий барҳаёт байрам (1)
(last modified Sat, 25 Mar 2023 09:30:17 GMT )
март 25, 2023 14:30 Asia/Tashkent
  • Наврўз –  абадий барҳаёт маросим (1)
    Наврўз –  абадий барҳаёт маросим (1)

Эрон қавмларининг аждодий байрами бўлган Наврўз жуда қадимий тарихга эга.

Наврўз - бу барча тарихий юксалиш ва муваффақиятсизликларга қарамай сақланиб қолган ва турли дин ва ирқдаги эронликларнинг қалбида ардоқланиб келинадиган байрамдир. Айтишларича, Наврўз эронликларнинг минг йиллар олдинги эътиқодларига бориб тақалади.  Бу байрам афсона ва эртаклар билан уйғунлашиб кетган.

Наврўзнинг келиб чиқиши тўғрисида турли хил ривоятлар мавжуд, аммо аниғи шулким, Наврўз фаслларнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлган байрамдир. Илгари,  Эроннинг тақвими ойга асосланган эди ва бу байрамларни ўтказишда ҳам муаммоларни келтириб чиқарарди. Салжуқий Маликшоҳ давридан Эрон тақвимининг ўзгариши билан Наврўз ҳар доим баҳор фаслига тўғри келадиган бӯлди. Илгари, фасллар узунлиги тенг бўлмаган ва фасллар давомийлигини ӯлчашнинг бир неча тури  турфа китобларда тилга олинган. Қадимги эронликлар йилни тенг бўлмаган олтита қисмга ажратишган ва ҳар бир қисмнинг бошида  Аҳура Мазда  коинотнинг прототипларидан бирини, жумладан осмон, сув, ер, ўсимлик, фойдали чорва ва одамни яратишга киришган деб ҳисоблашган! Улар бир йил давомида Аҳура Мазда  буни олти маротаба тенг бўлмаган вақт оралиғида бажарди ва бу яратилиш, ўз навбатида, қадимий Эроннинг Гаҳанбарлар деб номланган байрамлари учун сабаб бўлди, деб ишонишган. Ушбу байрамларда одамлар Аҳура Маздани мақтаб, унинг яхши ишлари ва ижодлари учун миннатдорчилик билдиришар,  ҳар бир байрам вақти  5 кунни ташкил қиларди. (Эслатиб ўтамиз, Гаҳанбар Эронда маънавий мерос сифатида рўйхатга олинган).

Эрон афсоналарида Наврўз буюк Яратувчи учун яратилишнинг энг севимли жонзоти бўлган инсон яратилишининг йиллиги ҳисобланади ва шу муносабат билан бу байрам жуда улуғвор байрамдир.

 

Наврўзни нишонлашни шоҳ Жамшид даври билан боғлайдиган кўплаб афсоналар ҳам мавжуд. Пешдодийлар даври  подшоҳларидан бири бўлган Жамшид Эрон мифологиясида,  Наврўзда  шоҳлик тахтига ӯтирган, Наврузда  динини янгилаган дейишади. Пешдодий шоҳлари форс мифологиясида ва Фирдавсийнинг "Шоҳнома" сида шоҳларнинг биринчи сулоласидирлар.

Бошқа ривоятда шундай дейилган; Аҳриман баракани одамлар орасидан кӯтарган эди. Шу сабабли одамлар еб-ичишдан тўймасдилар. У шамолни эсишдан тӯхтатди.  Барча дарахтлар қуриб, дунёнинг ҳалок бўлишига оз қолди. Худонинг буйруғи билан Жам Аҳриман ва унинг издошлари жойига шошилиб, улар билан жанг қилиб, бу бахтсизликларга чек қўйди.

 У дунёга қайтгач, бу ғалаба неъматидан қуёш каби порлар, нур таратарди. Ажабланган одамлар ҳайратини яширолмай “Янги кун--Наврўз " деб бақиришди !!!

Наврўз ва Жамшид ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўплаб афсоналар мавжуд, биз улардан иккитасини айтиб ўтдик.

Дастур бошида айтганимиздек, Наврўз икки минг беш юз йилдан зиёд вақт давомида Эрон хонадонларида яшаб келаётган ва одамлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган доимий маросимдир.

Аҳмонийлар ва Парфия даврларидаги Наврўз маросимлари тафсилотлари ҳақида маълумотлар жуда кам. Фақат баъзи ривоятлар ва тарихий ҳужжатлар Наврўз Аҳмонийлар даврида нишонланганлигидан далолат беради. Ривоят қилинишича,  Кир Бобилни забт этгач, Навруз тантаналарида ўғли Камбиз 11 ни Месопотамия қироли деб эълон қилди. Персеполиснинг муҳташам биноси ҳам ҳар йили Наврўзни нишонлаш макони бўлганга ўхшайди. Аҳамонийлар ҳукмронлиги остидаги барча мамлакатларнинг халқлари навруз куни совғаларини шоҳга тортиқ қилиш учун у ерда тўпланишган. Улар бинонинг муҳташам зинапояларидан кӯтарилиб, сарой дарвозаларидан ва  нақшинкор йӯлаклар бўйлаб  "юз устун" саройига киришарди. Шер ва ҳӯккиз ўртасидаги жанг тасвирланган  Персеполиснинг машҳур қабариқ расмини  баҳорги муътадилликнинг қиш совуғи устидан ғалабаси рамзи сифатида талқин қилиш мумкин. Зеро, шер қуёшнинг, ҳӯккиз эса ёмғирнинг рамзидир. Бу рамз Эронда ҳар йили фасллар ўзгариши билан боғлиқ бўлган бир байрам бўлган деган фикрни рағбатлантиради.  Бу байрам эса Навруздир!

 

Барча афсоналар ва тарихий ривоятлар Наврўзнинг янгиланиш ва ўзгаришлар рамзи бўлиб, табиат айланиши билан боғлиқ эканлигидан далолат беради. Баҳорги тенглашиш билан (март ойидаги кеча-кундузнинг тенглиги) бошланадиган ва яшариш, кӯкариш ва мусаффолик келтирадиган байрам!

Баҳорги тенгкунлик - бу ернинг ҳар йили содир бўладиган иккита тенгкунликларидан биридир. Иккинчи  тенглашиш – сентябрда кеча-кундузнинг тенглашиши.

Асрлар  давомида сиёсат ва ижтимоий шароит ўзгаришига қарамай  мустаҳкамланиб келаётган Навруз байрами  кўприк сингари эронликларни ўзининг бой маданияти ва тарихи билан боғлаб турди. Наврўзда турли миллат, ирқ ва эътиқодга мансуб барча эронликлар ушбу миллий байрам ва маросимни нишонлаш учун бирлашадилар. Наврўз одамлар ва табиат учун янгиланиш айёмини ваъда қилади.