Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 30 декабрь -6 январь кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
Шавкат Мирзиёев: 2024 йилни "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилидир
- "Forbes" журнали: Ўзбекистон 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлардир
-
Ўзбекистонда заргарлик фабрикаси очилади
- 2023-йилда Ўзбекистонда инфляция 8,77 фоизни ташкил этди
-
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада ривожлантиришга урғу берди
-
Афғонистон ўзбекистонлик миллий ташувчиларига ўрнатилган чекловни бекор қилди
- Шавкат Мирзиёев Эрон президенти ва халқига ҳамдардлик билдирди
***
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида 2024 йил Ўзбекистонда "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон президенти “Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир. Шу мақсадда 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилдик”, - деди.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, янги йилда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратиш янада кучайтирилади. Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
**
Машҳур "Forbes" журнали Ўзбекистон 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши йўналишлар рўйхатига киритди
Дунё сайтига кўра, "Forbes" молиявий-иқтисодий журнали ўз ўқувчиларига Ўзбекистонни 2024 йилда ташриф буюриш учун энг яхши жойлардан бири сифатида қайд этиб, республикага саёҳат қилишни тавсия этмоқда.
Форбес мақоласида дунёдаги етакчи "Lonely Planet" сайёҳлик нашри вице-президенти Том Холлнинг қуйидаги сўзлари иқтибос ўрнида келтирилган:
"Ўзбекистонда Ипак йўлининг энг яхши сақланиб қолган тарихий обидаларини, шунингдек, ажойиб тоғлар ва истиқболли пойтахти Тошкентни кўришингиз мумкин".
Мақолада мамлакат ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай ва арзон поезд хизматлари йўлга қўйилгани маълум қилинган.
"АҚШдан Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар учун Нью-Йорк шаҳридан ҳафтасига бир нечта тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилган. Шунингдек, Сеул ва Истанбул орқали ҳам бориш ҳам сайёҳлар учун қулайликлар яратади", дейилади нашр мақоласида.
***
Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳокмии иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур лойиҳа масаласи юзасидан фикр алмашилди.
Бу проектнинг умумий қиймати 10 миллион долларга баҳоланган. Заргарлик фабрика кумуш тақинчоқларини ҳам ички бозор ҳам экспорт учун ишлаб чиқаради.
Бундан ташқари бу корхонада илмий -тадқиқот бўлими касб- ҳунар таълими маркази ташкил этилиши кутилмоқда. Корхона маҳсулотларини Европа ва АҚШга экспорт қилиш ҳам мамлакат ички бозорида сотиш режалаштирилган.
Шунингдек икки ой муддатда ҳудуддаги бўш турган мажмуаларда вақтинча ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш қарор қилинди.
***
Ўзбекистон Статистика агентлиги 31 декабрдаги ҳисоботида мамлакатда 2023 йил давомидаги инфляция 8,77 фоизни ташкил эт
Хабарга кўра бу 2016 йил август ойидан кейинги даврдаги энг паст расмий инфляция кўрсаткичи.
Ўзбекистон статистик агентликига таяниб Спутник сайтининг хабарига кўра, декабр ойида истеъмол секторидаги нархлар ўртача 1,2 фоизга ошган.
2023 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари 9,7 фоизга, ноозиқ-овқатлар 7,7 фоизга, хизматлар 8,7 фоизга қимматлашган.
Йил давомида озиқ-овқатлардан гўшт маҳсулотлари нархи 9,1 фоизга, балиқ ва денгиз маҳсулотлари 7,7 фоизга, сут ва сут маҳсулотлари, шунингдек, тухум 11,2 фоизга, мевалар ва ёнғоқлар 37,1 фоизга, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар 9 фоизга, спиртсиз ичимликлар 5,9 фоизга ошган. Ёғлар ва мойлар 9,7 фоизга, сабзавотлар 1,4 фоизга арзонлашган.
Алоҳида маҳсулот турларига қаралса, 2022 йилнинг декабрига нисбатан гуруч ва гуруч оқшоғи 38,7 фоиз, хом, янги соғилган сут 13,3 фоиз, тухум 11,7 фоиз, шакар 11,0 фоиз, мол гўшти 9,3 фоиз, қўй гўшти ҳам 9,3 фоизга қимматлашган. Буғдой уни 1,1 фоизга арзонлашган бўлса, кунгабоқар ёғининг нархи 17,8 фоизга тушган.
2023 йилда энг кўп қимматлаган мева-сабзавотлар – анор (+203,3 фоиз), лимон (+128,9 фоиз), помидор (+40,2 фоиз), банан (+12,7 фоиз), мандарин (+10,9 фоиз), бодринг (+6,7) ва карам (+6,7 фоиз) бўлган.
Бақлажон (–44,3 фоиз), булғор қалампири (–43,2 фоиз), пиёз (–40,7 фоиз), сабзи (–15,5 фоиз) ва картошка (–14,7 фоиз) йил давомида сезиларли арзонлашгани кузатилган.
2023 йилда таълим соҳасидаги хизматлар 2,5 фоизга, кийим ва пойабзал нархлари 6,2 фоизга, турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари 6,4 фоизга, соғлиқни сақлаш гуруҳидаги нархлар 9,7 фоизга, дам олиш, спорт ва маданият гуруҳида 10,1 фоизга, транспорт соҳасида 15,1 фоизга, ресторан ва меҳмонхона хизматлари 19,6 фоизга ошган; ахборот ва алоқа йўналишидаги нархлар 0,2 фоизга тушгани қайд этилган.
Хусусан, совуқ сув ва канализация хизматлари 65 фоизга, чиқиндиларни олиб кетиш учун тўлов 12,9 фоизга, электр энергияси учун тўлов 2,2 фоизга, иссиқ сув таъминоти учун тўлов 1,1 фоизга кўтарилган.
Ўртача нархлар дори воситаларида 10,6 фоизга, стоматология хизматларида 13,5 фоизга, тиббий лаборатория хизматларида 6,8 фоизга, диагностика визуализацияси хизматларида 11,9 фоизга ошган.
2023 йилда бензин 19,1 фоизга, пропан 29,4 фоизга, метан 22,4 фоизга қимматлашган.
Такси хизматлари нархи 13,2 фоизга, темирйўл хизматлари нархи 32,4 фоизга, ҳаво транспорти 20,7 фоизга кўтарилган.
Сўнгги 12 ойда давлат боғчалари учун тўловлар 2,8 фоизга арзонлашиб, хусусий боғчаларда 3,3 фоизга қимматлашгани, нодавлат олийгоҳларда контракт қийматлари 1 фоизга ошгани, репетитор хизматлари нархи 10,3 фоизга кўтарилгани кузатилган. Сартарошхона хизматлари 17 фоизга қимматлашган.
Статистика агентлиги инфляция кўрсаткичини аниқлаш учун 170 турдаги озиқ-овқатлар, 250 турдаги ноозиқ-овқатлар, 90 турдаги пулли хизматлар нархларини кузатиб боради. Нархларни рўйхатга олиш ишлари ҳар ойнинг 10-санасидан 20-санасигача амалга оширилади.
Ҳар бир товарнинг йиғма кўрсаткич ўсиш суръатига таъсири ва улуши товарнинг нарх ўзгаришлари ҳамда унинг истеъмол харажатлари тузилмасидаги салмоқ вазнини инобатга олган ҳолда аниқланади.
Шунга кўра, йиллик 8,8 фоизлик инфляция кўрсаткичига энг катта оширувчи таъсир кўрсатган маҳсулотлар – гуруч, мол гўшти, узум, анор ва метан бўлган. Инфляцияга энг кўп пасайтирувчи таъсирга эга бўлган маҳсулотлар қаторида эса пиёз, кунгабоқар ёғи, пахта ёғи, картошка ва сабзи кўрсатилган.
***
Шавкат Мирзиёев раислигида 2 январ куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда Ўзбекистонда айрим турдаги қурол-яроғ ишлаб чиқаришни маҳалллийлаштириш бошландиган.
Хабарга биноан, мудофаа саноати мажмуаси корхоналари фаол ривожлантирилмоқда, айрим турдаги қурол-яроғ ва техника турларини ишлаб чиқариш ва модернизация қилишни маҳаллийлаштириш бошланган.
Кун сайтининг хабар қилишича, қўшинларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги, бошқарув органлари, бирлашмалар, қўшилма ва қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича бажарилган ишлар юзасидан мудофаа вазирининг ҳисоботи тингланди.
Ҳисобот даврида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тайёрлаш мақсадида маҳаллаларда 24 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди, «Жасорат мактаблари»даги ўқув йиғинларига 5 минг нафардан зиёд ёшлар жалб қилинди. Жами 580 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилди, уларда Ўзбекистон Қуролли Кучларнинг 35 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари иштирок этди.
Йиғилишда миллий армияни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк билан таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуасини такомиллаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
14 январ куни нишонланадиган Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирларини юксак савияда тайёрлаш ва ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари томонидан Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини юксалтириш бўйича қатор топшириқлар берилди.
***
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Махкамов Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Ҳамидулло Охунзода бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказган эди.
Аниқ сайтининг хабар қилишича Ўзбекистон ва Толибон вакиллари учрашувда томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида,
- автомобиль ташувларида ундириладиган йиғим ва тўловларни паритет асосида ундирилишини таъминлаш;
- Афғонистон ҳудуди орқали транзит ҳамда икки томонлама ташувларни ривожлантириш;
- темир йўл ташувларидаги тариф ставкаларига имтиёзлар тақдим этиш;
- «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» темир йўл қурилиши лойиҳасини жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишди.
Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Афғонистон транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Ҳамидулло Охунзода бошчилигидаги делегация вакиллари билан ўтказган учрашув якунлари бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, ўзбек миллий ташувчилари учун транзит ва Афғонистоннинг бошқа ҳудудларига ташувлар жараёнида ўрнатилган чеклов бекор қилинди.
2024 йилдан бошлаб томонлар халқаро автомобиль ташувларида ундириладиган йиғим ва тўловларни паритет асосида ўрнатиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.
**
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий мактубида Эроннинг Кирмон шаҳрида содир бўлган теракт муносабати билан Эрон ҳукумати ва халқига ҳамдардлик билдирди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев ушбу тасаллият мактубида Кирмондаги даҳшатли террорчилик ҳодиса чоғида кўп сонли эронликларнинг шаҳид бўлгани ва жароҳатлангани ҳақидаги хабар қалбимизни қайғу ва таассуфга тўлдирди. Ушбу қайғули дамларда сиз Жаноби олийларига ҳамда қардош ва дўст Эрон халқига чуқур ҳамдардлик ва тасаллият изҳор этаман деб қўшимча қилинган.
Ўзбекистон президенти мактубида шунингдек шаҳид бўлганларнинг оила аъзолари ва барча яқинларига ҳамдардлик билдираман, жароҳатланганлариниг тезроқ соғайиб кетишини тилайман деб келтирилган.