ноябр 07, 2023 18:06 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 29 октябрь-5 ноябрь кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • Ўзбекистон ва Афғонистон 1,2 млрд долларлик экспорт-импорт шартномалари имзолади

 

  • Ўзбекистон президенти Фаластин мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашишини маълум қилди

 

  • ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт форумида халқаро колидорларни ташкил қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди

 

  • Ўзбекистон ва Франция етакчилари музокара ўтказди

 

  • АҚШ Ўзбекистоннинг Mvizion компаниясига қарши санкциялар жорий қилди

 

  • Ўзбекистон президенти: Фаластин халқи мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга

 

**

 

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги мамлакат делегациясининг Афғонистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари ва Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар ўртасида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат инвестициялар, саноат ва савдо, қишлоқ, сув хўжалиги, тоғ-кон саноати ва геология, энергетика ҳамда транспорт вазирлари иштирок этди.

Афғонистон ва Ўзбекистонда иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги ва улардан фойдаланиш эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробарга кўпайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Афғонистонлик инвесторлар, ишбилармон доиралар вакиллари ва юк ташиш автомобиллари ҳайдовчиларига виза расмийлаштириш бўйича янги механизм яратилаётгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирилди.

Ўз навбатида, Жамшид Хўжаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 3 миллиард долларга етказиш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилганини таъкидлади.

Ўзбекистон томони Афғонистонда транспорт/транзит ва электр таъминоти бўйича кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини оширишга тайёрлиги яна бир бор таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Афғонистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш маълум қилинди.

Ташриф якунлари бўйича 1 миллиард 185 миллион доллар миқдоридаги экспорт/импорт келишувларига эришилди.

***

Мирзиёев

 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фаластиннинг мустақил давлат барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди деб айтди.

Ўзбекистон президентига кўра, Исроил армияси ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда. Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда деб хабар қилган Спутник сайти..

“Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим. Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз", - деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келишини таъкидлади.Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин.

"Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз", - деди Ўзбекистон раҳбари.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Тошкент шаҳрида Фаластинни ҳимоя қилиш мақсадида норозилик намойишлар ўтказмоқчи бўлган 100 нафар фуқарони қўлга олган.

**

Кеча, 1 ноябрь куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг биринчи транспорт форуми иш бошлади.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган ШҲТга аъзо давлатларнинг Транспорт форуми доирасида ҳужжатлар имзолаш ва алмашиш маросимлари бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Россия транспорт вазири ўринбосари Дмитрий Зверев ва Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев ўртасида “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” халқаро транспорт йўлагини яратиш ва ривожлантириш бўйича англашув меморандуми алмашилди.

Шунингдек, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Россия транспорт вазири ўринбосари Дмитрий Зверев ва Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев “Россия – Каспий денгизи – Туркманистон – Ўзбекистон – Қирғизистон” халқаро мультимодал транспорт коридорини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Centrum Solutions МЧЖ ва Global Ports Services ўртасида ўзаро англашув меморандумини эса Centrum Holding асосчиси ва бош директори Абдулазиз Абдураҳмонов ва PSA International компаниясининг Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бўйича минтақавий раҳбари Майк Фармосо имзолади.

**

Макрон ва Мрзиёев

 

Франция раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэл Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Етакчилар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди.

Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони каррасига ошгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан ошди.

Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.

«Яшил» энергетика, хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳаларда янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.

Сиёсий мулоқотни давом эттириш, хавфсизлик, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция олий таълим муассасасини очишни тезлаштириш ҳамда француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

**

АҚШ «Россия армияси учун учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш ва яратиш каби фаолият билан шуғулланган» 13 та компанияга нисбатан санкциялар эълон қилди. Улар орасида Ўзбекистондан Mvizion компанияси ҳам бор.

Газета.уз сайтига кўра, АҚШ Савдо вазирлиги Россия ҳарбий саноати билан алоқадор 13 та компанияга нисбатан экспорт чекловларини жорий этди. Улар орасида Ўзбекистондан ҳам битта компания бор.

Саноат ва хавфсизлик бюроси маълумотларига кўра, компаниялар Россия армияси учун учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш ва яратиш каби «миллий хавфсизлик ва АҚШ ташқи сиёсати манфаатларига зид» фаолият билан шуғулланган. Улар экспорт назорати (Entity List)нинг махсус рўйхатига киритилган.

Mvizion ҳақида

Бошқа компаниялар қаторида Тошкентдаги Mvizion компанияси ҳам чекловларга дучор бўлган. Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри хабарига асосан, у 2022 йил июнь ойида ташкил этилган бўлиб, «электрон ва телекоммуникацион ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси» билан шуғулланади.

**

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонада ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида Фаластин-Исроил муаммосининг ягона ва энг адолатли ечими – низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир деб айтди.

Спутник сайтига кўра, “Бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда. Айниқса Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Исроил–Фаластин муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир”, - деди Мирзиёев.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Фаластин халқи БМТ Резолюцияларида белгиланганидек мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга.

“Биз ташкилотимиз доирасида бу борада якдил ва қатъий позицияни бугун дунёга эълон қилишимиз зарур”, - деди президент.

Мирзиёев шунингдек, минтақага барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон кераклигини таъкидлади.

«Минг йиллар давомида тарихи ва тақдири туркий элатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпмиллатли Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақамизда стратегик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий шартидир. Бироқ дунёнинг бошқа нуқталарида низо ва урушлар авж олаётган ҳозирги шароитда ушбу муаммо халқаро ҳамжамият эътиборидан тобора четда қолмоқда.

Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз.

Бизга минтақавий шериклик ва барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон керак.

Биз илгари сураётган Трансафғон темир йўлини барпо этиш ташаббуси айнан мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Ўзбекистон афғон халқига бундан буён ҳам зарур ёрдамни бериб боради. Термиздаги логистика хаби орқали гуманитар кўмак кўрсатишни, таълим марказида эса афғон фуқароларини ўқитишни фаол давом эттирамиз», деди Ўзбекистон раҳбари. деб хабар қилган Кун сайти.

Эслатиб ўтамиз, кеча  Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев  Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Остонага бордиАэропортда давлат раҳбарини Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов кутиб олди.

Ёрлиқ