Россия Ўзбекистонга шакар ва ёғ маҳсулотлари экспортини бир неча баробарга оширишга тайёр
2 февраль куни Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ганиев билан ишчи учрашувни ўтказди, деб хабар қилган Россия Қишлоқ хўжалиги ахборот-хизмати. Бу ҳақда Спутник ёзмоқда.
Кун.ўз сайтига кўра, томонлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини икки томонлама ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганлар.
Хабарда айтилишича, Александр Ткачев Россия Ўзбекистонга дон, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, уруғлик картошка, шунингдек қандолатчилик маҳсулотлари етказилиши ҳажмини оширишдан манфаатдор эканлигини маълум қилган.
"Россиялик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистонга шакар ва ёғ маҳсулотлари экспортини бир неча баробарга оширишга тайёр", — деб маълум қилган Россия Қишлоқ хўжалиги вазири.
Учрашув якунида томонлар Россияга олиб кириладиган ўзбек мева-сабзавотлари фитосанитария нормаларига риоя этиши тўғрисида протоколни имзолаган.