Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тожикистондан иккита наркойўлакни фош этди
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати гиёҳвандликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида Тожикистон Республикасидан иккита наркойўлак фош этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон МТРКнинг “Ўзбекистон” телеканалида хабар берилди.
Кун.ўз сайтига кўра, МХХ томонидан амалга оширилган тадбир натижасида Тожикистон фуқароси Иброҳим Ҳайдаров катта миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сотиш учун республикамизга олиб кирмоқчи эканлиги аниқланган. Бунинг учун асли тожикистонлик, ҳозирда Ўзбекистон фуқароси Ҳакимхон Ғозиев билан жиноий тил бириктирган.
Аниқланишича, Ҳайдаров кечаси давлат чегарасидан ноқонуний ўтиб, наркотик моддаларни Ғозиевга етказган. Ғозиевнинг Ургут туманидаги хонадони кўздан кечирилганда, ертўладаги яширин жойда Ҳайдаров келтирган ўнта ўрам топилган. Оғуфурушлар ашёвий далил билан қўлга олинди. Экспертиза хулосасига кўра, ўрамлардаги модда “қорадори” гиёҳвандлик воситаси бўлиб, оғирлиги 10 килограммдан ортиқни ташкил этди.
Шунингдек, яна бир тадбир МХХ гиёҳвандликка қарши бўлинмаси томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган.
Бўка туманида яшовчи Соҳибназар Маъсуров бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобиль кўздан кечирилганда, 12та брикет олиб қўйилган. Уларда 11 килограмм 316 грамм опий ва 2 килограмм гашиш бўлган.
Аниқланишича, Тожикистондан келтирилган ажал уруғини етказиш ташкилотчиси машинада бўлган яна бир киши – Бекобод туманида яшовчи, аввал наркожиноят учун судланган Дилшод Пардабоев бўлган.
Ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тергов бўлинмалари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари тергов қилинмоқда.