Ўзбекистон ва Россия илмий марказлари онкология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси онкология илмий маркази ва Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА агентлиги.
Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев ва бошқалар мамлакатимизда аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими яратилгани ва соҳа босқичма-босқич такомиллаштирилаётгани инсон саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази жаҳондаги етакчи тиббий-илмий муассасалардан биридир.
Тадбирда Россия онкология илмий маркази ва Ўзбекистон Республикаси онкология илмий маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унинг доирасида онкологик касалликлар билан курашиш бўйича илмий, амалий ва услубий ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, илм-фан ютуқларини оммалаштириш, тиббий хизматни ривожлантириш бўйича қатор тадбирлар режалаштирилган.
– Ўзбекистон онкология хизматининг илмий-амалий, моддий-техник салоҳияти жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб беради, – деди Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази директори, академик Михаил Давидов. – Бугунги тадбир ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди. Илмий-амалий алоқаларни янада кенгайтириш, замонавий технологиялар юзасидан тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва тиббий таълимни такомиллаштиришга доир қатор лойиҳаларни режалаштирганмиз. Бу ишлар тиббиёт ривожи ва инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.