Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосарини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди.
Ўзбекистон раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этган қайғули кунларда Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдарлик билдиргани ва қўллаб-қувватлагани учун Британия ҳукуматига самимий миннатдорлик изҳор этди. Алан Дункан Самарқандга ташрифи чоғида Буюк Британия раҳбарияти номидан Биринчи Президентимиз қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистонда юксак қадрланади.
Ўзбекистон Буюк Британияни жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган давлат, деб билади ва сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ушбу мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, халқаро майдонда, жумладан, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратади.
Алан Дункан, ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевни Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан муборакбод этди. Буюк Британия давлатимиз раҳбари бошлаган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаши ва Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти билан Ўзбекистон – Британия ўртасидаги серқирра ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигининг барча йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.