Ўзбекистон ҳудудида чет давлатлар ҳарбий база ва объектлари жойлаштирилмайди - Президент
"Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади", - деб таъкидлади Мирзиёев
ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги йўллади. Табрик матни Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий сайтида тақдим этилган.
"Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!Қадрли юртдошлар! Шу кунларда бутун халқимиз мамлакатимиз ҳаётидаги буюк тарихий санани байрам қилмоқда. Яъни, Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.
Ана шу қутлуғ айём билан ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.Бугун, мана шу шонли байрам кунида буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасига барчамиз яна бир бор ҳурмат бажо келтирамиз. Ўтган 25 йил давомида Қуролли Кучларимизни барпо этиш йўлида қўлга киритган беқиёс ютуқларимиз азиз Юртбошимизнинг номи билан чамбарчас боғлиқ эканини чуқур миннатдорчилик билан эсга оламиз.
Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларда айнан Ислом Абдуғаниевич намоён этган принципиал позиция, сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 25 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда.