Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 6-13 январь кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
2024 йил бошидан бери Туркияда халқаро қидирувда бўлган 8 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди
- Самарқандда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликларни кенгайтириш бўйича протокол имзоланди
- Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра сафарларини янада яхшилаш қарорига келган
- Ўзбекистонда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарга етди
- Ўзбекистон паспорт индексида 128-ўрин
-
Ўзбекистон ТИВ да Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари учрашув бўлиб ўтди
-
Россиянинг Пенза вилоятидагит ЙТҲда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар жасадлари Ўзбекистонга қайтарилади
- Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди
**
Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида халқаро қидирувда бўлган 8 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига таяниб Аниқ сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида 2024 йил бошидан бери 8 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.
Ўзбекистон консулхонаси қўлга олинганларнинг исм-фамилияларидаги бош ҳарфларни келтирди, улар уюшган жиноий гуруҳлар, гиёҳванд моддалар контрабандаси, талончилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этиб, халқаро қидирувда бўлган.
Хабарга кўра, Уларнинг ичида ОАВда хабар қилинган Ўзбекистон фуқароси Н.М. ҳам бўлиб, халқаро одам савдоси жинояти доирасида Туркиянинг Чанаккале вилояти ҳудудида қўлга олинган, дейилади хабарда.
Идора ҳар бир ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.
Бош консулхона, ўз навбатида, жиноятчиларга жазо муқаррар эканини эслатиб, фуқаролардан қонунларга амал қилишни, фирибгарларга алданмасликни ва ўзларини эҳтиёт қилишларини сўради.
***
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон савдо вазирлари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликларини янада кенгайтириш бўйича махсус протокол имзоладилар.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтнинг минтақа ОАВларига таяниб хабар қилишича, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Қозоғистон Савдо ва интеграциялар вазири Арман Шақалиев учашиб мулоқот қилдилар.
Лазиз Қудратов ва Арман Шақалиев учрашувида Қозоғистон президенти Жомарт Токаевнинг 2022-йил декабрь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган "йўл харитаси" доираисдаги келишувларни амалга ошириш босқичлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишни кун тартибига қўйишди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон савдо вазирлари музокаралар доирасида, Самарқандда икки мамлакат ўртасида 4-чи минтақавий ҳамкорлик форумини ўтказиши ҳам алоҳида таъкидланди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари учрашуви якунида, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича протокол имзоланди.
Эслатиб ўтамиз 2022-йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етди, бу эса ўтган йилига нисбатан 29,8 фоизга кўп эди. /2021 -йилда 3,8 миллирад доллар.
***
Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ва Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда "Ҳаж – 2024" мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари кўриб чиқишди.
Кун сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони расмийлари учрашувида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик равнақ топаётгани, ҳаж ва умра қилувчилар сони кескин ошаётгани, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Муқаддас масжид ходими, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиққани алоҳида қайд этилди.
Ҳаж ва умра вазири сўнгги йилларда Ўзбекистон энг яхши натижаларга эришаётгани ва жадал тараққий этаётганини таъкидлаш баробарида аввалги йилдаги Ўзбекистон заминига ташрифи бир умр ёдида қолганини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон делегация Ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларни тақдим этдилар.
Мулоқот якунида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида муборак сафарларни янада яхшилаш юзасидан келишув имзоланди.
**
Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қалампир сайтининг хабар иқлишича, Ўзбекистон расмий статистикаси, мамлакатда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилади. Билдирилишича, бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келишидан даолат бермоқда.
сифатли ва юқори даромадли иш ўринлари ҳисобига жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Жумладан, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор.
Таъкидланишича, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда мутасаддилар 2024 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури бўйича ахборот берган. Шавкат Мирзиёев бу дастурни маъқуллаб, уни амалга ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берган.
Шунингдек, сўнгги йилларда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилгани таъкидланиб, энди уларнинг фаолиятини кенгайтириш, босқичма-босқич кичик бизнесга ўтказиш ва бозор топишига кўмаклашиш муҳимлиги айтилган. “Менинг бизнесим” платформаси, “Бизнесга биринчи қадам” банк карталари жорий этилиши бунинг учун қулайлик яратгани қайд этилган.
Бундан ташқари, иқтисодий айланмага киритилмаган ерларни инфратузилмага улаш, лойиҳаларни ишга тушириш учун ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланган. “Агрегатор” тизими асосида “100 минг экспортчи деҳқон” дастури жорий қилиниб, бу йил 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши белгиланган.
Бу йил 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган деб хаба қилган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
***
Ўзбекистон Республикаси паспорти 31 давлатга визасиз саёҳат қилиш имконини беради.
Кун сайтининг хабар қилишича, VisaGuide.World ахборот портали 2024 йил январ ҳолатига кўра паспорт индексини (VisaGuide Passport Index) эълон қилди, унда Ўзбекистон 128-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон паспорти мамлакат фуқароларига 31 давлатга визасиз саёҳат қилиш имконини беради, 19 давлат ўзбекистонликларга электрон виза ва 32 давлат келганида визалар беради. Ўзбекистон паспорти эгалари 144 давлатга кириш учун саёҳат қилишдан олдин виза олиши керак.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон паспорт энг яхши кўрсаткичга эга — 110-ўрин. Қирғизистон паспорти 132-ўрин, Тожикистон паспорти 140-ўрин ва Туркманистон паспорти 167-ўринда қайд этилган.
2023 йилги рейтингнинг мутлақ етакчиси Испания паспорти бўлди. Иккинчи ўринда Германия паспорти. Кучли бешликни Сингапур, Италия ва Франция паспортлари якунлайди.
Рейтингнинг сўнгги ўринларини Ироқ, Покистон, Сурия, Афғонистон, Сомали каби давлатларнинг паспорти эгаллаган.
***
Кеча Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Лео Докерти билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Лео Докерти билан
Аниқ сайтининг хабар иқлишича, Ўзбекистон ва Британия ТИВ раҳбарлари ўринбосарлари, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон- Британия мулоқотининг ҳолати ва истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар ҳамда бўлажак қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилдилар.
**
Россиянинг Пенза вилоятида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадини олиб келиш учун махсус борт Россияга учганини Ўзбекистон ФВВ ахборот хизмати маълум қилди.
Россия Федерациясининг Пенза вилоятида содир бўлган ЙТҲ оқибатида вафот этган ва жабрланганларни ватанимизга олиб келиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида махсус самолёт бугун, 12 январь куни соат 11:20 да Россия Федерациясига учиб кетган.
Қалампир сайтининг хабар қилишича, 11 январь куни Россиянинг Пенза вилоятидаги М-5 Урал трассасида юк машинаси ва микроавтобус иштирокидаги содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам воқеа сабаб 7 нафар ўзбекистонлик вафот этганини тасдиқлади.
Ўзбекистон президенти топшириғига биноан Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида вафот этган ва жабрланган фуқароларни ватанга олиб келиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани айтилганди.
***
Тошкентда Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакат Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Спутник сайтининг Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, йиғилиш аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишларнинг натижаларини таҳлил қилди.
Шунингдек вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу йўналишдаги фаолияти танқидий кўриб чиқилди, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армияни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
“Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”, – деди Мирзиёев.
Йиғилишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолишига урғу берилди.