Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 2 -9 декабрь ноябрь кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
- Ўзбекистон ва БАА президентлари учрашиб мулоқот қилдилар
- Тошкентда “Салимбой” - Салим Абдувалиев қўлга олинди
- Ўзбекистон Сенат раиси Танзила Норбоева БАА федерал миллий кенгаши раиси билан учрашди
- Бахтиёр Саидов Эрон Ислом Республикаси, Бангладеш, Индонезия, Малайзия ва Покистон элчиларини қабул қилди
-
Ўзбекистон-Қирғизистон фонди доирасида 11 та истиқболли бизнес лойиҳаси молиялаштирилди
-
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциянинг йиллиги муносабати билан 334 кишини афв этди
-
Мирзиёев ўзбекистонликларни Конституция куни билан табриклади
-
Британия Ўзбекистондаги компанияга санкция қўллади
**
иккитомонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрига ташрифи давомида 2 декабр куни Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашганини Кун сайти хабар қилди.
Хабарга кўра, амирликлар томонидан вице-президент Шайх Мансур Ол Наҳаён, бош вазир ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф Ол Наҳаён, энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, саноат ва илғор технологиялар вазири, COP28 саммити президенти Султон Аҳмад ал-Жобир ҳам қатнашди.
Ўзбекистон ва БАА етакчилари суҳбатида, иккитомонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали алоқалар барқарор ва жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 30 фоизга ошди, қўшма корхоналар сони ва тўғридан-тўғри авиақатновлар миқдори кўпаймоқда. Икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард долларни ташкил этяпти.
Фаол мулоқотни давом эттириш ва бўлажак олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳим экани таъкидланди.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уни кенг кўламли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишдан манфаатдорлик билдирилди.
***
Тошкентда “кўча жиноий гуруҳлари ва жиноий дунёнинг ўнлаб вакиллари” қўлга олинмоқда.
Аввалроқ Қалампир сайти Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйида қўлга олинди деб хабар қилганди.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ Тошкент шаҳрида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганини маълум қилганди. Унда “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев қўлга олинган.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”) билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда.
Кун сайти ҳам, Куни-кеча Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Тошкент шаҳрида “Бахти Ташкентский” ва “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган шахсларни, шунингдек Фарғонада ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродовни қўлга олган эди. Бу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган.
**
Танзила Норбоева БАА федерал миллий кенгаши раиси билан мулоқот қилди.
Танзила Норбоева БААга амалий ташрифи доирасида Дубай шаҳрида ушбу мамлакатнинг федерал миллий кенгаши раиси Сақр Ғобаш билан музокара ўтказди.
Кун сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва БАА муносабатларининг кенг доираси, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Кейинги йилларда мамлакатлар ўртасида иқтисодий йўналишдаги ҳамкорлик кенгайиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. Ўзбекистонда фаолият юритаётган БАА сармоялари иштирокидаги корхоналар сони 5 йилда 2,5 баробарга ошди.
Инвестиция лойиҳалари портфели кенгайиб, «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм инфратузилмаси каби йўналишларни қамраб олган.
«Муносабатларимизнинг бугунги суръатидан келиб чиқиб, парламентлараро алоқаларни кучайтириш, олий даражада эришилган келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ва парламент назорати доирасида уларнинг ижросини таъминлашга кўмаклашиш юзасидан фикр алмашдик.
Сақр Ғобаш жаноблари юртимизда етишиб чиққан буюк алломалар меросига қизиқиши катта эканлигини, келаси йили Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди. Ушбу ташриф доирасида ҳамкорликка оид тегишли ҳужжатларни имзолашга келишиб олдик», деб ёзади Танзила Норбоева.
**
Тошкентда Эрон, Бангладеш, Индонезия, Малайзия ва Покистон элчиларининг Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Эрон Ислом Республикасининг янги элчиси Муҳаммадали Искандарий, Бангладеш элчиси, Индонезия элчиси, Малайзия элчиси ва Покистоннинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов билан учрашганида қўшма лойиҳалар ижроси юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда шунингдек Ўзбекистон республикасининг мазкур мамлакатларнинг ҳар бири билан таълим ва савдо соҳаларида ҳамкорлигида фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги ҳам таъкидланди.
Бундан ташқари яқин келажакда ҳукуматлараро алоқаларни истиқболли қўшма лойиҳалар билан бойитиш зарурлиги ҳам таъкидланди.
**
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Президент .уз сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари мулоқотида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Мирзиёев ва Жапаров мустаҳкам дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларига асосланган Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари бугун юқори суръатда ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Турли даражаларда фаол мулоқотлар ва самарали алмашинувлар давом этмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда. Машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон-Қирғизистон фондининг фаолияти доирасида 11 та истиқболли бизнес лойиҳаси молиялаштирилди.
Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
**
Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади
Ўзбекистон президенти матбуот котибига таяниб, Спрутник сайтининг зхабар қилишича, Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 334 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 34 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 249 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 45 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 23 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ҳамда 88 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
**
Ўзбекистон президенти аҳолини Конституция куни билан табриклади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. <...> Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. <...> Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!", - дейилган.
Спутник сайтининг хабар қилишича Мирзиёев табрик сўзида Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигинининг кафолати бўлиб хизмат қилишини урғулаган.
Ундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг беш устуни — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилган.
**
Британия ҳукумати «Россия ҳарбий техникалари»ни етказиб бериш ва молиялашда гумон қилинган шахслар ва компанияларга қарши янги санкциялар пакетини маълум қилди.
Газета сайтининг хабар қилишича, санкция рўйхатига Россия учун қурол ишлаб чиқариш ёки мудофаа маҳсулотларини импорт қилиш билан боғлиқ 46 нафар жисмоний ва юридик шахс киритилган. Улар орасида хорижий давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан 30 га яқин корхона бор /рўйхат/.
«Бугунги чора-тадбирлар [Россия президенти Владимир] Путинни ўз армиясини Беларус, Хитой, Сербия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистондаги учинчи томон таъминот занжирлари орқали жиҳозлаш имкониятидан маҳрум қилади», — дейилади хабарда.
Хусусан, «Россияга эҳтиёт қисмларни олиб киришда воситачи бўлган» Ўзбекистоннинг Mvizion компанияси чекловларга дучор бўлган.
Бундан ташқари, Лондон БААдаги тўртта кема операторига нисбатан «шаффоф бўлмаган корпоратив тузилмалар ва Россия нефтининг тўсиқсиз савдосига кўмаклашишда берган ёрдами» учун санкция киритди. Ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб Европа Иттифоқи ва G7 мамлакатлари даражасида ушбу операторларга бир баррель учун 60 долларлик нарх чегараси жорий этилган.
Ноябрь ойида Mvizion АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган эди. АҚШ Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, бу Россия қуролли кучлари учун дронларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реэстрига кўра Мвизион 2022 йил 14 июнда 1 миллион сўм устав капитали билан рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури «электрон, телекоммуникация ускуналари ва уларга эҳтиёт қисмлар улгуржи савдоси».
Игор Николаевич Иэвлев ягона асосчи ва директор сифатида кўрсатилган.