Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
(last modified Sat, 08 Jun 2024 11:29:34 GMT )
июн 08, 2024 16:29 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 2 -9 июн кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • Эроннинг энг кучли эркаки Ўзбекистон халқаро мусобақасида катта муваффақиятларга эришди

 

  • Ўзбекистон Бош вазири ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари мажлисида қатнашди

 

  • Мирзиёев Саудия Арабистонининг "ACWA Power" компанияси бошқаруви раисини қабул қилди

 

  • Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Туркияга борди

 

  • Мирзиёев ва Эрдоған муҳим 19 та ҳужжат -битимларни имзолади

 

  • Бахтиёр Саидов Малайзия Сенати раиси ўринбосарини қабул қилди

 

  • Танзила Нарбаева Боку шаҳрида Озарбайжон Миллий Межлиси раиси билан учрашди

 

**

 

Эроннинг энг кучли вакили -эркаки Ўзбекистон мезбонлик қилган "Пуриё Валий" халқаро мусобақасида 3 та рекордни ўзгартирди.

Эрон телерадиокомпаниясининг хабар қилишича,  "Пуриё Валий" халқаро кубоги ҳар йили Ўзбекистон томонидан  ўтказилади  ва бу мусобақада дунёнинг энг кучли эркаклари баҳсида юқори савияга эгадир. Ҳозирги Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Хивада дунёнинг 15 давлатидан машҳур спортчилар ва кучли эркаклар жам бўлишади.

Сўнгги икки йил давомида, ушбу мусобақаларда қатнашган энг кучли вакили Ризо Қийтосий  бу йил ҳам чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистонга йўл олди ва дастлабки 3 та  биринчи ўринларни касб этди.

Мусобақанинг биринчи куни якунига биноан, Эроннинг энг кучли спортчиси 90 ва 130 килограмм оғирликдаги ёғоч тўпларни кўтариб  жуфтлик баҳсларда рақибларига нисбатан 5 сониялик фарқ билан биринчи ўринни эгаллади. Паҳлавон Қийтосий шунингдек  350 килограмм  юк кўтариш мусобақаларида 8 марта такрорлашни қайд этиб энг юқори балга эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ҳижрий 7-8 асрларнинг полвони, сўфий ва шоир Пуриё Валий номи билан донг таратган  Маҳмуд Хоразмий  Эроннинг қадимий  спорт  турларида мҳим ўрин тутади ва унинг жасурлиги ва фидоийлиги ҳақидаги ҳикоялари туфайли у жуда машҳур бўлиб кетган.  У Эрон  тарихидаги  буюк полвонлардан биридир.

**

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳукумат раҳбарлари

 

Бугун Беларуснинг Несвиж шаҳрида Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам бу мажлисда иштирок этди.

Кун сайтига кўра, Арипов ўз нутқида “яшил” коридор тизимларини кенгайтириш, қўшма агросаноат кластерлари ва логистика марказларини ташкил этиш, “яшил” ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишда умумий ёндашувлар ва яқин ҳамкорликни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, ЕОИИ – Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзолигидаги минтақавий иқтисодий интеграция ташкилоти ҳисобланади. Ўзбекистон 2020 йил 11 декабрда Куба билан бирга ташкилотда кузатувчи мақомини олган. ЕОИИда, шунингдек, Молдова ҳам кузатувчи давлат ҳисобланади.

**

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, "ACWA Power" компанияси бошқаруви раисини қабул қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб Спутник сайтининг хабар қилишича, Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга янги компанияларни жалб қилиш ишларни давом эттирилади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, "ACWA Power" компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайянни қабул қилди.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони компаниялари билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, шу жумладан қўшма инвестиция лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди.

 

Давлат раҳбари "ACWA Power" билан самарали шериклик олиб борилаётганини мамнуният билан таъкидлади. Ушбу компаниянинг мамлакат энергетика тармоғини "яшил" технологиялар асосида модернизация қилишдаги етакчи ўрни қайд этилди.

"Ишбилармонлар кенгаши фаолияти доирасида Саудиядан янги компанияларни мамлакатга жалб қилиш бўйича фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди", — дейилади хабарда.

Қуйидаги лойиҳаларни жадаллаштиришга эътибор қаратилди:

аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш;

энергетика тармоғини ривожлантириш ва рақамлаштириш;

иссиқлик таъминоти тармоқларини модернизация қилиш;

чиқиндиларни қайта ишлаш;

фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш;

тиббий клиникалар очиш;

туризм марказларини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини илгари суриш.

**

Мирзиёев Туркияда кутиб олинди

 

Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга Туркияга расмий ташриф билан борди.

Туркия пойтахтининг “Эсонбуға” аэропортида давлат раҳбарини Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Кун сайтининг хабар қилишича,  бугун Ўзбекистон ва Туркия  мамлакат етакчилари раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.

Ташриф дастурига мувофиқ, илк бор икки мамлакат етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан қўшма учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

**

Мирзиёев ва Туркия

 

Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Спутнику сайтининг Ўзбекистон  президент матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Туркия етакчиси ва халқига кўрсатилаётган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, йиғилиш муборак Қурбон ҳайити арафасида ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилаётганини таъкидлади.

“Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ва шерикликнинг барча соҳаларида янада ривожланишга кучли суръат бағишлади”, – деди Мирзиёев.

Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошди. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайди.

Яқин келажакда икки томонлама савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Ўзбекистон ва Туркия  савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида саноат кооперациясини кучайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва биргаликда учинчи давлатлар бозорларига чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистон савдо ваколатхонасини очиш зарурлиги қайд этилди.

Хабарга кўра, Қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббиёт кластерларини ташкил этиш соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибаси ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишга талаб борлигига эътибор қаратилди. Олий, профессионал ва техник таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, театр фестиваллари, маданият ҳафталикларини ўтказиш, биргаликда тарихий фильмлар суратга олиш ва маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Туркия етакичлари ҳамкорликнинг барча йўналишларини чуқурлаштиришга қаратилган декларацияни қабул қилинаётгани ва икки давлат раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилганини олқишладилар.

Йиғилиш якунлари бўйича ҳукуматларга қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни тасдиқлаш топширилди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанни кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунида Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзоладилар.

икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган 19 та ҳужжат имзоланди. Жумладан:

Илмий алмашинув ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

Ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида битим;

Стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида техник кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Космик фанлар, технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Энергетик ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Кадастр масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Оила институти ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Ҳуқуқий соҳада малака ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома.

**

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов бугун мамлакатимизга ташриф билан келган Малайзия Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳамед билан учрашди.

Дунё сайтига таяниб, Аниқ ахборот сайтининг хабар қилишича, "Бугун Вазирликда Малайзия Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳамед жаноблари билан учрашишдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Телеграмм каналида. – Ўзбекистон ва Малайзия муносабатлари, хусусан, парламентлараро алоқалар ҳамиша ижобий суръатни намоён этмоқда. Шу ўринда алоқаларимизда, айниқса иқтисодий дипломатия йўналишида рўёбга чиқарилиши зарур бўлган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидладик. Шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб мавзулар юзасидан фикр алмашдик".

**

Танзила Нарбаева ва Соҳиба Ғаффарова

 

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Боку шаҳрида Озарбайжон Миллий Межлиси раиси Саҳиба Гафарова билан учрашув ўтказганини Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати хабар қилди.

Спутник сайтининг Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати га таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон ва Озарбойжон республиксининг ушбу юқори мартабали расмийлари учрашувида томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, юқори даражадаги икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш, шу жумладан, парламентларнинг савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаши масалаларига эътибор қаратилди.

2022 йилда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Тошкентда имзоланган амалий ҳаракатлар режаси, яъни “йўл харитаси” ижроси тўлиқ таъминлангани алоҳида қайд этилди.

Нарбаева ва Ғафарова учрашуви якунида парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган 2024–2025 йилларга мўлжалланган янги “Йўл харитаси” имзоланди.

Ҳужжат парламент аъзолари ўртасида ташриф алмашиш орқали ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини ривожлантиришни кўзда тутади. Шунингдек, ундан илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, экология, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби йўналишлар ҳам ўрин олган.